Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган пойтахтдаги Замонавий санъат марказининг (“CCA Tashkent”) очилиш маросимида иштирок этди.

Тошкентда Замонавий санъат марказининг (“CCA Tashkent”) очилиш маросими бўлди.

Унда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам қатнашди.


Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, концепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган. Қамровининг бу қадар кенглиги уни бутун Марказий Осиё минтақасида шу турдаги биринчи рақамли мажмуа даражасига олиб чиқмоқда.


Янги маданий кластер 1912 йилда қад ростлаган собиқ дизель электр станциясининг тарихий биносида жойлашди. Иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур “Studio KO” бюроси томонидан амалга оширилди. Эндиликда бу ерда кўргазмалар, илмий изланиш жараёнлари, маърузалар, очиқ мулоқотлар, фильм намойишлари, концерт ва перформанслар мунтазам ўтказиб борилади.

Мамлакатимизда яна бир шундай нуфузли, замонавий майдоннинг вужудга келгани алоҳида аҳамиятга эга. “CCA Tashkent” ижодкорлар, кураторлар ва халкаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ҳамда хорижий саҳналарда муносиб эътироф топишига замин яратади.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг катта саъй-ҳаракатлари натижасида рўёбга чиқди.


