Нурафшон шаҳар ёшлар ишлари бўлими раҳбари ишдан олинди
У маҳалла ёшлар етакчилари иштирокида ўтказилган йиғилиш давомида хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузиб, кескин ҳамда ҳақоратомуз муносабатда бўлган.

Нурафшон шаҳар Ёшлар ишлари бўлими раҳбари ишдан олинди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги хабар берди.
Агентлик ушбу раҳбарнинг номақбул хатти-ҳаракатлари юзасидан расмий муносабат берди.
Айтилишича, Нурафшон шаҳар Ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Мирмаҳмудовичнинг маҳалла ёшлар етакчиларига нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз муносабатда бўлгани акс этган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган.
Ҳолат юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида ижтимоий тармоқларда акс этган ҳолатлар ўз тасдиғини топди. Аниқланишича, 2026-йил 18-август куни М.Мирмаҳмудович маҳалла ёшлар етакчилари иштирокида ўтказилган йиғилиш давомида хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузиб, кескин ҳамда ҳақоратомуз муносабатда бўлган.
Шунингдек, хизмат текшируви давомида М.Мирмаҳмудовичнинг иш фаолиятида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан М.Мирмаҳмудович билан суҳбат ўтказилиб, унга аниқланган камчиликлар ва уларнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб ўтилди.
Суҳбат давомида у қилган қўпол хатти-ҳаракатларини тан олган ҳолда, ўзи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишини билдириб ўтди.
Натижада, М.Мирмаҳмудович билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Иш фаолиятидаги аниқланган камчиликлар юзасидан текширувлар давом этаётган бўлиб, натижалари юзасидан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тизимда фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимлардан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, меҳнат жамоасида соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, хизмат одоби ва касбий этика талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади, дейилади агентлик хабарида.
