Ўзбекистонда бир ойда салкам 72 млрд сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган
Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича 340 та маъмурий иш расмийлаштирилди.

Август ойида 71,9 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.
Ўзэнергоинспекция томонидан жорий йилнинг август ойида ўтказилган назорат тадбирларида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 321 та ҳолат аниқланди.
Унга кўра, 19,0 млн кВт⋅соат электр энергияси (40,7 млрд сўм) ва 10,0 млн метр куб табиий газ (31,2 млрд сўм) талон-торож қилиниши натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 71,9 миллиард сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 340 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
