Учтепадаги болалар ва футбол майдончаси аҳолига қайтарилади
Аҳоли бир неча йил давомида фойдаланиб келган майдончада қурилиш ишлари амалга оширилиши мўлжалланган. Фуқаролар эса Президент Халқ қабулхонасига мурожаат йўллаган.

Учтепадаги болалар ва футбол майдончаси аҳолига қайтарилади.
Учтепа тумани Қуйи Дархон маҳалласи Тақачи мавзесидаги 42-44-уйларда яшовчи фуқаролар 2014-2015 йилларда ўз маблағлари ҳисобидан 2-3-уйлар оралиғида жойлашган қаровсиз бўш ерда ҳашар йўли билан футбол ва болалар майдончаси қурган. Бир неча йиллар давомида ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар ва уларнинг фарзандлари майдончалардан фойдаланиб келган.
2026 йил март ойида ўзини Inter Express Service МЧЖ вакиллари сифатида таништирган шахслар бир неча маротаба Қуйи Дархон маҳалласига келиб, мазкур ҳудудда қурилиш ишлари режалаштирилганини билдирган.
Бундан аҳоли норози бўлиб, 2026 йил 16 март куни Президент Халқ қабулхонасига мурожаат йўллаган. Мурожаат Учтепа тумани прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, жавоб хатида 2018 йилда мазкур ер Учтепа тумани ҳокимининг 946-сонли қарорига асосан Inter Express Service МЧЖга савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини қуриш учун ажратилгани, шунингдек, Давлат кадастрлари палатаси томонидан 2025 йил 25 февралда давлат рўйхатидан ўтказилиб, МЧЖ номига расмийлаштирилгани билдирилган.
Ўрганиш жараёнида мазкур масалага батафсил ҳуқуқий баҳо берилмагани ва қуйидаги ҳолатлар тўлиқ текширилмагани сабабли, Президент Халқ қабулхонаси 17 июнь куни мурожаатни ижрога қайтарган:
-футбол ва болалар майдончаси мавжуд бўлган ҳудуд қандай асосларда бўш ер майдони сифатида баҳоланиб, тадбиркорлик субъектига ажратилган;
-ер участкаси 2018-йилда ажратилган бўлишига қарамасдан, ҳозирги күнга қадар мақсадли фойдаланилмаган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарорига кўра, Inter Express Service МЧЖнинг ушбу ер майдонига бўлган ҳуқуқи бекор қилинди.
