platina.uz
Спорт

Наманганда Муроджон Аҳмадалиев номидаги бокс маҳорат мактаби ташкил этилади

​Янги мактабнинг асосий вазифаси Наманган вилоятидаги иқтидорли ва истиқболли ёш боксчиларни эрта аниқлаш, саралаш ва уларни юқори спорт маҳорати босқичига тайёрлашдан иборат бўлади. 

Наманганда Муроджон Аҳмадалиев номидаги бокс маҳорат мактаби ташкил этилади

Чустда Муроджон Аҳмадалиев номидаги бокс спорт маҳорати мактаби ташкил этилади.

​Наманган вилоятининг Чуст туманида Бокс бўйича Муроджон Аҳмадалиев спорт маҳорати мактаби ташкил этилади. Бу Наманган вилояти ҳокимининг 2026 йил 29 августдаги қарорида белгиланди.

​Қарорга кўра, Чуст тумани спорт мактаби фаолияти такомиллаштирилиб, бокс унинг устувор йўналиши сифатида белгиланади ҳамда мактаб негизида “Наманган намунаси”да Бокс бўйича Муроджон Аҳмадалиев спорт маҳорати мактаби фаолияти йўлга қўйилади. Янги мактаб 2026/2027 ўқув-машғулот йилидан иш бошлайди.

​Янги мактабнинг асосий вазифаси Наманган вилоятидаги иқтидорли ва истиқболли ёш боксчиларни эрта аниқлаш, саралаш ва уларни юқори спорт маҳорати босқичига тайёрлашдан иборат бўлади. Бу ерда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашишга қодир боксчиларни тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоалари учун спорт захирасини шакллантириш кўзда тутилган.

​Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва саралаш үч босқичда амалга оширилади. Дастлаб истиқболли ёшлар маҳаллалар, умумий ўрта таълим мактаблари, спорт секциялари ва тўгараклардан аниқланади. Кейинги босқичда туман ва шаҳар миқёсида спорт-селекция синовлари ўтказилади. Якунда махсус комиссия вилоят даражасида саралаш ўтказиб, энг истиқболли спортчиларни Бокс мактабига қабул қилади.

​Ҳар бир ўқувчи-спортчи учун унинг жисмоний кўрсаткичлари, техник-тактик тайёргарлиги, тиббий ҳолати, мусобақалардаги натижалари ва ривожланиш динамикасини акс эттирувчи индивидуал спорт паспорти юритилади. Спортчилар натижадорлигини мунтазам кузатиб бориш учун электрон маълумотлар базаси ҳам шакллантирилади.

​Муроджон Аҳмадалиевнинг розилиги асосида мактабда “Муроджон Аҳмадалиев маҳорат мактаби” амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Унинг доирасида ёш боксчилар учун маҳорат дарслари, тренерлар учун амалий семинарлар, мотивацион учрашувлар ва мастер-класслар ташкил этилади. Энг иқтидорли спортчилар учун индивидуал тайёргарлик дастурлари ишлаб чиқилади. Бўндан ташқари, ҳар йили “Муроджон Аҳмадалиев кубоги” бокс турнирини ўтказиш ва ундан ёш истеъдодларни саралаш воситаларидан бири сифатида фойдаланиш режалаштирилган.

​Мактабнинг тавсия этилган тузилмасида директор, ўқув ва спорт ишлари бўйича директор ўринбосари, бош тренер ва тренер-ўқитувчилардан ташқари селекция ва спорт натижаларини таҳлил қилиш, спорт тиббиёти ва функционал диагностика йўналишлари, спорт психологи ҳамда методист фаолияти ҳам назарда тутилган.

​Мактабда камида битта стандарт рингга эга бокс зали, умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик ҳамда тренажёр заллари, тиббий кўрик ва функционал диагностика, реабилитация ва тикланиш, спорт психологияси, шунингдек, видео-таҳлил ва назарий машғулот хоналари ташкил этилиши кўзда тутилган. Зарурат ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, овқатланиш, ётоқхона ва транспорт хизматлари учун ҳам шароит яратилиши мумкин.

​Шу билан бирга, Чуст тумани спорт мактабида мавжуд боксдан бошқа спорт турлари бўйича машғулотлар бирданига тўхтатилмайди. Тегишли секциялар, тренерлар ва спортчилар хатловдан ўтказилиб, уларни бошқа спорт таълими муассасаларига ўтказиш ёки Бокс мактаби таркибида вақтинча фаолиятини давом эттириш масаласи алоҳида кўриб чиқилади.

​Чуст тумани спорт мактабининг бино ва иншоотлари, спорт майдонлари, анжомлари, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулки янги Бокс мактаби ихтиёрида сақлаб қолинади. Мактаб фаолиятини давлат бюджети, ҳомийлик ва хайрия маблағлари, халқаро ва маҳаллий грантлар, устав фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid