Денов туманида фуқаронинг уй-жойи бузилиши юзасидан Олий суд расмий баёнот берди
Суғориладиган ер давлат мулки бўлиб, шахсий мулк бўла олмайди. Бу тегишли қонун ва кодексларда белгилаб қўйилган.

Денов туманида фуқаронинг уй-жойи бузилиши юзасидан Олий суд расмий баёнот берди.
Аниқланишича, фуқаролар Абдусалом Аҳмадов ва Насиба Чариева Денов тумани Чуқурқишлоқ маҳалласида жойлашган “Раҳмон тараққиёт омад” чорвачилик-боғдорчилик корхонасига тегишли суғориладиган экин ер майдонидан ўзбошимчалик билан уй-жой ва ёрдамчи биноларни қурган.
Суд қарори билан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларни мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.
Чунки суғориладиган ер давлат мулки бўлиб, шахсий мулк бўла олмайди. Хусусан, Ер кодексига ва тегишли қонунчиликка, жумладан, 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари фуқароларнинг хусусий мулкига ўтказилиши мумкин эмас, дейилади Олий суд баёнотида.
"Суғориладиган ер мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигининг асосидир. Қишлоқ хўжалиги ери йўқолиши демак, келажакда халқимизни озиқ-овқат билан таъминлаш манбаини йўқолиши дегани. Шу боис қонун бунда ерни фақат бугунги эҳтиёж учун эмас, келажак авлодлар манфаатини ҳам кўзлаб қаттиқ ҳимоя қилади. Суд буни ҳам асос сифатида кўрсатган", дея таъкидланади баёнотда.
Жавобгарлар бу ерни ноқонуний эгаллаб қуриш жараёнида масъул органлар: кадастр, маҳалла, ер тузиш хизмати томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган. Яъни, бу тўсатдан ҳеч кимга маълум бўлмаган ҳолда содир бўлган воқеа эмас. Одамлар билиб туриб, огоҳлантиришга қарамай қурилишни давом эттиришган.
Суд бирданига буздириш деган қарорга келмаган. Аввало ҳуқуқбузарликни бартараф этишнинг бошқа йўллари қўлланилади. Фақат бошқа барча йўллар натижа бермаганда, ер тоифаси мутлақо ўзгартириб бўлмайдиган суғориладиган ер эканлиги исботланганда, суд охирги чора сифатида бузиб ташлаш каби қатъий чорага мурожаат қилади.
Бундан ташқари, бу ер расман" Раҳмон тараққиёт омад" корхонасига тегишли бўлган. Жавобгарлар ерни эгаллаб олиши билан фақат давлат манфаатини эмас, балки шу ердан қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхонанинг ҳам ҳуқуқини поймол қилишган. Шунингдек, Насиба Чариева суғориладиган ер участкасини ноқонуний эгаллаб олганлиги учун жиноят жавобгарликка тортилган.
Суднинг қарори кучга кирган бўлса-да, 2026 йил 13 мартда тафтиш инстанцияси инсонпарварлик нуқтаи назаридан суд қарори ижросини тўхтатиб берган. Аризачига қонун бузилиши оқибатини ихтиёрий бартараф қилиш учун давлат томонидан салкам икки йилга яқин имконият берилган.
Таъкидлаш керакки, суғориладиган ер майдонларини ноқонуний эгаллаб бинолар қуришнинг ҳуқуқий оқибатлари мавжуд. Чунки бундай ер майдонлари қонун томонидан алоҳида муҳофаза қилинади.
