platina.uz
Иқтисод

АҚШ Ўзбекистонни фискал шаффофлик талабларига жавоб бермаган давлатлар қаторига киритди

​Ҳисобот 2025 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврни қамраб олади. Унда жами 139 давлат ва Фаластин маъмурияти баҳоланган. 

АҚШ Ўзбекистонни фискал шаффофлик талабларига жавоб бермаган давлатлар қаторига киритди

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни фискал шаффофликнинг минимал талабларига жавоб бермаган давлатлар қаторига киритди.

Бу ҳақда Давлат департаментининг 2026 йилги фискал шаффофлик ҳисоботида маълум қилинган.

​Ҳисобот 2025 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврни қамраб олади. Унда жами 139 давлат ва Фаластин маъмурияти баҳоланган. Шулардан 73 таси минимал фискал шаффофлик талабларига жавоб берган, 67 таси эса бу мезонларга мос келмаган. Талабпарга жавоб бермаган давлатларнинг 14 таси сезиларли тараққиёт кўрсатган деб топилган, Ўзбекистон эса улар қаторига киритилмаган.

​Давлат департаменти баҳосига кўра, Ўзбекистонда бюджет лойиҳаси, тасдиқланган бюджет ва йил якунидаги бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисобот ўз вақтида эълон қилинган. Бюджет ҳужжатларида давлатнинг режалаштирилган даромад ва харажатлари, жумладан, вазирликлар кесимидаги маълумотлар етарлича тўлиқ ёритилган. Шунингдек, муҳим бюджетдан ташқари ҳисоблар очиқлангани, ҳарбий ва разведка бюджетлари парламент ёки фуқаровий назорат остида экани қайд этилган.

​Бироқ ҳисоботда бир қатор камчиликлар ҳам кўрсатилган. Хусусан, Ўзбекистон давлатнинг барча қарз мажбуриятлари, жумладан, йирик давлат корхоналарининг мажбуриятлари бўйича тўлиқ маълумотни ошкор қилмаган. Бундан ташқари, хорижий қарз олувчиларга берилган суверен қарзларнинг шартлари эълон қилинмаган, табиий ресурслардан олинадиган даромадлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳам очиқ бўлмаган.

​АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистоннинг олий молиявий назорат органи халқаро мустақиллик стандартларига мос келишини ҳам қайд этган. Унинг аудитлари ижро этилган йиллик бюджетни тўлиқ қамраб олгани ва мазмунли хулоса ҳамда тавсияларни ўз ичига олгани таъкидланган. Табиий ресурсларни қазиб олиш учун лицензия ва шартномалар бериш тартиблари қонунчиликда белгиланган ва амалда қўлланилган.

​Шу билан бирга, ҳукумат давлат харидлари бўйича шартномалар ҳақидаги маълумотларни етарли даражада очиқламагани қайд этилган.

​Давлат департаменти Ўзбекистонга йирик давлат корхоналарининг даромад ва ажратмаларини бюджет ҳужжатларида акс эттириш, давлат ва давлат корхоналари қарз мажбуриятларини тўлиқ ошкор қилиш, хорижий қарз олувчиларга берилган суверен қарзлар шартларини эълон қилиш ҳамда давлат харидлари бўйича шартномаларни очиқлашни тавсия қилган.

​Ҳисоботда фискал шаффофлик даражасининг пастлиги ўз-ўзидан коррупция мавжудлигини англатмаслиги, юқори шаффофлик эса коррупция йўқлигини кафолатламаслиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid