platina.uz
Мақола

Ягона қутбсиз дунё: нега XXI аср тобора XIX аср охирига ўхшаб боряпти?

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин АҚШ тарихчилар ва сиёсатшунослар томонидан "бир қутбли лаҳза" деб аталган даврда қолди. Вашингтон улкан иқтисодий салоҳиятга, глобал иттифоқлар тармоғига ва ўз сиёсий кун тартиби атрофида тезкор равишда халқаро коалициялар шакллантириш имкониятига эга эди. Бироқ бир қутблилик доимий ҳолат эмас, балки халқаро сиёсат тарихидаги бир босқич бўлиб чиқди. 

Ягона қутбсиз дунё: нега XXI аср тобора XIX аср охирига ўхшаб боряпти?

Халқаро сиёсатда дунёнинг ягона маркази ёки қутби ҳақида баҳслашиш тобора қийинлашиб бормоқда. Совуқ уруш тугаганидан кейин шаклланган халқаро муносабатлар модели аста-секин ўзгариб кетяпти. 1990-йиллар ва 2000-йиллар бошида АҚШ халқаро кун тартибига — хавфсизлик ва иқтисодиётдан тортиб, глобал қоидаларни шакллантиришгача — таъсир кўрсатиш бўйича мисли кўрилмаган имкониятларга эга эди. Бугун эса вазият сезиларли даражада ўзгарди.

Тўғри, Вашингтон ҳамон дунёдаги энг кучли ҳарбий-сиёсий ва етакчи иқтисодий марказлардан бири бўлиб қоляпти. Бироқ айни пайтда Хитой, Ҳиндистон ва бошқа таъсир марказлари ҳам кучаймоқда. Россия иқтисодий чекловлар ва Ғарб босимига қарамай, хавфсизлик, энергетика ва минтақавий сиёсат масалаларида муҳим таъсир кучини сақлаб қолмоқда. Европа Иттифоқи стратегик мустақилликка интилишини кучайтирмоқда. Туркия эса ўз ташқи сиёсатини тобора фаолроқ амалга оширмоқда.

Натижада дунё классик маънодаги кўп қутбли тизимдан кўра, мураккаб ва парчаланган халқаро муҳитга айланмоқда. Айнан шу нуқтада тарихий ўхшашлик пайдо бўлади: замонавий халқаро тизим кўп жиҳатдан XIX аср охири — XX аср бошларидаги дунёни эслатади. Ўша даврда ҳам кучлар ўртасидаги эски мувозанат бузилиб, янги тизим ҳали шаклланиб улгурмаган эди.

Ягона марказ даврининг тугаши

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин АҚШ тарихчилар ва сиёсатшунослар томонидан «бир қутбли лаҳза» деб аталган даврда қолди. Вашингтон улкан иқтисодий салоҳиятга, глобал иттифоқлар тармоғига ва ўз сиёсий кун тартиби атрофида тезкор равишда халқаро коалициялар шакллантириш имкониятига эга эди.

Бироқ бир қутблилик доимий ҳолат эмас, балки халқаро сиёсат тарихидаги бир босқич бўлиб чиқди. Сўнгги ўн йилликларда Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодий ва технологик марказларидан бирига, шунингдек, АҚШнинг асосий рақибларидан бирига айланди. Унинг таъсири Шарқий Осиё чегараларидан анча узоққа — савдо, инвестициялар, инфратузилмавий лойиҳалар ва дипломатик ташаббуслар орқали тарқалмоқда.

Россия иқтисодий чекловлар ва Ғарб босимига қарамай, хавфсизлик, энергетика ва минтақавий сиёсат масалаларида таъсир кўрсатиш имкониятини сақлаб қоляпти. Ҳиндистон мустақил куч марказига айланиб, бир вақтнинг ўзида АҚШ, Россия, Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Глобал Жануб давлатлари билан муносабатларини ривожлантирмоқда.

Европа Иттифоқи ҳам улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Туркия эса Европа, Кавказ, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги географик мавқеидан фойдаланиб, ўз таъсирини кенгайтиришга интилмоқда. Шундай қилиб, дунё манфаатлар бир-бири билан кесишадиган тизимга айланмоқда. Бундай шароитда давлатларнинг фақат битта блок доирасида ҳаракат қилиши тобора қийинлашмоқда.

Тарихий параллел: Биринчи жаҳон уруши арафасидаги Европа

Бугунги вазиятни тушуниш учун XIX аср охирига назар ташлаш фойдадан холи бўлмайди. 1871 йилда Германиянинг бирлашиши Европадаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартирди. Янги Германия империяси қитъанинг марказида кучли давлатга айланди. Буюк Британия эса дунёдаги энг йирик денгиз ва мустамлака империяси мақомини сақлаб қолди. Франция ўз мавқеини тиклашга интилди. Россия империяси Европанинг жануби ва шарқида таъсирини кенгайтирди. Австро-Венгрия эса Марказий ва Жануби-Шарқий Европадаги мавқеини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Аста-секин рақобатлашаётган иттифоқлар тизими шаклланди.

Бироқ асосий масала фақат алоҳида иттифоқларнинг мавжудлигида эмас эди. Муаммо халқаро сиёсатнинг ўзидаги ўзгариш билан боғлиқ эди. Эски кучлар мувозанати реал куч тақсимотига энди мос келмас, янги мувозанат эса ҳали барқарор шаклланмаган эди. Айниқса, йирик куч марказлари ўртасида жойлашган ҳудудлар муҳим аҳамият касб этди. Болқон яримороли Австро-Венгрия, Россия ва бошқа Европа давлатлари манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланди. Усмонийлар империясидан қолган мерос Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Европада ҳокимият бўшлиғини юзага келтирди. Марказий Осиё эса Россия ва Британия империялари ўртасидаги рақобат майдони бўлди. Бугун айнан шундай ҳудудлар яна стратегик аҳамият касб этмоқда.

Янги «Катта ўйин»

Марказий Осиё замонавий халқаро сиёсат қандай ўзгарганини яққол кўрсатиб беради. Минтақа Россия, Хитой, Жанубий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқ ўртасида жойлашгани туфайли катта геосиёсий аҳамиятга эга. Бу ерда транспорт йўлаклари, энергетика лойиҳалари ва йирик давлатларнинг манфаатлари кесишади.

Бироқ замонавий Марказий Осиёни XIX асрдаги минтақадан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳат — бу ердаги давлатларнинг халқаро сиёсатнинг мустақил субъектлари эканидир. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бирор давлатнинг мутлақ таъсир доирасига киришни истамайди. Улар Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари ва бошқа ҳамкорлар билан муносабатларни бир вақтнинг ўзида ривожлантиришга интилмоқда.

Бу фақат дипломатик манёвр эмас. Кичик ва ўрта давлатлар учун ташқи алоқаларни диверсификация қилиш миллий манфаатларни ҳимоя қилиш воситасига айланмоқда. Шу жиҳатдан замонавий «Катта ўйин» XIX асрдагидан фарқ қилади. Ўша даврда Россия ва Британия Марказий Осиёни асосан империявий рақобат майдони сифатида кўрган бўлса, бугун минтақанинг ўзидаги давлатлар ҳам ўзаро муносабатлар қоидаларини белгилашда тобора фаол иштирок этмоқда.

Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқ

Жанубий Кавказда ҳам шунга ўхшаш жараён кузатиляпти. Арманистон, Озарбайжон ва Грузия - Россия, Туркия, Эрон, Европа Иттифоқи ва АҚШ манфаатлари кесишадиган ҳудудда жойлашган. Минтақанинг аҳамиятини Европани Марказий Осиё ва Осиё билан боғловчи энергетика ва транспорт йўлаклари янада оширмоқда. Бу ерда кураш фақат ҳудудлар ёки ҳарбий иштирок учун эмас. Темир йўллар, автомобиль магистраллари, портлар, қувурлар, рақамли инфратузилма ва савдо йўлаклари ҳам тобора муҳим стратегик активга айланган.

Таъкидлаш жоиз, Яқин Шарқ ҳам бир нечта куч марказлари рақобатлашаётган маконга айланяпти. АҚШ минтақада муҳим ҳарбий ҳузур ва иттифоқлар тизимини сақлаб қолмоқда. Бироқ Россия, Хитой, Туркия ва Эрон ҳам ўз таъсир воситаларига эга.

Бугунги Яқин Шарқнинг ўзига хос жиҳати шундаки, минтақадаги давлатлар тобора кўпроқ битта ҳомийни танлашдан кўра, бир нечта куч марказлари билан бир вақтнинг ўзида муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Бу, айниқса, Форс кўрфази давлатлари сиёсатида яққол намоён бўлади. Уларнинг манфаатлари хавфсизлик соҳасида АҚШ билан ҳамкорлик қилишни, савдо ва инвестицияларда Хитой билан муносабатларни ривожлантиришни, энергетика масалаларида эса Россия билан ҳамкорлик қилишни талаб этади. Шу тариқа, янги дипломатик кўп векторлилик шаклланиб боряпти.

Ҳинд-Тинч океани — XXI асрнинг асосий маркази

Агар XIX аср охирида дунё сиёсатининг асосий маркази Европа бўлган бўлса, XXI асрда бу марказ тобора Ҳинд-Тинч океани минтақасига кўчяпти. Бу ерда Хитой, Ҳиндистон, Япония, Австралия ва АҚШ каби давлатлар жойлашган. Дунёдаги энг муҳим савдо йўллари шу ҳудуддан ўтади, энг йирик ишлаб чиқариш марказлари шу ерда жойлашган ва денгиз кучлари манфаатлари кесишади.

XXI асрнинг асосий рақобати аста-секин АҚШ ва Хитой муносабатлари атрофида шаклланмоқда. Бироқ бу ерда ҳам дунёни икки оддий лагерга бўлиш мумкин эмас. Ҳиндистон АҚШ билан ҳамкорликни чуқурлаштираётган бўлса-да, Вашингтоннинг кичик ҳамкорига айланишни истамайди. Япония ва Австралия АҚШнинг иттифоқчилари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, бироқ ўз иқтисодий манфаатларини ҳам сақлаб қолмоқда. Жануби-Шарқий Осиё давлатлари эса минтақанинг икки супердавлат ўртасидаги тўғридан-тўғри қарама-қаршилик майдонига айланишига йўл қўймасликка интилмоқда. Шунинг учун замонавий халқаро тизим Совуқ уруш давридаги икки қутбли моделдан анча мураккаб.

Нега минтақавий давлатлар кучаймоқда?

Янги дунёнинг асосий хусусиятларидан бири — халқаро сиёсатнинг ўрта даражасидаги кучларнинг аҳамияти ортиб бораётганидир.

Илгари асосий эътибор супердавлатларга қаратилар эди. Бугун эса Туркия, Саудия Арабистони, Эрон, Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия ва бошқа давлатлар ўз чегараларидан ташқаридаги жараёнларга мустақил равишда таъсир кўрсатиш имкониятига эга.

Бунинг сабаби фақат ҳарбий куч билан боғлиқ эмас. Замонавий қудрат иқтисодиёт, технологиялар, энергетика, транспорт, молиявий имкониятлар, дипломатик тармоқлар ва стратегик инфратузилма объектларини назорат қилиш қобилиятини ҳам ўз ичига олади. Шу сабабли порт баъзан ҳарбий база каби стратегик аҳамият касб этиши, транспорт коридори эса сиёсий иттифоқ даражасида муҳим бўлиши мумкин.

Бу жиҳатдан XXI аср ҳақиқатан ҳам Биринчи жаҳон уруши арафасидаги даврни эслатади: йирик давлатлар нафақат бевосита бир-бири билан, балки оралиқ ҳудудларда таъсир учун ҳам рақобатлашаётгани кўзга ташланяпти.

1914 йил такрорланмайди!

Тарихий ўхшашликлар фойдали, аммо уларни механик тарзда қўллаш хато бўлади. Замонавий дунё XX аср бошларидаги Европадан тубдан фарқ қилади. Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, халқаро ҳуқуқ, кўплаб минтақавий ташкилотлар, дипломатик каналлар ва можароларнинг олдини олиш механизмлари мавжуд. Давлатлар иқтисодиёти ҳам бир-бири билан анча чамбарчас боғланган.

Бундан ташқари, ядровий қуролнинг пайдо бўлиши буюк давлатларнинг ҳисоб-китобларини тубдан ўзгартирди. Ядровий давлатлар ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашув шунчалик катта хавф туғдирадики, ҳатто жиддий рақобат шароитида ҳам назоратсиз эскалациянинг олдини олишга интилиш кучли бўлиб қолмоқда.

Шунинг учун энг эҳтимолий сценарий 1914 йил намунасидаги янги жаҳон уруши эмас, балки узоқ давом этадиган рақобат бўлиши мумкин. Бу технологиялар, бозорлар, ресурслар, инвестициялар, логистика, сиёсий таъсир ва келажак стандартлари учун рақобатдир.

Муваққат иттифоқлар дунёси

Янги даврнинг асосий хусусияти - мослашувчанлик десак муболаға бўлмайди. Зеро, давлатлар ташқи сиёсатини тобора камроқ ҳолларда фақат битта куч маркази билан узил-кесил боғлашга тайёр. Бугун мамлакат хавфсизлик соҳасида АҚШ билан, иқтисодиётда Хитой билан, энергетикада Россия билан, савдо ва транспорт инфратузилмасида Туркия билан, технология ва инвестициялар соҳасида эса Европа билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Бир қарашда бундай сиёсат қарама-қарши бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса у халқаро тизимдаги ўзгаришларга рационал жавобдир. Агар аввал битта блокни танлаш хавфсизлик ва иқтисодий қўллаб-қувватлашни таъминлаган бўлса, бугун битта ҳамкорга ҳаддан ташқари боғланиб қолишнинг ўзи эҳтимолий хавфга айланяняпти. Шунинг учун кўп векторли ташқи сиёсат дипломатик формуладан - стратегик омон қолиш воситаси шаклига кира бошлади.

Жаҳонни келажакда нима кутяпти?

Яқин йилларда халқаро тизим, эҳтимол, беқарор бўлиб қолади. Чунки ҳеч бир куч маркази глобал кун тартибини тўлиқ назорат қилиш учун етарли ресурсларга эга эмас.

АҚШ технологик, ҳарбий ва молиявий устунлигини сақлаб қолишга интилади. Хитой иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтиришда давом этади. Россия стратегик ролини сақлаб қолиш имкониятларини излайди. Ҳиндистон ўзининг иқтисодий ва демографик салоҳиятидан тобора фаолроқ фойдаланади. Туркия Европа, Кавказ, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё кесишмасидаги мавқеини кучайтиришда давом этади.

Шу билан бирга, бугун «ўрта даражадаги давлатлар» деб аталадиган мамлакатларнинг аҳамияти ҳам ортади. Айнан шу давлатлар минтақавий инқирозларнинг натижаларини белгилашда, ҳамкорларни танлашда ва вақтинчалик коалициялар тузишда тобора муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун XXI асрда қайси давлат янги глобал гегемонга айланиши устида эмас, балки бундай ягона гегемон умуман пайдо бўладими, йўқми деган мавзуда баҳслашув мантиққа мос келади.

Янги гегемон ўрнига — кучлар мувозанатига асосланган янги тизим

Дунё XIX асрга оддий тарзда қайтмаяпти. Балки кучлар мувозанатига асосланган тизимнинг замонавий шаклига қараб ҳаракатланяпти. Тарих шуни кўрсатадики, жаҳон тартиби ўзгараётган даврлар айниқса хавфли бўлади. Чунки урушлар муқаррар бўлгани учун эмас, балки халқаро муносабатлар қоидалари ноаниқлашгани сабабли хавф ортади. Эски мувозанат ишламай қўйган, янги мувозанат эса ҳали шаклланмаган пайтда хатолар, нотўғри ҳисоб-китоблар ва рақибнинг ниятини нотўғри баҳолаш хавфи кучаяди.

Бироқ замонавий дунёнинг XX аср бошидаги даврга нисбатан муҳим устунлиги бор — давлатлар инқирозларни бошқариш бўйича анча катта тажрибага ва глобал қарама-қаршиликнинг нархини тушунишга эга. Шу боис, XXI аср 1914 йилнинг такрори эмас, балки узоқ давом этадиган геосиёсий музокаралар даврига айланиши мумкин.

Ягона марказсиз дунё, албатта, қоидаларсиз дунё дегани эмас. Аксинча, яқин ўн йилликларнинг асосий вазифаси — рақобатлашаётган давлатларга бирга яшаш, рақобатлашиш ва ҳамкорлик қилиш имконини берадиган қоидаларни шакллантиришдир. Бу қоидалар ҳар қандай минтақавий зиддиятнинг глобал можарога айланиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Бир қутбли даврнинг тугаётгани халқаро сиёсатнинг аллақачон шаклланаётган воқелигидир. Аммо унинг ўрнини инсоният қандай тизим билан тўлдириши ҳали очиқ масала бўлиб қоляпти.

Эҳтимол, келажак битта супердавлатга ёки ҳатто икки блокка эмас, балки бир нечта куч марказлари, доимий равишда ўзгариб турувчи коалициялар ва мустақил минтақавий ўйинчилар тизимига тегишли бўлади. Бундай дунёда таъсир нафақат давлатнинг ҳажми ва ресурслари, балки унинг манёвр қила олиш қобилияти билан ҳам белгиланади.

Айнан шу нуқтада тарихий ўхшашлик айниқса муҳим аҳамият касб этади: XIX аср охирида бўлгани каби, инсоният яна эски қоидалар ўз кучини йўқотаётган, янги қоидалар эса ҳали шаклланиб улгурмаган даврга кирмоқда. Фарқи шундаки, бугун хатонинг баҳоси ниҳоятда юқори бўлиши мумкин...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid