platina.uz
Жамият

Хоразмда 39 минг ишсиз фуқаро борлиги маълум қилинди

Бандлик соҳасидаги асосий масалалардан бири мавжуд вакансиялар билан иш изловчиларнинг касбий тайёргарлиги ўртасидаги тафовут экани қайд этилди. Айни пайтда 50 мингдан зиёд вакансия мавжуд бўлса-да, зарур малакага эга кадрлар етишмаслиги сабабли уларнинг бир қисми бўш қолган. 

Хоразмда 39 минг ишсиз фуқаро борлиги маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти мисолида мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича қатор топшириқлар берилган эди.

Тақдимотда ушбу топшириқлар ижросини ҳар бир маҳалла кесимида таъминлаш, мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳалар ва барқарор иш ўринларига айлантириш бўйича ишлаб чиқилган режалар кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 162 минг нафар аҳолининг даромади оширилди, 29 минг киши доимий ишга жойлаштирилиб, 37 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги қонунийлаштирилди.

Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш доирасида 28,9 мингта оиладаги 126,6 минг нафар аҳолига 40 мингдан зиёд хизмат кўрсатилди. Жумладан, 12,4 минг киши доимий ишга жойлаштирилди, 23,6 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 3,3 минг кишига молиявий кўмак кўрсатилиб, 1,1 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.

Натижада йил бошидан “Ижтимоий реестр”га киритилган 29 мингта оиладаги 127 минг нафар аҳолининг расмий даромади ва моддий аҳволи яхшиланди. Ушбу оилалар камбағалликдан чиқарилди. Вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидаги 6,7 фоиздан 3,9 фоизга пасайди.

Айни пайтда вилоятда 39 минг нафар ишсиз фуқаро бор, 102 минг киши меҳнат миграциясида.

Бандлик соҳасидаги асосий масалалардан бири мавжуд вакансиялар билан иш изловчиларнинг касбий тайёргарлиги ўртасидаги тафовут экани қайд этилди. Айни пайтда 50 мингдан зиёд вакансия мавжуд бўлса-да, зарур малакага эга кадрлар етишмаслиги сабабли уларнинг бир қисми бўш қолмоқда.

Давлатимиз раҳбари касб-ҳунарга ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш ва уни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан узвий боғлаш зарурлигини таъкидлади.

Ўтказилган сўровларда олий таълим муассасалари талабаларининг 63 фоизи ўқиш жараёнида етарли амалий кўникмаларни эгалламаётганини қайд этган. Шу боис, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида амалий тайёргарликни кучайтириш, олий таълим ташкилотларининг мавжуд имкониятларидан касбга ўргатишда кенг фойдаланиш вазифаси қўйилди. Университетларда куннинг иккинчи ярмида талабаларнинг касбий ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни янгича ташкил этиш, одамларнинг меҳнат ва тадбиркорликка муносабатини ўзгартириш, шунингдек, уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш мақсадларига жами 6,4 триллион сўм йўналтирилди. Тижорат банкларининг 2,1 триллион сўмлик ресурслари ҳисобидан маҳаллалардаги лойиҳаларга 1,5 триллион сўм кредит ажратилди. Шу тариқа вилоятдаги барча маҳаллалар молиявий ресурслар билан қамраб олинди.

Президентимиз банкларнинг ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришдаги амалий ҳиссаси маҳаллалардаги натижаларда кўриниши кераклигини таъкидлади. Банклар ҳудудлардаги имконият ва ташаббусларни аниқ бизнес лойиҳаларига айлантирадиган “лойиҳалар фабрикаси” бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” ва маҳалла банкирлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ишини аниқ натижадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш масалаларига эътибор қаратилди. Камбағалликни қисқартиришда уларнинг вазифалари, иш усуллари ва масъулият доирасини белгилаш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш топширилди.

Тақдимотда йил якунига қадар 18 мингта кам таъминланган оиладаги 81 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш ва 39 минг нафар ишсиз фуқарони доимий иш билан таъминлаш режалари баён қилинди.

– Булар оддий рақамлар эмас. Ҳар бир инсонга алоҳида ёндашиб, унинг имкониятларини яхши билишимиз, шундан келиб чиқиб, муносиб иш топиб беришимиз керак, – деди Президентимиз.

Бунинг учун саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги инвестиция лойиҳалари ишга солинади. Микросаноат марказларида 250 та янги корхона ташкил этилиб, маҳалла банкирлари иштирокидаги лойиҳалар кенгайтирилади, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш чоралари кўрилади.

Паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, мебель ишлаб чиқариш, иссиқхона хўжалиги ва ўсимликчилик йўналишларида 36 та кооперация ташкил этилиб, уларга 201 та маҳалладаги 15,8 мингта кам таъминланган оила жалб қилинади.

Шунингдек, 12 та таянч ва 38 та ёндош маҳаллада 70 та “локомотив” лойиҳа амалга оширилиб, 1,1 мингта иш ўрни яратилади. Тадбиркорлик лойиҳалари учун 650 миллиард сўм ажратилиб, 2,5 мингта микролойиҳа рўёбга чиқарилади.

Янгиариқ туманидаги Шихбоғи маҳалласини таянч маҳалла сифатида ривожлантириш режаси ҳам муҳокама марказида бўлди. У билан бирга Қармиш, Шеробод ва Каттабоғ маҳаллалари қамраб олинади. Ушбу маҳаллаларда жами 18,2 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, 319 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.

Таянч ва унга туташ маҳаллаларда саноат зонаси, микросаноат маркази, замонавий бозор ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, интенсив боғ барпо қилиш, чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини ишга тушириш мўлжалланган. Шунингдек, ички йўллар, пиёдалар йўлаги, электр ва сув таъминоти инфратузилмаси яхшиланади.

Хорижий консалтинг ташкилотлари иштирокида мазкур ҳудудни ривожлантиришнинг мастер режаси ишлаб чиқилиб, маҳаллий лойиҳачиларнинг малакаси оширилади. Мазкур чоралар орқали 1,5 мингта барқарор иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини 20-30 фоизга ошириш ҳамда ҳудудни камбағаллик ва ишсизликдан холи қилиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд аҳоли қатламлари билан ишлашнинг амалдаги механизмлари ва методологиясини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни алоҳида видеоселектор йиғилишида муҳокама қилиш белгиланди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid