Туркияда 10 нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши тергов бошланди
Улар шубҳали пул ўтказмалари иши бўйича қўлга олинган. Истанбулдаги бош консуллик фуқароларни пул ўтказмалари бўйича эҳтиёткорликка чақирди.

Туркиянинг Айдин вилоятида банк карталари ёрдамида шубҳали пул ўтказмалари сабаб тахминан 10 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тергов ва текширувлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги бу маълумотни Туркия Ички ишлар вазирлигининг тегишли органларидан олганини маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу иш бўйича 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг дастлабки маълумотларига кўра, тахминан 10 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тергов ва текширувлар олиб борилмоқда.
Уларнинг баъзилари суд қарори билан жазони ижро этиш муассасаларида, бошқалари эса депортация марказларида сақланмоқда. Яна бир гуруҳ фуқаролар Туркиядан чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилди. Уларга нисбатан тергов давом этмоқда.
Консуллик фуқароларга нисбатан кўрилган қонуний чоралар уларнинг ишда иштирок этиш даражасига, банк ҳисоблари орқали ўтказилган маблағлар миқдорига ва тергов давомида аниқланган бошқа ҳолатларга боғлиқлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги Туркия расмийлари билан ҳамкорликда вазиятни кузатиб бормоқда ва фуқароларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Консуллик Ўзбекистон фуқароларини банк карталари, ҳисоб рақамларини ёки мобил банк хизматларидан фойдаланиш имкониятини учинчи шахсларга бермасликка чақирди. Фуқароларга, шунингдек, бошқаларнинг илтимосига биноан келиб чиқиши номаълум бўлган маблағларни қабул қилмаслик ёки ўтказмаслик тавсия этилади.
Дипломатик миссия банк картаси ёки ҳисоб рақамини бошқаларга фойдаланиш учун ўтказиш, шунингдек, келиб чиқиши номаълум бўлган маблағларни ўтказишда воситачи сифатида ҳаракат қилиш Туркия қонунчилигига мувофиқ жиддий ҳуқуқий жавобгарликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бош консуллик Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларини мамлакат қонунларига риоя қилишга ва шубҳали молиявий операцияларни амалга оширмасликка чақирди.
