"Тескари муҳандислик": Эрон қўлга киритган дрон қандай қилиб технологик сакраш омилига айланди?
Эронликлар қўлга киритилган ҳарбий техникага жуда жиддий муносабатда бўлади. Улар қӯлга киритилган уруш ӯлжаси - трофей техникаларни шунчаки тўплаб, музейлар ва ҳарбий парадларда намойиш этиш билан чекланмайди, балки энг замонавий намуналарни чуқур ўрганади.

Эроннинг «Шаҳед» дронлари тарихи — бу шунчаки хорижий технологияларни кӯчириб олиш тарихи эмас. Санкциялар ва замонавий қурол-яроғларга кириш имконияти чекланган шароитда Теҳрон қўлга киритилган хорижий техникани муҳандислик билимлари манбаига айлантириб, босқичма-босқич учувчисиз аппаратларни ишлаб чиқиш ва уларни оммавий ишлаб чиқаришнинг ўз тизимини яратди.
Хӯш, тескари муҳандислик, технологияларни мослаштириш ва саноатни маҳаллийлаштириш Эронга технологик чекловларни ҳарбий-саноат тараққиёти омилига айлантиришда қандай ёрдам берди? Нега бугун «Шаҳед» дронларининг ўзи бошқа давлатлар мутахассислари томонидан ўрганилмоқда?
Уруш ӯлжалари ғурур ва дарслик сифатида
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Аэрокосмик кучлари Эроннинг янги ҳаво мудофаа тизими томонидан йўқ қилинган АҚШ ва Исроил самолётлари ҳамда учувчисиз учиш аппаратларининг видеолавҳалари ва фотосуратларини эълон қилди.
Кези келганда айтиш жоиз, эронликлар қўлга киритилган ҳарбий техникага жуда жиддий муносабатда бўлади. Улар қӯлга киритилган уруш ӯлжаси - трофей техникаларни шунчаки тўплаб, музейлар ва ҳарбий парадларда намойиш этиш билан чекланмайди, балки энг замонавий намуналарни чуқур ўрганади. Кейинчалик ушбу таҳлиллар асосида ўз қурол-яроғ ва ҳарбий техникасини ишлаб чиқади. Шу тариқа Теҳрон рақиблари билан таққослаганда нисбатан камтарроқ ҳарбий бюджет ва техник имкониятларни қисман қоплашга ҳаракат қилади.
Масалан, Эрон учувчисиз учиш аппаратлари соҳасидаги ривожланишда жиддий сакраш 2010-йилларнинг бошларида кузатилган. Ўша даврда Эрон Ислом Республикаси ҳаво мудофаа кучлари бир нечта Америка дронларини уриб туширган. Кейинчалик ушбу аппаратлар эронлик мутахассислар томонидан батафсил ўрганилган.
Қўлга киритилган аппаратдан учувчисиз авиациянинг миллий мактабигача
«Шаҳед» оиласига мансуб учувчисиз аппаратларнинг замонавий уруш майдонларида пайдо бўлиши чекланган илғор технологияларга эга давлат ўзининг технологик изоляцияси, санкциялар ва замонавий қуролларнинг етишмаслигини қандай қилиб мустақил ҳарбий-саноат тараққиёти учун рағбатга айлантириши мумкинлигининг энг ёрқин мисолларидан бири бўлди.
Эрон моделида бир вақтнинг ўзида бир нечта жараён уйғунлашган: миллий конструкцияларни ишлаб чиқиш, хорижий технологияларни ўзлаштириш, қўлга киритилган техника намунасини таҳлил қилиш, сотувда мавжуд компонентлардан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш. Натижада шунчаки алоҳида дронлар серияси эмас, балки бутун бир технологик экотизим шаклланди.
Шунинг учун Эроннинг "Шаҳед" дронлари тарихини фақат муайян аппаратларнинг техник хусусиятлари орқали кўриб чиқиш етарли эмас. Муҳими — Теҳрон қандай механизм орқали нисбатан чекланган имкониятлардан чиқиб, оммавий ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мумкин бўлган учувчисиз тизимларни ярата олганини тушунишдир.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан эълон қилинган, унда Эрон ҳаво мудофаасининг янги тизими томонидан йўқ қилинган америкалик ва исроиллик самолётлар ҳамда учувчисиз аппаратлар тасвирлангани айтилган видеолар ва фотосуратлар бу мавзуга яна бир бор эътибор қаратди. Эрон томонининг ушбу баёнотлари ҳали мустақил равишда тасдиқланиши зарур. Бироқ трофей техникасини намойиш этиш амалиёти Теҳрон учун янги эмас.
Теҳрон учун йўқ қилинган ёки қўлга киритилган хорижий аппарат шунчаки ҳарбий трофей бўлиб қолмаслиги мумкин. У бир вақтнинг ўзида разведка объекти, техник маълумот манбаи ва рақиб технологияларини ўрганиш учун ўзига хос «лаборатория» вазифасини бажариши мумкин.
Бироқ бу ерда тескари муҳандислик ва саноат жосуслиги ўртасида принципиал фарқ бор.
Тескари муҳандислик нима дегани?
Тескари муҳандислик, яъни reverse engineering, кенг маънода мавжуд маҳсулот ёки қурилмани унинг тузилиши, ишлаш тамойиллари, архитектураси, қўлланилган муҳандислик ечимлари ва ишлаб чиқариш ёндашувларини тушуниш мақсадида тадқиқ этишни англатади.
Масалан, қӯлингизга бирор қурилма тушиб қолди. Унинг ишлаши, функциялари, схемаси, қандай яратилгани ҳақида сизда маълумот йӯқ. Сиз бу қурилмани очиб, ишлатиб, синаб кӯриб, тажрибалар ӯтказиб, у ҳақда маълумот тӯплайсиз. Яъни, муҳандисликдаги одатий схема: ғоя-чизма-тажрибалар-прототип-синовлар-тайёр қурилмани оммавиқ ишлаб чиқаришга жорий этиш схемаси тескари тарзда амалга оширилади.
Фуқаролик саноатида бу технологиявий таҳлилнинг оддий воситаларидан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчи рақобатчининг маҳсулотини ўрганиб, муайян конструкция нима учун айнан шундай ишлашини, қандай ечимлар оғирлик ёки харажатларни камайтиришини, қандай материаллардан фойдаланилганини ва турли тизимлар ўзаро қандай ишлашини тушуниши мумкин.
Ҳарбий соҳа эса махфийлик даражаси билан кескин фарқ қилади. Агар давлат хорижий ҳарбий намунага эга бўлса, у автоматик равишда «тайёр қуролнинг чизмалари»ни қўлга киритмайди. Аммо мутахассислар материаллар, конструктив ечимлар, электрон компонентлар, дастурий-аппарат архитектураси, жиҳозларнинг жойлашуви ва бошқа хусусиятларни ўрганиши мумкин.
Бироқ бу ёндашувнинг имкониятларини ортиқча баҳоламаслик керак. Самолёт ёки дрон корпусини қўлга киритиш уни ишлаб чиқариш технологиясига эга бўлиш дегани эмас. Тайёр маҳсулот билан уни саноат миқёсида қайта ишлаб чиқара оладиган ишлаб чиқариш базаси ўртасида улкан фарқ мавжуд.
Шунинг учун бу жараённи оддий нусха кўчириш эмас, балки бошқа биров яратган маҳсулот орқали технологик билим олиш сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.
Трофей — дарслик сифатида
Эрон бир неча ўн йиллар давомида замонавий ҳарбий техника харид қилиш имкониятларига турли чекловлар таъсирида қолиб келмоқда. 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин мамлакат Ғарбнинг қурол-яроғ етказиб берувчи давлатлари билан аввалги ҳамкорлик имкониятларининг катта қисмини йўқотди. Кейинги санкциялар эса замонавий компонентлар ва технологияларга киришни янада мураккаблаштирди.
Бундай шароитда технологик мустақиллик концепцияси алоҳида аҳамият касб этди. Унинг мантиғи оддий: агар энг замонавий тизимларни мунтазам равишда хориждан сотиб олишнинг имкони бўлмаса, уларнинг ҳеч бўлмаганда етарлича самарали аналогларини мустақил равишда яратишни ўрганиш керак.
Бунда хорижий техника билим манбаига айланади. Айниқса, америкалик разведка дрони RQ-170 Sentinel билан боғлиқ воқеа диққатга сазовор.
2011 йил декабрь ойида Эрон RQ-170 дронини ўз ҳудудида деярли шикастланмаган ҳолда қўлга киритганини маълум қилди. АҚШ ҳужжатлари Эрон томонидан аппарат қўлга киритилгани ҳақидаги баёнот берилганини тасдиқлайди, гарчи унинг йўқолиши ҳолатлари ва аппарат қанчалик шикастлангани узоқ вақт баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган. АҚШ Конгрессининг Тадқиқот хизмати ҳисоботида RQ-170 Lockheed Martin компанияси томонидан яратилган, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли кам кўринадиган разведка учувчисиз аппарати сифатида таърифланган.
Эрон учун бу ниҳоятда қимматли объект эди. RQ-170 Теҳрон тасарруфида бўлган кўплаб дронлардан фарқли равишда бутунлай бошқа технологик синфга мансуб эди. Унинг конструкцияси радиолокацион кўринишни камайтиришга мослаштирилган, аппаратнинг ўзи эса разведка вазифалари учун мўлжалланган.
Эрон ҳукумати RQ-170 қўлга киритилганидан деярли дарҳол уни сиёсий ва технологик намойиш воситасига айлантирди. Аппарат давлат тадбирларида кўрсатилди. Кейинчалик Теҳрон Америка дронини ўрганиш асосида ўзининг янги тизимларини яратганини маълум қилди. Ироқ ва Афғонистондаги урушлардан кейин АҚШнинг учувчисиз технологиялари ҳақидаги маълумотлар дунёга кенг тарқалган бўлса-да, Эроннинг RQ-170 билан боғлиқ ҳолати алоҳида аҳамиятга эга эди.
Бироқ бу ерда муҳим савол туғилади: Эрон муҳандислари оригинал технологияларни қай даражада такрорлай олган?
RQ-170 ва Shahed — бир хил нарса эмас
Энг аввало, оммавий ахборот воситаларида учрайдиган яна бир тасаввурни тўғрилаш зарур. "Шаҳед" дронларини шунчаки Америка RQ-170 дронининг нусхаси деб ҳисоблаш техник ва тарихий жиҳатдан нотўғри бўлади.
Тадқиқотлар анча мураккаб манзарани кўрсатади. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) маълумотларига кўра, RQ-170 Эронда қўнганидан сўнг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мутахассислари Америка аппаратидан илҳомланган бир нечта конструкцияларни ишлаб чиққан. Улардан энг машҳурларидан бири Shahed-171 бўлиб, Эрон уни RQ-170 асосида яратилган тўлиқ ҳажмли конструкция сифатида тақдим этган. Бироқ ушбу дастурнинг ҳақиқий ҳолати ва техник имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар ҳали ҳам чекланган.
Бошқача айтганда, RQ-170 таъсири Эроннинг дрон дастурининг муайян тармоғида — хусусан, «учувчи қанот» схемаси ва кўринувчанликни камайтириш хусусиятига эга конструкцияларда — айниқса яққол кўринади.
Бироқ Shahed оиласи бундан анча кенгроқ. Масалан, Shahed-129 бошқа тоифага мансуб кўп мақсадли учувчисиз аппарат ҳисобланади. RUSI маълумотларига кўра, Shahed-129 2010-йилларнинг ўрталарида Сурия ва Ироқда сунний мусулмонларни оммавий қириб ташлаш учун қӯлланилган.
Украинадаги урушда кенг танилган, Россия томони "Геран" дея номини ӯзгартириб ишлаб чиқараётган ва урушда украинларни қириш учун қӯллаётган Shahed-136 эса янада содда ва оммавий ишлаб чиқаришга мослаштирилган аппаратлар тоифасига киради. Демак, Эрон дронлари тарихи битта қўлга киритилган конструкцияни кўчириш тарихи эмас. Бу — технологик компетенцияларни босқичма-босқич жамғариш тарихидир.
Нега баъзан содда дрон мураккаб дрондан муҳимроқ бўлади?
Бир қарашда парадокс кузатилиши мумкин: Америка дронларининг ӯта қиммат юқори технологияли намуналарини ўрганган Эрон қандай қилиб нисбатан содда ва арзон Shahed-136 дронларини оммавий ишлаб чиқаришга муваффақ бӯлди?
Аслида бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Замонавий ҳарбий саноат тобора кўпроқ бир муаммога - нарх муаммосига дуч келмоқда. Мураккаб дрон анча юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиши мумкин. Бироқ уни ишлаб чиқариш қиммат электрон компонентлар, юқори аниқликдаги деталлар, ривожланган саноат инфратузилмаси ва мураккаб техник хизмат кўрсатиш тизимини талаб қилади.
Оммавий ишлаб чиқариладиган аппарат эса бошқа вазифани — рақибнинг ҳаво мудофаасига босим ўтказиш вазифасини бажариши мумкин. Шунинг учун Shahed'нинг самарадорлиги фақат битта аппаратнинг техник хусусиятлари билан белгиланмайди. Бу, аввало, уруш иқтисодиёти масаласидир. Агар нисбатан арзон дронни йўқ қилиш учун рақиб анча қиммат ресурсларни сарфлашга мажбур бўлса, асимметрик самара юзага келади. Айнан шу тамойил Украина ва Яқин Шарқдаги урушларда айниқса яққол намоён бўлди.
Шундай қилиб, Эрон технологик фалсафасининг мақсади энг яхши Америка дронини айнан такрорлаш эмас эди. Вазифа бошқача қўйилган: етарлича самарали, арзон, оммавий ва қайта-қайта ишлаб чиқариш мумкин бўлган тизим яратиш талаб этилган.
Санкциялар — туртки ва рағбат сифатида
Эрон тажрибаси санкция сиёсатидаги муҳим бир парадоксни кўрсатади. Хорижий технологияларга киришни чеклаш мамлакат тараққиётини ҳақиқатан ҳам секинлаштириши мумкин. Бироқ санкциялар ўнлаб йиллар давом этса, давлат импортга қарамликни камайтириш учун ўз саноатини қайта мослаштира бошлаши мумкин. Шу тариқа мажбурий маҳаллийлаштириш эффекти юзага келади.
Эрон хорижий компонентларга тўлиқ боғлиқликдан халос бўлган эмас. Буни бўрттириб кўрсатиш нотўғри бўлади. Бироқ сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Эрон йиллар давомида айрим дрон тизимларининг муҳим қисмларини ички ишлаб чиқариш даражасини сезиларли оширган.
Зеро, технологик мустақиллик ҳар доим ҳам импортнинг мутлақо йўқлигини англатмайди. Баъзан у муҳим импорт маҳсулотларининг ўрнини босиш, мавжуд компонентларни тез мослаштириш ва айрим хорижий қисмлар ҳали ҳам сотиб олинаётган бўлса-да, бутун тизимни мустақил равишда ишлаб чиқариш қобилиятини англатади.
Нега Shahed глобал ҳодисага айланди?
Гарчи Эрон АҚШ ва Исроилга кураш баҳонасида Исроилни эмас, фақат сунний араб давлатларини ракета ва дронлар билан вайрон қилиб, сунний мусулмонларни ӯлдириш ва зарар келтириш билан шуғулланганида Shahed-136 дронлари яна тилларга тушган бӯлсада, бу дрон анча аввалроқ - асосан Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушида оммавий қўлланилганидан кейин дунёга машҳур бўлди.
Шу билан бирга, Эрон технологияси янги босқичга кўтарилди. Бунга қадар дронлар кўпинча ҳавода узоқ вақт қолиши ва разведка маълумотларини узатиши мумкин бўлган юқори технологик разведка тизимлари сифатида қабул қилинган. Shahed эса бошқа концепцияни намойиш қилди: учувчисиз аппарат нисбатан содда, оммавий ва бир марталик қўллашга мўлжалланган бўлиши мумкин. Бу дронлар уруши ҳақидаги тасаввурни ўзгартирди.
Энди гап фақат муайян аппарат қанчалик мукаммал экани ҳақида эмас. Бошқа саволлар пайдо бўлди:
-қанча аппарат ишлаб чиқариш мумкин?
-йўқотишларни қанчалик тез тўлдириш мумкин?
-рақиб уларга қарши курашиш учун қанча ресурс сарфлаши керак?
-ишлаб чиқаришни турли давлатларда йўлга қўйиш мумкинми?
-импорт қилинадиган компонентларнинг катта қисмини алмаштириш мумкинми?
Айнан шу саволлар дронлар уруши алоҳида муҳандислар мусобақасидан саноат тизимлари мусобақасига айланаётганини кўрсатади.
Энди Эрон дронларини ҳам ўрганишмоқда
Кӯриниб турибдики, энди урушлар танк ва тӯплар билан эмас, дронлар воситасида самалироқ кечмоқда. Шу реаллик фонида Украина ҳам дронлар воситасида Россиянинг ички ҳудудларига ҳам муваффақиятли зарбалар беряпти. Энг муҳими, Украина ҳам юқори технологик ишланмаларни такомиллаштириб, йилига 20 миллионта самарали, узоққа уча оладиган, ҳаводан мудофаа ҳамда ва электрон кураш тизимларига чап бера ооадиган дронларни ишлаб чиқара олиш даражасига етди.
Албатта дронларни ӯрганиш ва уларни такомиллаштириш ишлари давом этяпти. Замонавий вазиятнинг парадокси шундаки, бир вақтлар Эрон Америка ва бошқа хорижий давлатларнинг дронларини ўрганган бўлса, бугун АҚШ, Европа ва Осиё мутахассислари Эрон аппаратларини диққат билан таҳлил қилмоқда. Ҳар бир қўлга киритилган ёки уриб туширилган Shahed техник разведка нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотади.
Унинг компонентларини таҳлил қилиш таъминот занжирларини тушуниш, айрим элементларнинг келиб чиқишини аниқлаш, ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражасини баҳолаш ва бутун тизимнинг заиф нуқталарини аниқлаш имконини беради.
Лекин шуни ҳам айтиб ӯтиш керакки, 2026 йилда CSIS томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, Эрон саноати маҳаллийлаштириш борасида сезиларли илгарилаган бўлса-да, айрим материаллар ва компонентлар бўйича халқаро таъминот занжирларига ҳануз боғлиқ.
Асосий хулоса
Shahed дронлари тарихи XXI асрда технологик устунлик фақат энг мукаммал машиналарга эга бўлиш билан белгиланмаслигини кўрсатади. Бундан кам бўлмаган даражада муҳим жиҳат — давлатнинг ӯз рақибидан тезроқ ўрганиш қобилиятидир.
Эрон АҚШ билан таққосланадиган ҳарбий-саноат базаси ва бюджетга эга эмас. Бироқ у муҳандислик мослашуви, оммавий ишлаб чиқариш, тижорат электроникасидан фойдаланиш, жанговар тажрибани жамғариш ва хорижий технологияларни таҳлил қилишни бирлаштирган моделни яратди.
Охир-оқибат, замонавий ҳарбий-технологик пойга тобора камроқ даражада алоҳида қурол намунаси мусобақасига, тобора кўпроқ билим олиш тезлиги борасидагимусобақага айланиб бормоқда. Ким рақибининг ечимларини тезроқ ўрганса, ўз технологияларини тезроқ мослаштирса ва билимни серияли ишлаб чиқаришга тезроқ айлантирса, ўша устунликка эга бўлади. Эроннинг дронлар тарихи — бу янги қоиданинг энг яққол мисолларидан бири, десак муболаға бӯлмайди.
Абулфайз Сайидасқаров
