Энди навбат Ozon’га: Украина Россия логистикасига зарбаларни кучайтирмоқда
22 август куни кечаси Украина дронларининг Самара вилояти Чапаевск шаҳридаги Ozon логистика мажмуасига берган зарбаси Россия–Украина урушида янги босқич шаклланаётганини кўрсатди. Гап энди фақат анъанавий ҳарбий объектларни нишонга олиш ҳақида бормайди. Россия ҳудудида товарлар, бутловчи қисмлар, ёқилғи ва турли жиҳозларнинг ҳаракатини таъминлайдиган инфратузилма ҳам тобора кўпроқ ҳужумлар объектига айланмоқда.

Ozon аввалроқ Wildberries компанияси омборларига қатор зарбалар берилганидан кейин нишонга олинди. Украина томони Россиянинг энг йирик маркетплейслари логистика тармоқларидан икки хил мақсадда фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ва ташиш, жумладан, уларнинг Россия ҳарбийлари ҳамда мудофаа саноати корхоналарига етиб боришида фойдаланилаётганини таъкидламоқда.
Бироқ айнан зарба берилган омбор Россия ҳарбий таъминотига бевосита хизмат қилганини тасдиқловчи мустақил далиллар ҳозирча мавжуд эмас. Шунинг учун зарбанинг тасдиқланган оқибатлари билан Украина томонининг мотивациясини бир-биридан ажратиш муҳим.
Чапаевскда нима бўлди?
22 август куни кечаси дронлар Чапаевскдаги Ozon логистика мажмуасига ҳужум қилди. Россия минтақавий ҳукумати ҳодиса оқибатида бир неча киши жабрланганини маълум қилди. Компания объект зарарланганини, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилганини ва 500 дан ортиқ ходим эвакуация қилинганини тасдиқлади. Reuters бу ҳужумни Украина томонининг Россия логистика инфратузилмасига қарши ҳозирги кампанияси доирасида Ozon объектига берилган биринчи тасдиқланган зарба сифатида қайд этди.
Айни вақтда Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига ҳам зарба берилди. Украина томони Нефтни файта ишлаш заводи (НҚИЗ) нишонга олинганини маълум қилди, минтақага оид хабарларда эса саноат объектида ёнғин чиққанини қайд этилди. Шу тариқа, бир кечада иқтисодий инфратузилманинг икки турли элементи — нефтни қайта ишлаш ва логистика тизими зарар кўрди.
Бу уйғунлик стратегик жиҳатдан муҳим. Нефтни қайта ишлаш иқтисодиётни ёқилғи билан таъминлайди, логистика марказлари эса мамлакат ичида товарлар ҳаракатини таъминлайди. Икки йўналишга бир вақтда таъсир кўрсатиш ҳужумларнинг умумий самарасини ошириши мумкин.
Нега айнан Ozon?
Ozon оддий савдо компанияси эмас. Сўнгги йилларда маркетплейс Россиядаги энг йирик логистика платформаларидан бирига айланди.
2025 йил якунларига кўра, Ozon даромади қарийб 998 миллиард рублни ташкил этиб, бир йилда 63 фоизга ошди. Компания 65 миллиондан ортиқ фаол харидорга, қарийб 5 миллион квадрат метр логистика инфратузилмасига ва 83 мингдан ортиқ буюртма олиш пунктларига эга эканини маълум қилган. Компания маълумотларига кўра, унинг Россиядаги логистика тармоғи умумий майдони 5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган 200 дан зиёд омборни қамраб олади. 2025 йилда платформа орқали қарийб 2,5 миллиард буюртма етказиб берилган.
Шу сабабли битта йирик объектнинг зарарланиши компания фаолиятини тўлиқ издан чиқармайди. Бироқ у маҳаллий логистика тизимида ортиқча юклама пайдо қилиши, товар оқимларини қайта тақсимлашни талаб қилиши, етказиб бериш йўналишларини ўзгартириши ва операцион харажатларни ошириши мумкин. Айнан шунинг учун логистика инфратузилмаси иқтисодий босим стратегияси нуқтаи назаридан муҳим нишонга айланади.
Wildberries’дан Ozon’гача
Ozon’га берилган зарба Россиянинг энг йирик маркетплейси Wildberries’га қарши кампаниянинг давоми сифатида кўрилади.
Украина Мудофаа вазирлиги ва Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, июль ойидан бери Украина кучлари Wildberries компаниясининг энг йирик ўнта логистика марказидан еттитасини ишдан чиқарган. Зарба берилган объектлар орасида Подольскдаги майдони қарийб 250 минг квадрат метр бўлган компаниянинг энг катта омбори ҳам бор. Бу кампаниянинг кўлами гап алоҳида ҳужумлар ҳақида эмас, балки тарқоқ тижорий инфратузилмага тизимли таъсир кўрсатишга уриниш ҳақида бораётганини кўрсатади.
Украина мантиғи шундан иборатки, замонавий маркетплейслар фақат интернет-дўкон эмас. Уларнинг омборлари, саралаш марказлари, транспорт тармоқлари ва буюртма бериш пунктлари улкан тақсимот тизимини ташкил этади. Агар бу тизимнинг бир қисми ишдан чиқса, оқибатлар фақат зарарланган объект билан чекланиб қолмайди.
Бироқ бу ерда муҳим таҳлилий эҳтиёткорлик зарур. Wildberries ёки Ozon омборлари Россия ҳарбий логистикасининг элементлари эканлиги ҳақидаги даъво, аввало, Украина томонининг аргументи ҳисобланади. Маркетплейсларда икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган товарларнинг сотилиши муайян омбор Россия Қуролли кучлари томонидан фойдаланилганини исботламайди.
«Узоқ масофали санкциялар» нима дегани?
Украина Мудофаа вазирлиги Россия логистикасига берилаётган зарбаларни «узоқ масофали санкциялар» деб атади.
Бу жуда характерли таъриф. Анъанавий санкциялар молиявий чекловлар, товарлар экспортига тақиқлар, экспорт назорати ва технологияларга кириш имкониятини чеклаш орқали амал қилади. Украина эса халқаро иқтисодий санкцияларни мустақил равишда жорий этиш имконияти чекланган шароитда иқтисодий босимнинг жисмоний шаклини яратишга ҳаракат қилмоқда. Мантиқ оддий: агар муайян инфратузилма Россия иқтисодиётининг уруш шароитида ишлашини таъминласа, унинг зарарланиши урушни давом эттириш нархини оширади.
Бу энди фронт чизиғидаги оддий ҳарбий кураш эмас. Бу иқтисодиётнинг урушни таъминлаш қобилияти учун кураш. Бундай стратегия бир неча даражадан иборат. Биринчиси — муайян объектга бевосита зарар етказиш. Иккинчиси — логистика занжирларини қайта қуриш зарурати. Учинчиси — суғурта, транспорт ва омбор харажатларининг ошиши. Тўртинчиси — етказиб бериш ишончлилигининг пасайиши. Бешинчиси — психологик таъсир: агар Россиянинг чуқур ҳудудларидаги йирик тижорий объектлар ҳам заиф экани намоён бўлса, бизнес ўз инвестицион қарорларида ҳарбий хавфларни ҳисобга ола бошлайди.
Зарба Россия иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинми?
Тан олиш керак, ҳар қанча катта бўлмасин, битта омбор Россия иқтисодиётини жиддий ўзгартира олмайди. Ozon кўп сонли омборлар ва буюртма олиш пунктларидан иборат тармоққа эга, шунинг учун компания товар оқимларини қайта тақсимлаши мумкин.
Аммо мунтазам ҳужумлар серияси бутунлай бошқа аҳамиятга эга. Агар бир вақтнинг ўзида нефтни қайта ишлаш корхоналари, омборлар, транспорт тугунлари ва бошқа инфратузилма объектлари зарарланса, Россия иқтисодиёти битта объектнинг вайрон бўлиши билан эмас, балки доимий равишда юқори хавф шароитига мослашиш зарурати билан тўқнашади.
Айнан жамғарилиб борувчи таъсир бевосита зарардан муҳимроқ бўлиши мумкин. Wildberries’га дастлабки ҳужумлардан кейин Россиядаги электрон тижорат компаниялари омбор инфратузилмаси учун қўшимча хавфларни ҳисобга олишга мажбур бўлгани бунинг бир белгисидир. Украина манбалари маълумотларига кўра, Ozon ҳам ўз объектларида ёнғинга қарши ҳимоя чораларини кучайтирган. Демак, ҳужумлар навбатдаги объект бевосита зарарланишидан олдин ҳам бизнес хулқ-атворига таъсир кўрсатиши мумкин.
Қрим омили
Яна бир алоҳида масала — Ozon’нинг Қрим ва Севастополга етказиб беришида вақтинчалик муаммолар юзага келгани ҳақидаги хабарлар.
Бундай хабарлар август бошидаёқ пайдо бўлган. Фойдаланувчилар товарларни саватга қўшиш мумкин бўлгани, аммо яриморолдаги манзилга етказиб беришни расмийлаштириш ҳар доим ҳам имконли бўлмаганини хабар қилган. Ozon ўша пайтда чекловлар минтақадаги юқори юклама билан боғлиқ эканини ва улар вақтинчалик характерга эга эканини билдирган. Буюртма бериш пунктлари эса ишлашда давом этган. Шу сабабли Ozon «Қримга товар етказиб беришдан бутунлай воз кечди», деган хулоса эҳтиёткорликни талаб қилади. Бироқ етказиб беришда муаммолар пайдо бўлишининг ўзи ҳарбий вазият тижорий логистикага қанчалик таъсир қилаётганини кўрсатади.
Маркетплейс учун энг муҳим омиллардан бири — олдиндан башорат қилинадиганлик. Харидор буюртмаси қачон етказилишини билиши керак. Етказиб беришдаги мунтазам чекловлар хизмат сифатини пасайтиради ва харажатларни оширади. Шу маънода логистика уруши фақат моддий объектларни йўқ қилишга қаратилмайди. У бутун етказиб бериш тизимининг ишончлилигига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Нега Украина иқтисодий инфратузилмани нишонга олмоқда?
Бу ерда уруш характери ўзгараётганини кўриш мумкин. Россия ҳам сўнгги йилларда Украина энергетикаси, саноат корхоналари, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига зарбалар бермоқда. Россия Мудофаа вазирлиги эса Украинада дронлар ишлаб чиқариш ва ҳарбий таъминот билан боғлиқ, деб ҳисоблаган логистика марказларига зарбалар берилганини маълум қилган. Reuters Россия томони бундай объектларнинг ҳарбий мақсадга эгалиги ҳақидаги даъволарини ҳар доим ҳам мустақил далиллар билан тасдиқлай олмаганини қайд этган.
Украина эса Россия инфратузилмасига қарши зарбалар географиясини кенгайтирмоқда. Шу тариқа «инфратузилмалар уруши» шаклланмоқда. Нишон энди фақат рақиб армияси эмас, балки унинг барқарорлигини таъминлайдиган иқтисодий тизим ҳам бўлмоқда. Бу узоқ давом этадиган можаро учун айниқса муҳим. Уруш аста-секин иқтисодий моделларнинг рақобатига айланмоқда: ким узоқроқ вақт давомида зарур ресурсларни ишлаб чиқариш, ташиш, таъмирлаш, сотиб олиш ва молиялаштириш имкониятига эга бўлади?
Асосий хавф — эскалация
Бундай стратегиянинг тескари томони ҳам бор. Украина зарбалари Россия иқтисодий инфратузилмасининг чуқурроқ қатламларига кириб борган сари Москва жавоб зарбаларини кенгайтириш учун кўпроқ асосга эга бўлади.
Ҳозирнинг ўзида ҳар икки томон рақиб инфратузилма объектларига ҳужумлар амалга оширилаётганини билдирмоқда. Ozon’га берилган зарба 21 август куни Россиянинг Украинага берган оғир зарбалари, жумладан, Кривой Рогдаги ҳужум фонида содир бўлди. Reuters маълумотларига кўра, ушбу ҳужумда камида 16 киши ҳалок бўлган ва 130 дан ортиқ киши ярадор бўлган. Бу рўйхатга фуқаролик инфратузилмаси қанчалик кўп кирса, инсон қурбонлари хавфи ҳам шунчалик ошади. Шунинг учун бундай операцияларнинг стратегик самарасини фақат вайрон қилинган омборлар ёки моддий зарар ҳажми билан ўлчаш мумкин эмас.
Хулоса
Чапаевскдаги Ozon объектига берилган зарба муҳимлиги битта Россия маркетплейси ҳужумга учрагани билан белгиланмайди. Унинг аҳамияти бошқа нарсада.
Украина асосан ҳарбий объектларга таъсир кўрсатишдан Россиянинг уруш иқтисодиётини таъминлайдиган иқтисодий инфратузилмани издан чиқаришга ўтиш жараёнини намоён қилмоқда. Wildberries бундай стратегиянинг биринчи йирик мисоли бўлди. Ozon эса кампания тобора тизимли тус олаётганини кўрсатмоқда.
Бироқ Россия иқтисодиёти яқин орада фалаж бўлади, деган хулосага келишга ҳали эрта. Россия иқтисодиётида муайян захиралар мавжуд, Ozon эса тармоқланган инфратузилмага эга ва товар оқимларини қайта тақсимлаш имконияти мавжуд.
Ҳақиқий таъсир битта зарба билан эмас, уларнинг такрорийлиги билан белгиланади. Агар Украина йирик логистика марказлари, нефтни қайта ишлаш корхоналари ва бошқа инфратузилма тугунлари ишини мунтазам равишда издан чиқара олса, Россия ҳарбий иқтисодиётини сақлаб туриш нархи аста-секин ошади. Урушнинг янги мантиғи айнан шунда.
Қисқа қилиб айтганда, фронт аста-секин жанг майдони чизиғидан ташқарига чиқиб, ҳарбий машинани таъминлайдиган нарсалар ишлаб чиқариладиган, сақланадиган, ташиладиган ва молиялаштириладиган нуқталарга кўчмоқда. Бироқ бу стратегия жавоб зарбалари кучайиши ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрадиган ҳудуднинг кенгайиши хавфини ҳам оширади.
Шунинг учун Ozon’га берилган зарбани Россия–Украина можаросининг кейинги трансформациясининг муҳим белгиси сифатида баҳолаш мумкин. Энди уруш тобора нафақат армиялар, балки инфратузилмалар, логистика тизимлари ва иқтисодий барқарорлик ўртасидаги қарама-қаршиликка айланмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
