platina.uz
Жамият

Қашқадарёдаги биноларда ўзбек тили ва лотин ёзувида бўлмаган пештахталар ўзгартирилади

Вилоятдаги 16 та шаҳар ва туманнинг 13 тасида ҳокимнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси фаолият юритмоқда. Мавжуд 17 нафар маслаҳатчининг 6 нафари бошқа мутахассислик вакиллари экани кўрсатиб ўтилди.

Қашқадарёдаги биноларда ўзбек тили ва лотин ёзувида бўлмаган пештахталар ўзгартирилади

Қашқадарёда давлат тили тўғрисидаги қонун ижроси муҳокама қилинди.

​Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни вилоятда қандай ижро этилаётгани муҳокама қилинди. Бу ҳақда кенгашнинг 14 августдаги қарорида айтилади.

​Йиғилишда вилоят ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Нуриддин Эгамовнинг ҳисоботи тингланди. Қайд этилишича, айни пайтда вилоятдаги 16 та шаҳар ва туманнинг 13 тасида ҳокимнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси фаолият юритмоқда. Мавжуд 17 нафар маслаҳатчининг 6 нафари бошқа мутахассислик вакиллари экани кўрсатиб ўтилди.

​Вилоятда географик объектлар номларини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш, тарихий номларни тиклаш ва жой номларини давлат реестрига киритиш бўйича қатор ишлар амалга оширилган. Шунингдек, ҳудуддаги 828 та маҳалла номи қайта кўриб чиқилиб, талабга жавоб бермайдиган учта маҳалла номини ўзгартириш чоралари кўрилмоқда.

​Жорий йилнинг биринчи ярмида 500 дан ортиқ ўзгартирилиши лозим бўлган пешлавҳа, реклама ва бошқа ташқи ёзув аниқланган. Тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида уларнинг 480 таси ўзгартирилган ёки демонтаж қилинган.

​Муҳокамада айрим ташкилотларда ҳужжатлар ҳамон кирилл ёзувида ёки аралаш алифбода юритилаётгани танқид қилинди. Шунингдек, ходимларни давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув курсларига жалб этиш режаси тўлиқ бажарилмагани ҳамда 2026 йил июль ҳолатига курслар бўйича жами 769 миллион сўмлик қарздорлик юзага келгани маълум қилинди.

​Кенгаш қарори билан вилоят ҳокимлигига давлат тилига оид қонунчилик ижросини тизимли ўрганиш, давлат ташкилотларида иш юритиш ҳолатини таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш вазифалари юклатилди.

​Туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳудудлардаги ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот ёзувларини хатловдан ўтказиш, ўзбек тили ҳамда лотин алифбоси талабларига мос бўлмаган ёзувларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш топширилди.

​Масъул идоралар бир ой муддатда ташқи рекламалардаги ёзувларни мониторингдан ўтказиб, аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўради. Қарор ижроси устидан назорат халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Я. Янгибоева зиммасига юклатилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid