Лицензиялаш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Хабардор қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳақида ваколатли органларга махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар беради.

Лицензиялаш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.
Ҳукумат қарори (466-сон, 04.09.2026 й.) билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу Низом жисмоний ва юридик шахслар томонидан аниқланган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ваколатли органларга хабар бериш, уларни кўриб чиқиш ҳамда хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, хабардор қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳақида ваколатли органларга махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар беради.
Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
- содир этилган ҳуқуқбузарлик;
- ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
- ҳуқуқбузарлик содир этилган санаси ва вақти.
Хабардор қилувчи томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани юзасидан берилган хабарлар ваколатли орган томонидан 10 иш куни давомида кўриб чиқилади.
Хабардор қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ўз тасдиғини топган ҳамда берилган хабарга асосан ваколатли орган ёки суднинг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори асосида:
айбдор шахсдан жарима ундирилган тақдирда, хабардор қилувчи ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти шаклида рағбатлантирилади.
