Экополиция ходими хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди
Мирзо Ботиров Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган.

Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 10 сентябр куни инспекторнинг жасади топилди.
Айни дамда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мирзо Ботиров табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан вафотидан сўнг тақдирланади, дейилади хабарда.
