Тошкентда 3-синф ўқувчиси оғир ҳолатда шифохонага тушди
Яшнобод туманида жойлашган мактабнинг 3-синф ўқувчиси Т.М га юқори синф ўқувчилари томонидан таҳдид қилиниб, унинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан куч билан оғзига номаълум жисм солишган, бола уни ютиб юборган. Боланинг соғлиғи ёмонлашиб, қорин қисмида кучли оғриқ билан шифохонага ётқизилган.

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси оғир ҳолатда шифохонага тушганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани баёнот берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 2 сентябр куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган мактабнинг 3-синф ўқувчиси вояга етмаган Т.М га юқори синф ўқувчилари томонидан таҳдид қилиниб, унинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан куч билан оғзига номаълум жисм солишган, бола уни ютиб юборган.
Натижада, 5 сентябр куни Т.М нинг соғлиғи ёмонлашиб, қорин қисмида кучли оғриқ билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар текширувида ички органлар қисмида номаълум ёт жисм борлиги аниқланиб, шошилинч операция йўли орқали у олиб ташланган.
Бугунги кунда боланинг аҳволи қониқарли ҳолатда бўлиб, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши, таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминланиши нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиради, дейилади хабарда.
Жумладан, Болалар омбудсмани котибияти ходимлари вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганмоқдалар.
Бу борада қўшимча тарзда ахборот тақдим этилади.
