Макка пакти: янги хавфсизлик тизимининг туғилишими ёки уруш давридаги иттифоқми?
Энг муҳим савол — пакт Эронга қарши қаратилганми? Расман — йўқ. Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан келишув НАТОнинг 5-моддаси мантиғи билан техник жиҳатдан ўхшаш эканини таъкидлаган, бироқ бир вақтнинг ўзида унинг муайян давлатга қарши қаратилмаганини айтган.

Август ойининг 7 куни Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрида халқаро сиёсат учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган муҳим воқеа юз берди. Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон қўшма мудофаа тўғрисидаги келишувни имзолади. Унга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум учаласига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Ҳужжат Макка қўшма мудофаа келишуви деб аталди. Уни имзолаш маросими Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Саудия Арабистони Валияҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирокида ўтказилди.
Бир қарашда, бу воқеа НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш Яқин Шарқдаги механизм пайдо бўлганини англатиши мумкин. Бироқ бундай таққослаш ҳам асосли, ҳам хавфли. Тўғри, бир қарашда моҳият ўхшаш: бир давлатга ҳужум барчага қилинган ҳужум сифатида қаралади. Аммо НАТО ортида ўнлаб йиллик институционал қурилиш, ягона қарор қабул қилиш тартиблари, доимий қўмондонлик тузилмалари, ўзаро мослашган қуролли кучлар ва улкан ҳарбий ҳамкорлик тизими турибди. Макка пактида эса ҳозирча бундай даражадаги механизмлар мавжуд эмас.
Шунинг учун асосий савол янги келишув «исломий НАТО» бўладими-йўқми, деган масала эмас. Саволни бошқача қўйиш лозим: янги иттифоқ Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари ташқи кафолатларга камроқ боғлиқ бўлган янги минтақавий хавфсизлик тизимининг куртагига айлана оладими? Жавоб эса, келишув матнидан кўра, унинг имзоланишидан кейин амалга ошириладиган ишларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Саудия-Покистон келишувидан - уч томонлама иттифоққача
Макка пакти “осмондан тушиб” қолгани йўқ. Ўтган йил 17 сентябрда Саудия Арабистони ва Покистон Стратегик ўзаро мудофаа келишувини имзолаган эди. Унда ҳам бир давлатга нисбатан тажовуз иккинчи давлатга қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши белгиланган. Икки мамлакатнинг расмий ҳужжатларида келишувнинг мақсади қўшма тийиб туриш салоҳиятини кучайтириш экани таъкидланган.
Бундан ташқари, ушбу келишув тез орада амалий мазмун касб этди. 2026 йил апрель ойида Саудия Арабистони мамлакатга Покистон ҳарбий хизматчилари, жумладан Покистон Ҳаво кучлари самолётлари келганини расман маълум қилди. Саудия Мудофаа вазирлиги буни 2025 йилги стратегик келишувни амалга ошириш билан боғлади.
Демак, янги уч томонлама ҳужжатни биринчи қадам деб ҳисоблаш мумкин эмас. Уни аллақачон мавжуд бўлган Саудия-Покистон хавфсизлик тизимининг кенгайтирилиши, деб аташ тўғрироқ бўлади.
Туркиянинг бу янги иттифоққа қўшилиши эса вазиятни сифат жиҳатидан ўзгартиради. Натижада улкан молиявий ресурсларга эга бўлган энг бой араб монархияларидан бири – Саудия Арабистони ҳамда минтақадаги йирик давлат ва НАТО аъзоси бўлган Туркия, шунингдек, ядровий давлат ва мусулмон дунёсининг энг йирик ҳарбий кучларидан бирига эга Покистон давлати бир форматда бирлашди. Айнан ресурсларнинг бундай уйғунлиги янги бирлашманинг асосий стратегик капитали ҳисобланади.
Нега айнан ҳозир?
Келишув имзоланган вақт ҳам алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йил Форс кўрфази учун ниҳоятда юқори даражадаги ноаниқлик даври бўлди. Минтақа Эрон атрофидаги тўғридан-тўғри ҳарбий қарама-қаршилик, ракета ва дрон ҳужумлари, энергетика инфратузилмасига таҳдидлар ҳамда денгиз қатнови билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирди.
Бундай вазиятда Саудия Арабистони айниқса мураккаб ҳолатга тушиб қолди. Бир томондан, Ар-Риёд кенг кўламли минтақавий урушдан манфаатдор эмас. Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий модели инвестициялар, туризм, инфратузилма, технологиялар ва Vision 2030 дастурини амалга оширишга асосланган. Бу стратегия учун барқарорлик зарур.
Иккинчи томондан, айнан Саудия ҳудуди ва унинг муҳим инфратузилмаси босим ўтказишнинг эҳтимолий объектлари бўлиб қолмоқда.
Саудия Арабистонининг ҳарбий харажатлари бу борада жуда муҳим кўрсаткичдир. Стокҳолм Халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти (Stockholm International Peace Research Institute – SIPRI) маълумотларига кўра, 2025 йилда Саудия Арабистонининг ҳарбий харажатлари 83,2 миллиард долларни ташкил этган. Бу мамлакатни Яқин Шарқдаги энг катта ҳарбий харажат қилувчи давлат ва дунёда саккизинчи ўриндаги давлатга айлантирган. Харажатлар бир йилда 1,4 фоизга, 2016 йилга нисбатан эса 12 фоизга ошган. 2026 йил биринчи чорагида эса Саудия Арабистони ҳарбий харажатларни тахминан 26 фоизга ошириб, уларни 64,7 миллиард саудия риёлига, яъни қарийб 17,2 миллиард долларга етказди.
Демак, Ар-Риёд хавфсизлик муаммосини фақат дипломатия орқали ҳал қилишга уринмаяпти. У бир вақтнинг ўзида ҳарбий харажатларни оширмоқда, қуролли кучларни модернизация қилмоқда ва қўшимча сиёсий кафолатларни изламоқда. Макка пакти ана шу кенгроқ стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.
Саудия Арабистони: капитал эвазига стратегик мустақиллик
Янги форматнинг асосий ташаббускорини излаш керак бўлса, биринчи навбатда Ар-Риёдга қараш лозим. Чунки Саудия Арабистонида маблағ бор. Аммо мамлакат хавфсизлик соҳасида чет эллик етказиб берувчилар, хорижий технологиялар ва ташқи ҳарбий кафолатларга чексиз боғланиб қолишни истамайди. Бу ерда Vision 2030 дастури алоҳида аҳамият касб этади.
Саудия ҳарбий саноати бош бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда ҳарбий саноатни маҳаллийлаштириш даражаси 2024 йил охирига келиб 24,89 фоизга етган. Расмий мақсад эса 2030 йилга қадар ҳарбий техника ва хизматларга давлат харажатларининг 50 фоиздан ортиғини маҳаллийлаштиришдан иборат.
Бу жуда муҳим кўрсаткич. Чунки ҳарбий харажатларнинг ярми улкан бозорни англатади. Шу сабабли Ар-Риёдга фақат тайёр самолётлар, ракеталар ёки бронетехника керак эмас. Унга технологиялар - ишлаб чиқариш - кадрлар тайёрлаш - техник хизмат - тадқиқотлар - маҳаллий саноат занжири керак, назаримизда.
Айнан шу нуқтада Туркия Саудия Арабистони учун жуда қизиқ ҳамкорга айланади. Туркия мудофаа саноати сўнгги ўн йил ичида мамлакат иқтисодиётининг энг динамик тармоқларидан бирига айланди. SIPRI маълумотларига кўра, 2025 йилда Туркиянинг ҳарбий харажатлари 30 миллиард долларга етган. Бу бир йилда 7,2 фоизга, 2016 йилга нисбатан эса 94 фоизга кўпайган. Ўсишнинг муҳим қисми миллий мудофаа саноатига инвестициялар билан боғлиқ бўлган.
Экспорт кўрсаткичлари янада таъсирли. Туркиянинг мудофаа ва аэрокосмика экспорти 2025 йилда тахминан 10 миллиард долларга етди. 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробар кам эди. Туркия мудофаа маҳсулотларини қарийб 40 давлатга етказиб бермоқда. Ар-Риёдга айнан шундай ҳамкор керак.
Туркия: технологияларни таъсир воситасига айлантириш
Анқара учун Макка пакти хайрия ёки фақат исломий бирдамлик ифодаси эмас. Бу, аввало, геоиқтисодий лойиҳа.
Туркия Саудия Арабистони билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тажрибасига эга. 2023 йилда Baykar компанияси Саудия билан келишувлар тузган бўлиб, улар нафақат учувчисиз парвоз аппаратлари авиацион тизимларини етказиб бериш, балки технологиялар трансфери ва қўшма ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни ҳам назарда тутган. Шу сабабли ҳозирги келишув аввалдан мавжуд жараён учун сиёсий асос яратади. Эрдоған учун бу ерда бир нечта имконият пайдо бўлади.
Биринчидан, Туркия мудофаа саноати учун бозор кенгаяди.
Иккинчидан, Саудия Арабистони қўшма ишлаб чиқаришлар учун капитал манбасига айланиши мумкин.
Учинчидан, Туркиянинг Форс кўрфазидаги сиёсий таъсири ортади.
Тўртинчидан, Анқара ўзини мусулмон давлатларига Америка ва Европа етказиб берувчиларидан муқобил вариант таклиф қила оладиган давлат сифатида намоён қилиши мумкин.
Бу Эрдоған ташқи сиёсатининг умумий йўналишига ҳам мос келади: Туркия йирик давлатларнинг периферик ҳамкори эмас, балки мустақил куч маркази бўлиши керак.
Покистон: энг кам баҳоланаётган ғолиб
Бир қарашда Покистон учликдаги кичик ҳамкордек кўриниши мумкин — у Саудия Арабистонидан камбағал, технологик жиҳатдан эса Туркиядан орқада. Бироқ стратегик нуқтаи назардан унинг ўрни анча қизиқ.
Покистон учликка қолган икки давлатда мавжуд бўлмаган ресурсларни олиб киради: ядровий мақом, катта ҳарбий аппарат, минтақавий можароларда катта тажриба ва Саудия Арабистони билан ўнлаб йиллик ҳарбий-стратегик муносабатлар. Шу билан бирга, Покистон иқтисодиёти Исломободга Форс кўрфази бой давлатлари даражасидаги ҳарбий модернизацияни молиялаштириш имконини бермайди.
SIPRI маълумотларига кўра, 2025 йилда Покистоннинг ҳарбий харажатлари тахминан 11,9 миллиард долларни ташкил этган ва 11 фоизга ошган. SIPRI ўсишнинг муҳим қисмини 2025 йил май ойида Ҳиндистон билан юз берган қуролли тўқнашувдан кейинги янги харидлар билан боғлайди. Шу сабабли Исломобод учун «саудия маблағлари + турк технологиялари» комбинацияси жуда жозибадор.
Аммо яна бир омил бор. Покистон ўзининг халқаро ролини оширишга интилмоқда. 2026 йил июнь ойида айнан Исломобод АҚШ ва Эрон ўртасида воситачилик қилди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги Исломобод англашув меморандумини имзолади. Саудия Арабистони ва Туркия ҳам дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.
Шу тариқа Покистон нафақат Жанубий Осиёнинг ҳарбий давлати, балки ислом дунёсининг дипломатик марказларидан бири сифатида ўзини намоён қилишга ҳаракат қилмоқда. Макка пакти бу ролни янада мустаҳкамлайди.
«Капитал - технология - ҳарбий салоҳият» формуласи
Янги келишувнинг энг муҳим қисми, эҳтимол, айнан шу ерда жойлашган. Уч давлатнинг имкониятларини шартли равишда қуйидагича ифодалаш мумкин.
Саудия Арабистони янги учликда асосий молиявий ва иқтисодий ресурсларни тақдим этади. Унинг асосий устунлиги — катта капитал, кенг бозор, улкан энергетика ресурслари ва минтақадаги сезиларли сиёсий таъсир.
Туркия уч томонлама ҳамкорликка замонавий мудофаа технологиялари, ривожланган саноат базаси ва НАТО доирасида тўпланган ҳарбий-техник тажрибани олиб киради. Айниқса, Туркиянинг учувчисиз авиация, ракета тизимлари ва бошқа мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги салоҳияти муҳим аҳамият касб этади.
Покистон эса катта ва тажрибали қуролли кучлар, бой ҳарбий тажриба ҳамда ядровий тийиб туриш салоҳияти билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан у учликнинг ҳарбий-стратегик компонентини кучайтиради.
Шу боис бу учлик оддий ҳарбий иттифоқ эмас. Потенциал нуқтаи назардан бу мудофаа саноати учбурчагидир. Шу сабабли қўшма қурол-яроғ ишлаб чиқариш масаласи келишувнинг расмий коллектив мудофаа тўғрисидаги қоидасидан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин. Агар келишув қўшма корхоналар, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар алмашинуви, айрим тизимларни унификация қилиш ва узоқ муддатли буюртмаларга олиб келса, унинг аҳамияти оддий дипломатик декларациядан анча юқори бўлади.
Ядровий омилнинг ўрни
Покистон — ядровий давлат. Унинг ядровий арсенали ҳажми бўйича турли баҳолар мавжуд. SIPRI ва бошқа тадқиқот марказлари турлича рақамлардан фойдаланади; экспертлар адабиётида сўнгги йилларда кўпинча тахминан 170 та ядровий каллаклар ҳақида сўз боради. Бироқ Исломобод бу рақамни расман тасдиқламаган. Аммо бундан Саудия Арабистонида автоматик равишда «ядровий соябон (қалқон)» пайдо бўлади, деган хулоса чиқариш мутлақо нотўғри.
Макка келишуви бўйича очиқ эълон қилинган материалларда Саудия Арабистонига ядровий қурол бериш ёки Покистоннинг ядровий кафолатларини автоматик равишда қиролликка татбиқ этиш ҳақида ҳеч қандай қоида йўқ. Шунинг учун «исломий ядровий альянс» тузилди, дейиш ҳозирча эрта. Бироқ коллектив мудофаа тизимида ядровий давлатнинг иштирок этиши унинг стратегик аҳамиятини оширади. Энди эҳтимолий рақиб нафақат Ар-Риёднинг, балки Исломободнинг ҳам сиёсий ва ҳарбий реакциясини ҳисобга олишига тўғри келади.
Эрон: рақибми ёки билвосита катализаторми?
Энг муҳим савол — пакт Эронга қарши қаратилганми? Расман — йўқ.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан келишув НАТОнинг 5-моддаси мантиғи билан техник жиҳатдан ўхшаш эканини таъкидлаган, бироқ бир вақтнинг ўзида унинг муайян давлатга қарши қаратилмаганини айтган.
Покистон ҳам келишув мудофаа хусусиятига эга эканини ва бошқа давлатлар учун очиқлигини билдирган.
Бундан ташқари, 10 август куни Теҳроннинг реакцияси кутилганидан анча юмшоқ бўлди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий Эрон келишувдан хавотирланиши учун сабаб кўрмаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, минтақада хавфсизлик соҳасида мустақил тизим яратишга интилиш, агар у инклюзив бўлса, ижобий аҳамият касб этиши мумкин.
Бу жуда муҳим жиҳат. Бу - Теҳрон ҳозирча Макка пактини тўғридан-тўғри ҳарбий блок деб ҳисобламаётганини кўрсатади. Бироқ геосиёсий нуқтаи назардан Эрон барибир унинг пайдо бўлишига таъсир қилган асосий омиллардан биридир. Айнан урушнинг кенгайиши ва Форс кўрфази инфратузилмасига ҳужумлар хавфи Саудия Арабистонини қўшимча хавфсизлик кафолатларини излашга мажбур қилмоқда. Қолавреса Яқин Шарқни “лойқалатаётган” шиа жангарилари – “Ҳизбуллоҳ”, хусийлар ва бошқа бузғунчилар бевосита Эрон томонидан бошқарилади ва молиялаштирилади.
Шунинг учун Макка пакти Эронга қарши яратилган бўлиши шарт эмас, аммо Эрон омили бўлмаганида унинг айнан ҳозир пайдо бўлиши эҳтимолдан анча йироқ эди, десак муболаға бўлмайди.
НАТОнинг 5-моддаси билан таққослаш ўринлими?
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳокон Фиданнинг бундай параллел ўтказиши учун асос бор.
НАТОнинг 5-моддаси ҳақиқатан ҳам бир иттифоқчига қилинган қуролли ҳужум барча иттифоқчиларга қилинган ҳужум сифатида қаралишини белгилайди. Аммо НАТОнинг ўзи тушунтирганидек, бу барча давлатларни автоматик равишда урушга киришга мажбур қилмайди. Ҳар бир давлат зарур деб ҳисоблаган чораларни, жумладан, лекин мажбурий равишда эмас, қуролли куч ишлатишни мустақил белгилайди.
Лекин машҳур 5-модда ҳам «бир давлатга ҳужум қилинди, эртасига ҳамма уруш бошлайди», дегани эмас.
Бироқ НАТОда уч давлат келишувида ҳозирча йўқ бўлган механизмлар мавжуд.
Доимий ҳарбий-сиёсий тузилма, интеграциялашган қўмондонлик, кўп йиллик қўшма режалаштириш, стандартлаштириш, мунтазам қўшма ҳарбий машғулотлар, разведка маълумотларини алмашишнинг ривожланган тизими ва барқарор коллектив қарор қабул қилиш механизмлари шулар жумласидандир. Шу сабабли Макка пактини ҳозирча «исломий НАТО» деб аташ нотўғри бўлади.
Асосий муаммо: қарорни ким ва қандай қабул қилади?
Фараз қилайлик, уч давлатдан бири қуролли ҳужумга учради. Шундан кейин нима бўлади?
Ким маслаҳатлашувларни чақириб, жараённи бошлайди? Қарор қандай кўпчилик овоз билан қабул қилинади? Қарор қанча вақтда қабул қилиниши керак? Нима «қуролли ҳужум» деб ҳисобланади? Нодавлат қуролли гуруҳнинг ҳужумига қандай жавоб берилади? Агар ҳужумчи давлат прокси кучлардан фойдаланса, нима бўлади? Агар бир давлат можарони маҳаллий тўқнашув деб ҳисобласа, иккинчиси эса уни мавжудлигига таҳдид деб баҳоласа-чи?
Бу саволларга ҳозирча очиқ эълон қилинган ҳужжатларда тўлиқ жавоб йўқ.
Маълумки, вазирлар қўмитаси ва Саудия Арабистонида жойлашадиган котибият ташкил этилиши режалаштирилган. Келишувнинг аниқ оператив механизмлари эса кейинчалик муҳокама қилиниши керак. Бу, эҳтимол, уч томонлама келишувни ҳозирча тўлиқ ҳарбий иттифоқ деб ҳисобламасликнинг асосий далилидир. Ҳозирча сиёсий мажбурият мавжуд, аммо коллектив мудофаанинг тўлиқ механизми ҳали шаклланиш босқичида.
Ким кўпроқ фойда олади?
Эҳтимолий фойдани қисқа, ўрта ва узоқ муддатли нуқтаи назардан ажратиб кўриш лозим.
Қисқа муддатдаги ғолиб — Саудия Арабистони, дейиш мумкин. Ар-Риёд энг асосий нарсани — эҳтимолий рақиб учун сиёсий сигнални олади - қиролликка ҳужумни энди фақат икки томонлама можаро сифатида кўриб бўлмайди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони икки йирик давлат билан ҳарбий ҳамкорлик қилишнинг қўшимча каналларига эга бўлади.
Ўрта муддатдаги ғолиб — Туркия. Расмий Анқара бозор, инвестициялар, сиёсий таъсир ва ўз мудофаа саноати учун узоқ муддатли буюртмалар олади. Туркия аллақачон йирик қурол экспортчисига айланган. Саудия билан ҳамкорлик унга технологик устунликни узоқ муддатли шартномалар ва сиёсий таъсирга айлантириш имконини беради.
Узоқ муддатдаги эҳтимолий ғолиб — Покистон бўлиши мумкин. Исломобод учун сиёсий мақом, саудия капитали ва турк технологияларининг бирлашуви алоҳида қимматга эга. Агар қўшма корхоналар, инвестиция дастурлари ва янги мудофаа лойиҳалари пайдо бўлса, Покистон фақат ўз бюджети ҳисобидан олиш қийин бўлган иқтисодий манфаатларга эга бўлади.
Шу боис, парадокс шундаки, Саудия Арабистони лойиҳанинг молиявий маркази, Туркия технологик маркази, Покистон эса унинг сиёсий қисмидаги асосий стратегик бенефициарга айланиши мумкин.
Жиддий хавотирлар
Биринчи хавф — ортиқча кутишлар. Агар жамоатчиликка янги келишув НАТОнинг аналоги сифатида тақдим этилса-ю, кейинчалик амалда коллектив жавоб бериш механизми мавжуд эмаслиги аён бўлса, пактга бўлган ишонч пасайиши мумкин.
Иккинчи хавф — география. Уч давлатнинг умумий чегараси йўқ. Саудия Арабистони Форс кўрфазида, Туркия Яқин Шарқ, Европа ва Қора денгиз ўртасида, Покистон эса Жанубий Осиёда жойлашган. Демак, уларнинг стратегик манфаатлари бир-бири билан кесишади, аммо тўлиқ бир хил эмас.
Учинчи хавф — Ҳиндистон. Нью-Деҳли учун Покистон ва Туркия ўртасидаги ҳарбий-сиёсий ҳамкорликнинг кучайиши сезгир масала ҳисобланади. SIPRI маълумотларига кўра, 2025 йилда Ҳиндистоннинг ҳарбий харажатлари 92,1 миллиард доллар, Покистонники эса 11,9 миллиард доллар бўлган. Ҳиндистон 2025 йилда ҳарбий харажатларни 8,9 фоизга оширган. Шунингдек, май ойидаги Покистон билан тўқнашув мудофаа режалаштиришига бевосита таъсир кўрсатган.
Шу сабабли Макка пакти нафақат Яқин Шарқда, балки Жанубий Осиёда ҳам оқибатларга эга бўлиши мумкин.
Тўртинчи хавф — АҚШ. Саудия Арабистони Америка хавфсизлик тизими ва Америка қурол-яроғларига чуқур боғланган. Туркия НАТО аъзоси бўлиб қолмоқда. Шу сабабли янги формат автоматик равишда Ғарб тизимининг ўрнини боса олмайди.
Парадоксал жиҳати шундаки, айнан шу ҳолат Вашингтон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин: агар минтақадаги давлатлар ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олса, юкнинг бир қисми АҚШдан минтақавий давлатларга ўтиши мумкин.
Прогноз: кейин нима бўлади?
Энг эҳтимолли учта сценарий мавжуд.
Биринчи сценарий — «юмшоқ иттифоқ». Уч давлат ягона армия тузмайди ва келишувни қаттиқ ҳарбий блокка айлантирмайди. Бунинг ўрнига доимий сиёсий мувофиқлаштириш, мудофаа саноатида ҳамкорлик ва ҳарбий тажриба алмашинуви ривожланади. Энг эҳтимолли сценарий шу.
Иккинчи сценарий — «янги минтақавий блок». Келишув аста-секин кенгаяди. Унга Миср ва эҳтимол бошқа давлатлар қўшилади. Ислом давлатларининг НАТО ва Америка кафолатларини алмаштирмайдиган, аммо уларни тўлдирувчи доимий хавфсизлик тузилмаси пайдо бўлади. Бу сўнгги ўн йилликларда Яқин Шарқ хавфсизлик тизимидаги энг катта ўзгариш бўлиши мумкин. Эҳтимоли пастроқ, аммо геосиёсий оқибатлари энг катта сценарий ҳам айнан шу.
Учинчи сценарий — «Макка декларацияси». Минтақадаги кескинлик пасаяди, Эрон атрофидаги уруш якунланади, Саудия Арабистонининг Вашингтон билан муносабатлари барқарорлашади. Бундай шароитда янги иттифоқни зудлик билан қуриш зарурати камаяди. Келишув сиёсий ва юридик жиҳатдан сақланиб қолади, аммо тўлиқ ҳарбий ташкилотга айланмайди. Бу ҳам реал вариант.
Хулоса
Макка пактини тайёр «Яқин Шарқ НАТОси» сифатида эмас, балки потенциал равишда янги хавфсизлик архитектурасининг биринчи институционал ғишти сифатида кўриш керак. Энг муҳим жиҳат шундаки, янги тизим АҚШ, Эрон, Исроил ёки Хитойга қарши қаратилган бўлиши шарт эмас. Унинг чуқурроқ мақсади бошқача бўлиши мумкин: минтақа давлатларига биргина куч марказига боғлиқ бўлиб қолмасдан, бир нечта куч марказлари ўртасида танлов қилиш имкониятини яратиш.
Шу маънода Макка келишуви янги блок тузилгани ҳақидаги декларациядан кўра, минтақадаги давлатларнинг ўзлари минтақавий тартибни шакллантириш жараёнининг субъекти бўлиш нияти ҳақидаги декларациядир. Шунинг учун унинг ҳақиқий аҳамияти 7 август — имзоланган куни эмас, балки бир неча йилдан кейин аниқ бўлади.
Агар жараён ортидан маблағ, технологиялар, қўшма корхоналар, институтлар ва коллектив жавоб беришнинг ҳақиқий механизмлари пайдо бўлса, Макка пакти ислом дунёси тарихида янги босқичнинг бошланишига айланиши мумкин.
Агар бу амалга ошмаса — у минтақавий беқарорлик давридаги энг таъсирчан дипломатик ишоралардан бири бўлиб қолади.
Аммо бугуннинг ўзида бир нарса аниқ: Форс кўрфази ва унинг атрофида янги хавфсизлик мантиғи шаклланмоқда. Унда минтақавий давлатлар тобора камроқ бошқалар стратегиясининг объекти бўлишни ва тобора кўпроқ унинг субъектига айланишни хоҳламоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
