Санкция эмас, жиддий сигнал
Вашингтон Ўзбекистонни Хитой товарларини юқори Америка божларидан қочиш мақсадида учинчи давлатлар орқали ноқонуний қайта юбориш хавфи мавжуд бўлган 40 дан ортиқ давлат ва ҳудудлар қаторига киритди. АҚШ божхонаси товарларнинг келиб чиқиши, ишлаб чиқариш занжири ва етказиб бериш йўналишларини анча синчиклаб текширишни режалаштирган.

Ўзаро курашлар ва зиддиятлар нафақат уруш майдонларида ва ҳарбийлар ўртасида, балки иқтисодий майдонда ҳам авж олмоқда.
АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой ўртасидаги курашда АҚШнинг санкциялари кўпроқ аҳамиятга эга. Санкциялар энди фақат Россия ёки Хитойга босим ўтказиш воситаси бўлиб қолмаяпти. Улар глобал таъминот занжирлари, тўловлар ва реэкспорт устидан назорат қилиш механизмига айланмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун бу янги воқеликни англатади: қўшни давлатлар билан қонуний савдо ҳам, агар савдо статистикаси, тўловлар тузилмаси ёки товарнинг келиб чиқиши шубҳали кўринса, Вашингтон ёки Брюссел эътиборига тушиши мумкин. Сўнгги воқеалар бу воқелик қанчалик тез ўзгараётганини кўрсатмоқда.
АҚШ назоратни кучайтирмоқда
Вашингтон Ўзбекистонни Хитой товарларини юқори Америка божларидан қочиш мақсадида учинчи давлатлар орқали ноқонуний қайта юбориш хавфи мавжуд бўлган 40 дан ортиқ давлат ва ҳудудлар қаторига киритди. Тўғри, ушбу рўйхатга киритишнинг ўзи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этилганини англатмайди ва Вашингтон Тошкентни Америка қонунчилигини қасддан бузишда айблаётганини ҳам билдирмайди. Бироқ сигнал жиддий: АҚШ божхона органлари товарларнинг келиб чиқиши, ишлаб чиқариш занжири ва етказиб бериш йўналишларини анча синчиклаб текширишни режалаштирмоқда.
Гап нимада?
2026 йил 13 август куни Оқ уй АҚШ савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати масалалари бўйича бошқармаси тайёрлаган «The Great Transshipment Scam» («Катта транзит схемаси») номли ҳисоботни эълон қилди. Ҳужжат Хитой товарларини учинчи давлатлар орқали қайта юбориш ва шу йўл билан АҚШ тарифлари ҳамда бошқа савдо чекловларидан қочиш муаммосига бағишланган.
Америка маъмуриятининг фикрича, айрим ҳолатларда Хитой товарлари АҚШга тўғридан-тўғри эмас, балки тариф режими нисбатан қулай бўлган учинчи давлатлар орқали юборилади. У ерда маҳсулот қайта қадоқланиши, қайта маркировка қилиниши, ҳужжатлари расмийлаштирилиши ёки минимал даражада қайта ишланиши мумкин. Шундан сўнг товар АҚШга бошқа давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида экспорт қилинади.
Америка терминологиясида бундай амалиёт illegal transshipment — тарифларни четлаб ўтиш мақсадида товарларни учинчи давлат орқали ноқонуний қайта юбориш, деб аталади.
Ўзбекистон ҳам Вашингтон бундай схемалар учун потенциал хавфли деб баҳолаётган 40 дан ортиқ давлат ва ҳудудлар қаторига киритилган.
Бу Ўзбекистонга қарши санкциялар эмас
Ўзбекистоннинг ушбу рўйхатга киритилиши мамлакатга нисбатан санкциялар жорий этилганини англатмайди. Ҳисоботда асосий эътибор учинчи давлатлар ҳудудидан товарларнинг ҳақиқий келиб чиқишини ўзгартириш ёки яшириш учун фойдаланиш хавфига қаратилган. Бу муайян давлатга нисбатан санкция режими жорий этилганини билдирмайди. Шунинг учун «АҚШ Ўзбекистонга қарши чекловлар жорий қилди» деган хулоса нотўғри бўлади.
Шунингдек, Америка маъмурияти Ўзбекистон ҳукумати ёки ўзбек бизнеси ноқонуний схемаларда иштирок этаётганини аниқлаган, деб ҳам айтиб бўлмайди.
Оқ уйнинг ўзи ҳам ноқонуний транзитни ишлаб чиқаришнинг бошқа давлатларга қонуний кўчирилиши ва глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланишидан фарқлаш зарурлигини таъкидлайди. Шу маънода, Ўзбекистон санкциялар рўйхатига эмас, балки АҚШнинг юқори даражадаги эътибори остидаги хавфли йўналишлар рўйхатига киритилганини таъкидлаш керак.
Нега АҚШ учинчи давлатлар орқали транзитдан хавотирда?
Муаммо АҚШнинг Хитой товарларига нисбатан тарифларни кескин ошириши ортидан янада долзарблашди. Агар муайян маҳсулот Хитойдан тўғридан-тўғри импорт қилинганда юқори божга тортиладиган бўлса, экспортчи учун бошқа йўлдан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиши мумкин: Хитой → учинчи давлат → АҚШ.
Бундай йўналишнинг ўзи мутлақо қонуний. Муаммо товар аслида Хитойда ишлаб чиқарилган бўлса-да, учинчи давлатдаги операциялар унинг келиб чиқишини яшириш учун қўлланилганида юзага келади. Оқ уй ҳисоботида бундай схемаларнинг эҳтимолий элементлари сифатида товарни қайта қадоқлаш, қайта маркировкалаш, ҳисоб-фактураларни қайта расмийлаштириш, минимал даражада қайта ишлаш, чекланган йиғиш операциялари ва товарнинг келиб чиқиш мамлакати ҳақида ёлғон маълумот бериш каби ҳолатлар тилга олинган. Америка маъмурияти бундай схемалар натижасида бюджетга тушмай қолаётган божлар ҳажми ўнлаб миллиард доллар билан ўлчаниши мумкин, деб ҳисоблайди.
Нега айнан Ўзбекистон ушбу рўйхатда?
Ўзбекистон АҚШ маъмурияти томонидан ажратилган учинчи тоифага киритилган. Ушбу тоифа нисбатан кичик иқтисодиётга эга бўлган ва Вашингтон нуқтаи назаридан Хитой товарларини қайта йўналтириш учун муайян афзалликларга эга бўлиши мумкин бўлган давлатларни бирлаштиради. Бундай омиллар қаторига географик жойлашув, транспорт инфратузилмаси, эркин иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш майдонлари, омборхоналар ва нисбатан арзон ишчи кучи киради.
Бироқ ушбу таснифни «асосий қоидабузарлар рейтинги» сифатида қабул қилиш керак эмас. Ўзбекистон билан бир тоифага киритилган давлатлар савдо ҳажми ва Хитой билан иқтисодий алоқаларининг характери жиҳатидан бир-биридан жиддий фарқ қилади. Ушбу тоифага киритиш, аввало, АҚШ савдо сиёсати нуқтаи назаридан потенциал хавф мавжудлигини англатади.
Энди нималар текширилиши мумкин?
АҚШ бозорига экспорт қиладиган ўзбек компаниялари учун энг муҳим масала маҳсулотнинг келиб чиқишини ҳужжатлар билан тасдиқлай олиш бўлади.
Америка идоралари қуйидаги масалаларни ўрганиши ва текшириши мумкин:
асосий компонентлар қаерда ишлаб чиқарилгани;
хомашё ва бутловчи қисмларни ким етказиб бергани;
ишлаб чиқариш жараёни қаерда амалга оширилгани;
Ўзбекистонда қандай операциялар бажарилгани;
мамлакатда қанча қўшилган қиймат яратилгани;
экспортнинг кўрсатилган ҳажми компаниянинг ҳақиқий ишлаб чиқариш имкониятларига мос келиши;
товар АҚШ чегарасигача қандай йўналишда ҳаракатлангани;
таъминот занжирининг турли босқичларида қандай ҳужжатлар расмийлаштирилгани.
Шунинг учун, агар бошқа маълумотлар шубҳа уйғотса, товарнинг келиб чиқиш мамлакати ҳақидаги оддий сертификатнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Америка томони товарнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни ишлаб чиқариш ва логистика занжирига оид бошқа маълумотлар билан солиштиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистонда товарга қандай ишлов берилади?
Бу ерда АҚШ божхона ҳуқуқидаги substantial transformation, яъни «муҳим даражада қайта ишлаш» тушунчаси муҳим аҳамиятга эга. Хитойда ишлаб чиқарилган товарнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлганининг ўзи уни автоматик равишда Ўзбекистон маҳсулотига айлантирмайди. Агар маҳсулот фақат бир мамлакатдан бошқасига олиб ўтилса, қайта қадоқланса, қайта маркировкаланса, ҳужжатлари қайта расмийлаштирилса, минимал даражада қайта ишланса - бу ҳар доим ҳам товарнинг келиб чиқиш мамлакати ўзгарганини англатмайди.
Бошқа томондан, агар Ўзбекистонда тўлақонли ишлаб чиқариш ёки жиддий қайта ишлаш амалга оширилиб, натижада янги маҳсулот яратилса, вазият бутунлай бошқача бўлади. Шу сабабли ҳақиқий ишлаб чиқариш билан товарнинг маршрути ёки ҳужжатларини расмий равишда ўзгартириш ўртасидаги фарқ АҚШнинг янги ёндашувидаги асосий масалалардан бири ҳисобланади. АҚШ Божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизмати ҳам товарнинг келиб чиқишини баҳолашда «substantial transformation» мезонидан фойдаланади.
Америка божхонаси бутун таъминот занжирини таҳлил қилмоқчи
Вашингтоннинг янги ёндашувидаги энг эътиборли жиҳатлардан бири — шубҳали савдо йўналишларини аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш режасидир. Оқ уй ҳисоботида Detective Border деб номланган тизим тилга олинади. У катта ҳажмдаги савдо ва логистика маълумотларини таҳлил қилиш учун мўлжалланган.
Ғоя шундан иборатки, АҚШ органлари нафақат импорт вақтида тақдим этилган ҳужжатларни, балки таъминот занжирининг кенгроқ манзарасини ҳам таҳлил қилади:
ишлаб чиқарувчи → етказиб берувчилар → компонентлар → ишлаб чиқариш қувватлари → маршрут → омбор → ташувчи → импортчи → якуний бозор.
Бундай ёндашув турли маълумотлар ўртасидаги номувофиқликларни аниқлаш имконини беради. Масалан, агар кичик компания бирданига АҚШга мураккаб саноат маҳсулотларининг катта ҳажмини экспорт қила бошласа, Америка органлари унинг ҳақиқий ишлаб чиқариш имкониятлари бундай ҳажмга мос келиш-келмаслигини текшириши мумкин. Агар маҳсулот компонентларининг асосий қисми Хитойдан келса ва Ўзбекистондаги қайта ишлаш ҳажми жуда кичик бўлса, бу ҳам қўшимча текширув учун асос бўлиши мумкин.
Америка божхонаси бутун таъминот занжирини таҳлил қилмоқчи
АҚШ бозорида ишлайдиган компаниялар учун товарнинг бутун ишлаб чиқариш тарихини тасдиқлай олиш тобора муҳим аҳамият касб этади.
Шартли занжир қуйидагича кўриниши мумкин: Хитойлик етказиб берувчи → компонентларни Ўзбекистонга олиб кириш → ишлаб чиқариш ёки жиддий қайта ишлаш → тайёр маҳсулот → АҚШга экспорт.
Компания ушбу босқичларни тегишли ҳужжатлар билан тасдиқлай олиши керак. Идеал ҳолатда компонентларнинг қиймати, ишлаб чиқариш операциялари, фойдаланилган ускуналар, ходимлар, ишлаб чиқариш майдонлари, етказиб берувчилар ва логистика ҳақидаги маълумотлар очиқ ва изчил бўлиши лозим.
Тайёр маҳсулотда Хитой компонентларининг улуши қанча юқори бўлса, экспортчи учун Ўзбекистонда айнан қандай иқтисодий фаолият амалга оширилганини тушунтириш қобилияти шунча муҳим бўлади.
Фақат Ўзбекистон эмас
Вашингтон бу муаммони анча кенг кўламда кўриб чиқмоқда. Америка ҳисоботида 40 дан ортиқ давлат ва ҳудуд тилга олинган. Улар орасида ривожланаётган иқтисодиётлар билан бир қаторда АҚШнинг йирик савдо ҳамкорлари ҳам бор. Шунинг учун буни АҚШнинг айнан Ўзбекистонга қарши қаратилган алоҳида кампанияси сифатида баҳолаш тўғри эмас.
Бу қадамлар - Доналд Трамп маъмуриятининг АҚШ тарифларини товарларнинг ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш орқали четлаб ўтишга йўл қўймасликка қаратилган кенгроқ сиёсати доирасидаги чоралардан биридир.
Шу билан бирга, экспертлар бундай чораларни ҳаддан ташқари кенг қўллаш қонуний глобал ишлаб чиқариш занжирларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Қонуний савдо билан тарифларни четлаб ўтиш ўртасидаги чегара қаерда?
Бу - бутун масаланинг энг муҳим саволидир. Бу ўринда 2 хил сценарийни тасаввур қилиш мумкин.
1-сценарий. Хитой компанияси тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаради ва уни Ўзбекистонга жўнатади. Ўзбекистонда маҳсулот фақат қайта қадоқланади, янги маркировка олади ва кейин АҚШга юборилади. Бундай ҳолатда Америка органларида Хитой маҳсулотининг ҳақиқий келиб чиқишини яширишга уриниш бўйича жиддий шубҳа пайдо бўлиши мумкин.
2-сценарий. Ўзбекистон компанияси Хитойдан бутловчи қисмларни импорт қилади, ўз ускуналари ва ишчилари ёрдамида катта ҳажмда ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширади, янги тайёр маҳсулот яратади ва уни АҚШга экспорт қилади. Бу эса одатий халқаро ишлаб чиқариш занжири ҳисобланади.
Шунинг учун маҳсулот таркибида Хитой компонентларининг мавжудлиги автоматик равишда ноқонуний реэкспортни англатмайди. Асосий масала — учинчи давлатда товар билан амалда қандай операциялар бажарилганида.
Ҳали санкция эмас, аммо жиддий сиёсий сигнал
Ўзбекистоннинг Америка ҳисоботига киритилишини санкция деб баҳолаш мумкин эмас.
Бироқ буни фақат расмий характердаги воқеа деб ҳам бўлмайди. Вашингтон Хитой товарлари ҳаракатланадиган давлатларни энди фақат расмий ҳужжатлар асосида эмас, балки ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий тузилмаси ва товарларнинг ҳаракатланиш занжири асосида ҳам баҳолашини билдирмоқда.
Ўзбекистон учун бу экспорт операцияларининг шаффофлигини ошириш ва Америка томонига маҳсулотнинг ҳақиқий келиб чиқишини исботлай олиш зарурлигини англатади.
Бу, айниқса, Хитой компонентларидан катта миқдорда фойдаланадиган, эркин иқтисодий зоналарда ишлайдиган, АҚШга экспортини қисқа вақт ичида кескин оширган, мураккаб халқаро таъминот занжирларидан фойдаланадиган, ҳамда Хитойдан тайёр маҳсулот ёки ярим тайёр маҳсулотларни олиб, уларни АҚШ бозорига экспорт қиладиган компаниялар учун муҳим.
Энди нима бўлади?
Ҳозирча АҚШ Ўзбекистонга нисбатан махсус санкциялар жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хулоса қилишга асос йўқ. Энди асосий масала — Америка маъмурияти таклиф қилаётган янги ёндашув амалиётда қандай қўлланилиши.
Экспертлар олдида мураккаб вазифа турибди: бир томондан, ноқонуний транзитга қарши курашиш, иккинчи томондан эса ишлаб чиқаришнинг бир қисмини Хитойдан бошқа давлатларга ҳақиқатан ҳам кўчирган компанияларни асоссиз равишда жазоламаслик вазифалари. Айнан шу масала кейинги савдо баҳсларининг эҳтимолий манбасига айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг АҚШ эътибор доирасига тушиши эса Хитой билан савдони қисқартириш учун эмас, балки товарларнинг келиб чиқиши ва ҳаракати устидан назорат сифатини ошириш учун сигнал бўлиши керак.
Охир-оқибат, санкциялар воқелиги иқтисодий суверенитет тушунчасини ҳам ўзгартирмоқда. Илгари суверенитет - давлатнинг ким билан савдо қилишни мустақил ҳал қилиш қобилиятини англатар эди. Энди бунинг ўзи етарли эмас. Шу билан бирга, давлат бу савдо битим томонлари белгилаган қоидаларга мувофиқ эканини бутун дунёга исботлай олиши ҳам муҳим.
Абулфайз Сайидасқаров
