Трамп Эронга қарши "энг ҳалокатли иқтисодий операция" бошланганини эълон қилди
Оқ уй раҳбари бугундан бошлаб Эронга ҳар қандай ёрдам кўрсатадиган ҳар қандай мамлакат "улкан иқтисодий оқибатларга дуч келишини" эълон қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши "энг ҳалокатли иқтисодий операция" бошланганини эълон қилди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоқ саҳифасида ёзган.
"Ҳеч ким Эрон Ислом Республикасига мендан кўра кўпроқ келишувга эришиш имкониятини бермаган. Улар учун бу фожиа, чунки бундан фойдаланмадилар. Шунинг учун бугун мен вайронкор иқтисодий операция эълон қиляпман! Бу мисли кўрилмаган миқёсдаги иқтисодий уруш ва изоляция бўлади", деб ёзган у.
Оқ уй раҳбари бугундан бошлаб Эронга ҳар қандай ёрдам кўрсатадиган ҳар қандай мамлакат "улкан иқтисодий оқибатларга дуч келишини" эълон қилди.
"Барча иттифоқчиларимиз Эрон таҳдидини изоляция қилиш ва енгиш учун Америка Қўшма Штатлари билан елкама-елка туришлари керак", деди Трамп.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Эрон "ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмайди" деган гапни яна бир бор таъкидлади.
Бир кун олдин CNN АҚШ расмиясига таяниб, Трамп Эронга нисбатан ёндашувини ўзгартирганини, кейинги музокаралардан воз кечганини ва Теҳронга босимни босқичма-босқич оширишни таъкидлаганини хабар қилди.
18 август куни Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида Ҳормуз бўғози харитасини "АҚШнинг янги ҳудуди" сарлавҳаси остида жойлаштирди. Бунга жавобaн Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободий Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб аташда адашганини ва Эрон тез орада буни тузатишини айтди.
