Словакия, Германия ва Жанубий Кореяга жўнатишни ваъда қилганлар ушланди
Муқаддам судланган шахс ўзининг танишлари орқали 6 нафар фуқарони Словакия Республикасига ишга юбориш эвазига 145 млн сўм талаб қилган.

Хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида фуқароларни хорижга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 й.т., муқаддам судланган шахс ўзининг танишлари орқали Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқарони Словакия Республикасига ишга юбориш эвазига 145 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 85 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида хорижий давлатларга виза олиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатувчи МЧЖ раҳбари пойтахтда истиқомат қилувчи, 2002 й.т. фуқаронинг алдов йўли билан ишончига кириб, виза расмийлаштириш орқали уни Германияга ишга юбориш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, жумладан Зангиота туманида яшовчи, 1993 й.т. аёл алдов йўли билан Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, виза расмийлаштирган ҳолда уни Жанубий Кореяга ишлаш учун юбориш эвазига 5900 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
