Тошкентда замонавий санъат маркази ўз фаолиятини бошлайди
Бир асрдан ортиқ тарихга эга, узоқ йиллар қаровсиз қолган иншоот Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланди. Бинонинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, унга янги вазифа ва замонавий мазмун берилди.

Тошкентдаги 1912 йилда қурилган собиқ дизел электр станцияси биноси CCA Tashkent — Замонавий санъат марказига айлантирилди.
Бир асрдан ортиқ тарихга эга, узоқ йиллар қаровсиз қолган иншоот Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланди. Энг муҳими, бинонинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, унга янги вазифа ва замонавий мазмун берилди.

Франциянинг Studio KO архитектура бюроси ишлаб чиққан лойиҳада иншоотнинг ўзига хос индустриал меъморчилиги асраб қолинган. Яъни эски бино бузиб ташланиб, ўрнига янгиси қурилмади — тарихий мерос замонавий маданий маконга айлантирилди.
Марказий Осиёда муқобили бўлмаган Тошкент Замонавий санъат маркази Ўзбекистондаги биринчи давлат замонавий санъат маркази ҳисобланади.
Марказда кўргазма заллари, кутубхона, таълим ва тадқиқот майдонлари, концепт-стор ҳамда ресторан жойлашган. Бу ерда кўргазмалар, маърузалар, муҳокамалар, концертлар ва перформанслар ўтказилиб, маҳаллий рассомлар ва ёш тадқиқотчилар учун халқаро ҳамкорлик имкониятлари яратилади.

Марказнинг илк халқаро кўргазмаси — “Hikmah”. Унда 11 нафар рассомнинг билим, хотира, маданий мерос ва замонавий санъат ўртасидаги боғлиқликни талқин қилувчи асарлари намойиш этилади.
Бир пайтлар Тошкентни электр энергияси билан таъминлаган тарихий иншоот энди пойтахт маданий ҳаётига хизмат қилади. Бир асрлик бино сақлаб қолинди, аммо унинг тарихи шу ерда тўхтамади — унга янги ҳаёт берилди.
