"Ядровий соябон" нима, ундан ҳозир кимлар фойдаланмоқда ва нега Финляндия ҳам "ядровий соябон" истамоқда?
Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен Хелсинки Франциянинг "ядро соябони"ни бутун Европага кенгайтириш масаласини муҳокама қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Хелсинки узоқ муддатли истиқболда тийиб туриш мақсадида Франциянинг ядро арсеналидан фойдаланишни муҳокама қилиш учун очиқ.

Европа Совуқ уруш тугаганидан кейин иложи борича камроқ гапиришга ҳаракат қилган масалани - ядровий тийиб туриш масаласини яна ўз хавфсизлигининг марказига қайтармоқда. Ўнлаб йиллар давомида ўз хавфсизлигини миллий мудофаа салоҳияти ва Ғарб билан ҳамкорлик уйғунлиги асосида қуриб келган Финляндия учун "ядровий соябон" масаласи айниқса муҳим аҳамият касб эта бошлади Бироқ ҳозирча гап Финляндиянинг ўз ядровий қуролини яратиши ҳақида эмас. Масала Франция ва бошқа ядровий давлатлар ўзларининг ядровий тийиб туриш салоҳиятини Европадаги иттифоқчиларга қай даражада татбиқ этишга тайёр экани ҳақида кетяпти.
"Қишки уруш"дан НАТОгача
Бугунги Финляндия позициясини тушуниш учун унинг Россия ва Совет Иттифоқи билан муносабатларидаги тарихий тажрибасини ҳисобга олиш зарур. 1939–1940 йиллардаги Қишки уруш Финляндия миллий хотирасининг асосий воқеаларидан бирига айланган. Совет Иттифоқи аҳоли сони, саноат салоҳияти, артиллерия, авиация ва танклар бўйича Финляндиядан анча устун эди. Бироқ Финляндия армияси ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан, кичик бўлинмаларнинг ҳаракатчанлигидан, чанғида ҳаракатланиш тайёргарлигидан, ниқобланиш ва маҳаллий ҳудудни яхши билишдан самарали фойдаланиб, совет қўшинларига катта талафот етказа олди.
Охир-оқибат Финляндия ўз мустақиллигини сақлаб қолди, аммо бунинг нархи юқори бўлди: Финляндия ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакат ўз ҳудудининг қарийб 11 фоизини Совет Иттифоқига берди, тахминан 430 минг киши эса ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Бу тажриба Финляндия стратегик маданиятининг муҳим хусусиятини шакллантирди: кичик давлат ўзини ўзи ҳимоя қилишга тайёр бўлиши ва фақат қулай шароитларга умид қилмаслиги керак.
Шу ердан — ҳудудий мудофаанинг ниҳоятда ривожланган тизими, армия резерви, аҳолини инқирозларга тайёрлаш ва фуқаро мудофаасига бўлган эътибор келиб чиқади. Бугун Хельсинкида қарийб 900 минг кишига мўлжалланган тахминан 5500 та фуқаро мудофааси бошпанаси мавжуд.
Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан кейин Финляндия узоқ вақт расмий ҳарбий иттифоқларга қўшилишдан ўзини тийиб келди. Вазият 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин ўзгарди. 2023 йил апрелида Финляндия НАТО аъзосига айланди ва унинг хавфсизлиги Шимолий Атлантика альянсининг жамоавий мудофаа тизимига тўлиқ кирди.
"Ядровий соябон" нима дегани?
"Ядровий соябон" атамаси юридик тушунча ҳам, алоҳида халқаро ташкилот ҳам эмас. Стратегик маънода у кенгайтирилган ядровий тийиб туришни англатади.
Моҳияти оддий. Ўз ядровий қуролига эга бўлмаган давлат ядровий арсеналга эга давлат томонидан сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилинади. Потенциал рақиб шуни ҳисобга олиши керакки, ҳимоя остидаги мамлакатга қилинган ҳужум нафақат унинг оддий қуролли кучлари жавобига, балки ядровий давлатнинг реакциясига ҳам олиб келиши мумкин. Шунинг учун ядровий соябон, аввало, уруш олиб бориш эмас, урушнинг олдини олиш воситаси ҳисобланади.
Тийиб туриш мантиғи рақибни уч нарсага ишонтиришга асосланади.
Биринчидан, ҳимоя қилинаётган томон ёлғиз қолмайди.
Иккинчидан, ядровий давлат ҳақиқатдан ҳам қабул қилиб бўлмайдиган даражада зарар етказиш имкониятига эга.
Учинчидан, рақиб кичик давлатга берилган чекланган зарба чекланган можаро доирасида қолишига ишонч ҳосил қила олмайди.
Охирги нуқта айниқса муҳим. Тийиб туриш фақат ядровий каллаклар сонига эмас, балки ноаниқликка ҳам асосланади: рақиб «қизил чизиқ» қаердан ўтишини ва уни кесиб ўтиш қандай нархга тушишини аниқ билмаслиги керак.
Бугун кимлар "ядровий соябон" остида?
Энг йирик мисол — НАТО. НАТО ядровий кучларни оддий қуролли кучлар, ракетага қарши мудофаа, космик ва киберимкониятлар билан бир қаторда ўзининг тийиб туриш тизимининг марказий элементларидан бири деб ҳисоблайди. Альянс таъкидлашича, ядровий қурол мавжуд экан, НАТО ядровий альянс бўлиб қолади.
НАТОнинг ядровий тийиб туриш салоҳиятининг асосини АҚШ, Буюк Британия ва Франциянинг стратегик ядровий кучлари ташкил этади. Бироқ улар ўртасида принципиал фарқ мавжуд.
АҚШ «nuclear sharing», яъни «ядровий қуролни биргаликда таъминлаш» деб аталадиган тизимда иштирок этади. Америка ядровий ўқ-дорилари Европада жойлаштирилган, бироқ улар устидан мутлақ назорат ва жисмоний эгалик АҚШ қўлида қолади. Европа иттифоқчилари инфратузилма, икки мақсадли самолётлар ва персонал билан таъминлайди, шунингдек, маслаҳатлашувлар ва режалаштириш жараёнларида иштирок этади.
Очиқ манбалардаги баҳоларга кўра, Америка B61 ядровий бомбаларининг бир қисми Белгия, Германия, Италия, Нидерландия ва Туркиядаги базаларда жойлашган. Ядровий қуролларнинг аниқ сони ва жойлашуви расман ошкор этилмайди, шунинг учун мустақил тадқиқот ташкилотларининг баҳолари фарқ қилади. Federation of American Scientists ташкилоти Европадаги Америка ядровий арсеналини тахминан 100–120 та B61 авиабомбаси миқдорида баҳолайди.
Шундай қилиб, Бельгия, Германия, Италия, Нидерландия ва Туркия Америка ядровий ҳузури инфратузилмасида бевосита иштирок этадиган давлатлардир. Аммо Америка ядровий соябони анча кенг: АҚШнинг кенгайтирилган ядровий тийиб туриш тизими НАТОнинг барча иттифоқчиларини қамраб олади.
Бу ерда муҳим савол пайдо бўлади: Америка ядровий соябони мутлақ кафолатланганми?
Сиёсий маънода — йўқ. Ҳатто НАТОнинг 5-моддаси ҳам ядровий қуролни автоматик равишда қўллашни англатмайди. У иттифоқчилар зиммасига ҳужумга учраган мамлакатга ёрдам бериш мажбуриятини юклайди, аммо ёрдамнинг аниқ шакли аъзо давлатларнинг сиёсий қарорларига боғлиқ.
Ядровий тийиб туриш масаласи янада мураккаб. АҚШ президенти Америка ядровий қуроллари устидан назоратни сақлаб қолади. Шунинг учун Европа давлатлари нафақат Американинг ҳарбий салоҳиятига, балки Вашингтоннинг Европадаги инқироз юзага келган тақдирда бу салоҳиятдан фойдаланишга тайёрлигига ҳам ишониши керак.
Айнан шу ерда Европанинг янги муаммоси пайдо бўлади.
Нега Европага Америка "ядровий соябони" етарли бўлмай қолди?
Совуқ уруш тугаганидан кейин ўнлаб йиллар давомида Европа хавфсизлиги нисбатан барқарор бўлиб кўринди. АҚШ асосий кафил бўлиб қолди, Россия Совет Иттифоқига нисбатан анча заифлашди, Европада йирик уруш эҳтимоли эса жуда паст деб баҳоланди.
2022 йилдан кейин бу мантиқ ўзгарди. Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш олиб бормоқда, ядровий риторикадан мунтазам фойдаланмоқда ва ўз ядровий кучларини модернизация қилишда давом этмоқда. НАТО ҳам ўзининг ядровий тийиб туриш салоҳиятини кучайтириш заруратини стратегик вазиятнинг ёмонлашуви ва Россия агрессияси билан бевосита боғламоқда.
Шу билан бирга, Европа АҚШ кафолатларининг узоқ муддатли ишончлилиги масаласига анча жиддийроқ эътибор қарата бошлади. Бу Европа давлатлари АҚШдан воз кечишга қарор қилди, дегани эмас. Аксинча, 2026 йил июлида Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитида иттифоқчилар жамоавий мудофаага содиқлигини ва альянсни янада мустаҳкамлашни давом эттиришини тасдиқлади.
Бироқ стратегик савол пайдо бўлади: Европа қарор қабул қилишнинг фақат битта марказига қарам бўлиб қолмаслик учун ўзининг тийиб туриш салоҳиятини қўшимча равишда кучайтириши мумкинми? Франциянинг жавоби — ҳа.
Франция ғояси: миллий қуролдан Европа тийиб туришигача
Франция — Европа Иттифоқида мустақил стратегик ядровий кучларга эга бўлган ягона ядровий давлат. Буюк Британия ҳам ўз ядровий арсеналига эга, аммо Brexitдан кейин у Европа Иттифоқи аъзоси эмас.
Франция концепцияси Америка ёндашувидан принципиал жиҳатдан фарқ қилади. Париж ўзининг ядровий кучларини Америка НАТОсидаги «nuclear sharing» тизимининг нусхасига айлантиришни истамайди. Франция ўз қуроллари устидан назоратни иттифоқчиларга бермайди ва уларга ядровий қуролдан қачон фойдаланиш ҳақида якуний қарорни биргаликда қабул қилишни таклиф қилмайди.
Франция президенти Эммануэль Макрон 2026 йил март ойида «илгарилаб борувчи тийиб туриш» — forward deterrence концепциясини эълон қилди. У Европа иттифоқчилари билан стратегик мулоқотни кенгайтириш, қўшма машғулотлар ўтказиш ва истиқболда Франция стратегик кучларининг айрим элементларини иттифоқчилар ҳудудида вақтинча жойлаштиришни таклиф қилди.
Бироқ асосий чеклов сақланиб қолмоқда: Франция ядровий қуролидан фойдаланиш ҳақидаги қарор фақат Франция президенти ваколатида қолади. Шунинг учун француз модели Америка тушунчасидаги тўлиқ «Европа ядровий қалқони» эмас. Бу, кўпроқ, Франциянинг миллий ядровий салоҳияти атрофида шаклланаётган Европа стратегик тийиб туриш тармоғидир.
Франция–Германия ҳамкорлиги ҳам сиёсий баёнотлар доирасидан амалий босқичга ўтди. 2026 йил март ойида Франция ва Германия ядровий тийиб туриш масалалари бўйича Nuclear Steering Group — юқори даражадаги икки томонлама гуруҳни ташкил қилди. Германия айрим француз ядровий машғулотларида иштирок этиши ҳамда оддий қуроллар, ракетага қарши мудофаа ва узоқ масофали зарба бериш тизимлари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириши керак.
Июль ойида Париж ва Берлин ушбу моделни янада ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Европа парламенти маълумотларига кўра, Буюк Британия, Германия, Бельгия, Нидерландия, Дания, Польша, Швеция, Греция ва Норвегия Франция билан мулоқотга жалб қилинган ёки тизимли маслаҳатлашувларда иштирок этишга рози бўлган.
Шундай қилиб, гап бир зумда "Европанинг ядровий армияси"ни яратиш ҳақида эмас, балки Европа стратегик ўлчовининг босқичма-босқич шаклланиши ҳақида бормоқда.
Финляндия манфаатлари қаерда?
Финляндия ўзига хос вазиятда қолмоқда. Бир томондан, НАТО аъзоси сифатида у аллақачон Америка ядровий соябони остида. Иккинчи томондан, унинг географик жойлашуви тийиб туриш масаласини айниқса сезгир қилади. Финляндиянинг Россия билан узун чегараси бор, Европанинг шимолида эҳтимолий ҳарбий қарама-қаршилик зоналари ўртасидаги масофа эса жуда қисқа.
Бундан ташқари, НАТОга қўшилганидан кейин Финляндия иттифоқчилар билан ҳарбий интеграцияни жадал чуқурлаштирмоқда. У АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, кўпмиллатли ҳарбий машғулотларда иштирок этмоқда ва ўз қуролли кучларини кучайтирмоқда.
Финляндия қонунчилигидаги ўзгариш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йил июнида миллий мудофаа, НАТОнинг жамоавий мудофааси ёки мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ядровий қурилмаларни Финляндияга олиб кириш, ташиш, бериш ёки сақлашга нисбатан мавжуд ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этувчи ўзгартишлар тасдиқланди. Шу билан бирга, ўз ядровий қуролини ишлаб чиқариш, яратиш ва қўллаш тақиқланганича қолмоқда. Финляндия ҳукумати қонунга киритилган ўзгартиш мамлакат ҳудудида ядровий қурол жойлаштириш истагини англатмаслигини алоҳида таъкидламоқда.
Бу жуда муҳим жиҳат. Финляндия ўз атом бомбасига эга бўлишга қарор қилгани йўқ. У НАТОнинг ядровий тийиб туриш тизимида тўлақонли иштирок этишга эҳтимолий халақит бериши мумкин бўлган ҳуқуқий тўсиқни олиб ташлади.
Нега Финляндияга иккинчи "соябон" керак?
Агар Финляндияда аллақачон НАТО бўлса, унга Франция ташаббуси нима учун керак? Бунинг бир нечта сабаби бор.
Биринчи сабаб — география. Финляндия бевосита Россия йўналишида жойлашган. Хельсинки учун ракеталарнинг учиб келиш вақти, инфратузилманинг заифлиги ва иттифоқчиларнинг ёрдамга қанчалик тез етиб келиши масалалари алоҳида аҳамиятга эга.
Иккинчи сабаб — сиёсий кафолат. Финляндия Европа хавфсизлиги битта сиёсий марказга боғлиқ бўлиб қолмаслигидан манфаатдор. Америка ядровий соябони асосий таянч бўлиб қолмоқда. Валтоненнинг ўзи ҳам НАТОнинг Америка ядровий тийиб туриш салоҳияти муҳимлигини таъкидламоқда. Бироқ Трампга ўхшаган сиёсатчилар АҚШ тепасига келиб қолса, келажакка ишонч йўқолиши табиий. Шу боис, қўшимча француз ядровий кучи эҳтимолий рақиб ҳисобга олиши керак бўлган куч марказлари сонини оширади. Шартли қилиб айтганда, агар Москва нафақат Вашингтоннинг реакциясини, балки Парижнинг эҳтимолий жавобини ҳам ҳисобга олиши керак бўлса, стратегик ноаниқлик ортади.
Учинчи сабаб — Европа автономияси. Финляндия Европа мудофаа салоҳиятини кучайтиришдан АҚШни Европадан сиқиб чиқариш учун эмас, балки Европа давлатлари ўз имкониятларига кўпроқ эга бўлиши учун манфаатдор.
Бугун Париж ҳам айнан шу мантиқни илгари сурмоқда: Европанинг стратегик мустақиллиги НАТОга муқобил эмас, балки альянсни тўлдирувчи омил бўлиши керак. Франция–Германия ҳужжатларида француз ҳамкорлиги Америка томонидан тақдим этиладиган кенгайтирилган ядровий тийиб туриш ва НАТОнинг nuclear sharing механизмини алмаштирмаслиги, балки уларни тўлдириши алоҳида таъкидланган.
Тўртинчи сабаб — Россияга сигнал. Франция ядровий соябони ҳақидаги муҳокаманинг ўзи ҳам тийиб туриш таъсирига эга. Москва учун қўшимча савол пайдо бўлади: агар Европа давлатларидан бири билан можаро Франциянинг стратегик манфаатларига дахл қилса, эҳтимолий эскалация қай даражагача ёйилиши мумкин? Зеро, ядровий стратегияда ноаниқликнинг ўзи ҳам ресурс ҳисобланади.
Франция "соябони"нинг чекловлари
Асосий чеклов аниқ: Франция Финляндияга автоматик ядровий ҳимоя ваъда қилмаяпти. Франция президенти ядровий қуролдан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилиш бўйича мутлақ ваколатни сақлаб қолади. Париж, шунингдек, иттифоқчиларга Франция ядровий арсеналидан қачон фойдаланишни ҳал қилиш ҳуқуқини бериш ғоясини ҳам рад этади.
Демак, француз «соябони» бир нечта давлат вакиллари босиши мумкин бўлган шартли «Европа ядровий тугмаси»дан принципиал жиҳатдан фарқ қилади. Бундан ташқари, Франциянинг ядровий салоҳияти Россия ва АҚШникидан анча кичик. Federation of American Scientists ташкилотининг 2026 йилги баҳосига кўра, Франциянинг ҳарбий ядровий захираси тахминан 290 та ядровий заряддан иборат. Россияда бу кўрсаткич тахминан 4400, АҚШда эса 3700 атрофида.
Бироқ бу рақамларни тўғридан-тўғри таққослаш тўлиқ тўғри эмас. Ядровий тийиб туришнинг маъноси рақибда қанча қурол бўлса, шунча қуролга эга бўлишда эмас. Франция доктринаси миқдорий паритетга эришишдан кўра, эҳтимолий агрессорга қабул қилиб бўлмайдиган зарар етказиш қобилиятига асосланган.
Хулоса
Шундай қилиб, Финляндиянинг Франциянинг «ядровий соябони» ҳақидаги қизиқиши ўз ядровий қуролига эга бўлиш истагини эмас, балки ўз хавфсизлигини бир нечта стратегик таянчга суянган ҳолда мустаҳкамлаш истагини англатади. НАТОнинг Америка ядровий тийиб туриши ҳозирча асосий кафолат бўлиб қолмоқда, француз салоҳияти эса уни тўлдирувчи қўшимча омил сифатида кўрилмоқда. Бу жараён Европада ядровий тийиб туришнинг янги архитектураси шаклланаётганини кўрсатади: унинг мақсади «ядровий Европа» яратиш эмас, балки эҳтимолий рақиб учун агрессия нархини янада ноаниқ ва юқори қилишдир. Финляндия учун эса бу, аввало, ўзининг мураккаб географик жойлашуви ва Россия билан қўшнилик шароитида хавфсизлик кафолатларини максимал даражада кучайтириш масаласидир.
