Сардор Мирзараимов Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи бўлди
У тайинловга қадар ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари - жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Сирдарё вилояти ИИБга янги бошлиқ тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигида Президент Администрацияси ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти раҳбари жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш борасидаги устувор вазифаларга тўхталди.
Йиғилишда полковник Мирзараимов Сардор Тахирович Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлангани маълум қилиниб, янги раҳбар жамоатчиликка таништирилди.
Сардор Мирзараимов ички ишлар органларида тергов, тезкор-қидирув ва раҳбарлик йўналишларида кўп йиллик тажрибага эга. У тайинловга қадар ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари - жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Аввалроқ полковник Тимур Исмаилов ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.
