Қозоғистондаги ЙТҲда 3 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлди
Қизилўрда вилоятида “Nexia-2” “Kamaz” юк автомобили билан тўқнашган.

Қозоғистондаги ЙТҲда ўзбекистонликлар ҳалок бўлди.
ФВВ Қизилўрда вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди.
2026 йил 22 август куни Қозоғистон Республикаси, Қизилўрда вилояти, давлат аҳамиятидаги “Қорабутак-Қизилўрда-Чимкент” автомобил йўлининг 1831-1836 км.да Бирказан туманида ҳаракатланган “Nexia-2” автомобили ва “Kamaz” русумли юк автомобиллари тўқнашган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Nexia-2” автомобили салонида бўлган 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари воқеа жойида вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузди. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ватанга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг масъул ходимлари Қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
