Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон мулоқоти ўтказди
Давлат раҳбари Қозоғистон етакчисини мамлакат тарихида илк маротаба бир палатали Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон Президентини мамлакат тарихида илк маротаба бир палатали Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Янги Қурултой Қозоғистонда изчил ислоҳотларни янада илгари суришда муҳим омил бўлиши, кенг кўламли ўзгаришларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлаши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.
Суҳбат давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
