Фарғонада ҳоким лавозимига жойлаштириш эвазига 210 минг доллар сўраган шахс ушланди
У ўзини жабрланувчига Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик суди судьясининг ёрдамчиси деб таништирган.

Фарғона вилоятида ҳоким лавозимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда фуқаро С.А. фуқаро И.Д.нинг ишончига кириб, унга ўзини Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик суди судьясининг ёрдамчиси деб таништирган. У гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали 210 000 АҚШ доллари эвазига уни Учкўприк тумани ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, келишилган пулдан 100 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
