Энди мурожаатчи ўз мурожаатини ўзи ёпади
Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган медиа-турда маълум қилинди.

Тошкент вилояти Халқ қабулхонасига медиа-тур уюштирилди.
Президент Халқ қабулхонаси томонидан Тошкент вилояти Халқ қабулхонасига медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-турда Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги ПФ-51-сонли Фармонига кўра амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар, шунингдек, Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида мурожаат йўллаш учун келган фуқароларга яратилган қулайликлар ва мурожаат қилишнинг замонавий усуллари: сунъий интеллект асосида ишлайдиган ва ҳуқуқий маслаҳат, маълумотлар берадиган голограмма, видеомурожаат юбориш кабиналари, диагностика ва вазиятлар марказлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Бугунги кунда мурожаатчилар билан тўлиқ мулоқот қилиниб, бу жараёнга мурожаатчининг ўзи ҳам жалб этилмоқда.

Хусусан, pm.gov.uz сайти орқали мурожаат қолдирган фуқаро шахсий кабинетида барча жараённи кузатиб туриши, ҳал этилиш ҳолатини ўзи баҳолаши мумкин.
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича ташкил этилган штаблар негизида доимий ишчи гуруҳлар – Диагностика марказлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Давлат идора ва ташкилотларидан камида бошлиқ ўринбосари даражасида соҳавий координаторлар тайинланиб, тегишли Халқ қабулхонасидаги доимий ишчи гуруҳга бириктирилди.

Бўндан ташқари, Президент Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатлар билан ишлашда сусткашлик ва кўзбўямачиликка йўл қўяётган ташкилот ҳамда идоралар масъулларига кўрилаётган таъсир чоралари ҳақида ҳам маълумот берилди.
