Ўзбекистоннинг олтин захира активлари 72 млрд доллардан ошди
Август ойи давомида олтиннинг бир трой унцияси нархи 4052,20 доллардан 4602,00 долларгача кўтарилган, бу эса захиралар қийматига 7,8 миллиард долларлик ижобий таъсир кўрсатди.

2026 йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 7,8 миллиард долларга кўпайиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра рекорд даражадаги 72,13 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Захираларнинг кескин ошишига энг аввало жаҳон бозорида олтин нархининг қимматлашиши асосий омил бўлган.
Август ойи давомида олтиннинг бир трой унцияси нархи 4052,20 доллардан 4602,00 долларгача кўтарилган, бу эса захиралар қийматига 7,8 миллиард долларлик ижобий таъсир кўрсатди.
Шунингдек, олтиннинг соф ҳажми ҳам 13,8 миллион трой унциядан 14,1 миллион унциягача кўпайди. Натижада захирадаги олтиннинг умумий қиймати 64,9 миллиард доллардан ошган.
Шу билан бирга, хорижий валютадаги захира активлар миқдори камайишда давом этмоқда. Август ойида эркин конвертация қилинувчи хорижий валюта захиралари 7,65 миллиард доллардан 6,63 миллиард долларгача тушган. Бунда нақд валюта ва депозитлар ҳажми 4,86 миллиард долларни, қимматли қоғозлар эса 1,76 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Reuters агентлигининг хабар беришича, 8 сентябр куни нефт нархларининг кўтарилиши фонида олтин нархи бироз пасайди. Инвесторлар бу ҳафта АҚШ Федерал Резервининг келажакдаги фоиз ставкалари сиёсати ҳақида маълумот бериши мумкин бўлган асосий инфляция маълумотларининг эълон қилинишини кутмоқдалар.
