Машҳур боксчи Руфат Рисқиев вафот этди
У 1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучганди.

Ўзбек ва жаҳон боксининг афсоналаридан бири, "Тошкент йўлбарси" номи билан донг таратган Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.
Руфат Асадович Рисқиев 1949 йил 2 октябр куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган.
1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиб, дунё биринчилигида ғалаба қозонган илк ўзбек боксчиси бўлиб тарихда қолди. Шунингдек, Руфат Рисқиев 1976 йилги Олимпия ўйинлари финалчиси ҳам бўлган.
2016 йилнинг сентябр ойи охирларида Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада шифокорлар веналар тромбозининг оғирлашиши сабабли Руфат Рисқиев ўнг оёғининг тиззадан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказганди.
