Хиросима ва Нагасаки: инсоният унутишга ҳаққи бўлмаган сабоқ
Тарихчилар атом бомбаларининг қўлланилиши ҳарбий жиҳатдан зарур бўлганми ёки бошқа йўллар мавжуд эдими, деган масалада турлича фикр билдириб келмоқда. Бироқ бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор эта олмайди: Хиросима ва Нагасаки инсониятга ядро қуролининг ҳақиқий ҳалокатли кучини кўрсатди ва уруш ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборди.

6 август — Хиросима. 9 август — Нагасаки. Бу саналар инсоният тарихига XX асрнинг энг катта гуманитар фожиаларидан бири сифатида муҳрланган. 2026 йил август ойида дунё Япониянинг ушбу шаҳарларига атом бомбаси ташланганига 81 йил тўлганини хотирлайди. Юз минглаб инсонларнинг ҳалок бўлиши, минглаб оилалар тақдирининг барбод бўлиши, радиация оқибатларидан азият чеккан авлодлар — буларнинг барчаси ядро даври бошланишининг даҳшатли нархи бўлди.

1945 йил августи: ядро даврининг бошланиши
1945 йил ёзида Иккинчи жаҳон уруши ўз ниҳоясига яқинлашаётган эди. Германия таслим бўлган, аммо Япония ҳали ҳам иттифоқчи кучларга қаршилик кўрсатишда давом этарди.
1945 йил 6 август куни АҚШнинг B-29 Enola Gay стратегик бомбардимончи самолёти Хиросима шаҳри устига Little Boy («Кичкинтой») деб номланган атом бомбасини ташлади. Ушбу бомба уран-235 асосида яратилган эди.
Бир неча сония ичида шаҳар марказининг катта қисми вайрон бўлди. Бир неча минг даража ҳарорат, кучли зарба тўлқини ва ёнғинлар ўн минглаб инсонларни бир зумда ҳаётдан маҳрум қилди. Турли тарихий манбаларга кўра, 1945 йил охирига келиб портлаш, оғир куйишлар ва радиация таъсири оқибатида Хиросимада тахминан 140 минг киши ҳалок бўлган.

Орадан уч кун ўтиб, 9 август 1945 йилда, АҚШнинг B-29 Bockscar самолёти иккинчи атом бомбаси — Fat Man («Бақалоқ»)ни Нагасаки шаҳрига ташлади. Дастлаб нишон сифатида Кокура шаҳри белгиланган эди, аммо об-ҳавонинг ноқулайлиги сабабли самолёт йўналиши ўзгартирилди. Нагасакининг тоғли ҳудудда жойлашгани портлаш кучининг бир қисмини юмшатган бўлса-да, фожиа кўлами мислсиз эди. 1945 йил охиригача бу ерда тахминан 70 минг инсон ҳалок бўлди. 1945 йил 15 август куни Япония императори Хирохито мамлакат таслим бўлишини эълон қилди. 2 сентябрь куни эса Япониянинг расмий таслим бўлиш ҳужжати имзоланиб, Иккинчи жаҳон урушига расман якун ясалди.
Бугунга қадар тарихчилар атом бомбаларининг қўлланилиши ҳарбий жиҳатдан зарур бўлганми ёки бошқа йўллар мавжуд эдими, деган масалада турлича фикр билдириб келмоқда. Бироқ бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор эта олмайди: Хиросима ва Нагасаки инсониятга ядро қуролининг ҳақиқий ҳалокатли кучини кўрсатди ва уруш ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборди.
Инсоният учун оғриқли сабоқ
Хиросима ва Нагасаки шунчаки вайрон қилинган икки шаҳар эмас. Улар янги давр — ядровий қарама-қаршилик даврининг рамзига айланди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг дунё тез орада икки йирик сиёсий-ҳарбий лагерга бўлинди. Совуқ уруш бошланди ва у мисли кўрилмаган қуролланиш пойгасига сабаб бўлди.
АҚШ, Совет Иттифоқи ва кейинчалик бошқа давлатлар ҳам ўз ядровий арсеналларини ярата бошлади. Шу даврда «ўзаро кафолатланган йўқ қилиш» тамойили шаклланди. Унга кўра, ядровий қуролдан фойдаланиш ҳар қандай томон учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин эди.
Айнан Хиросима ва Нагасаки хотираси халқаро ҳамжамиятни қуролларни назорат қилиш, ядровий қуролларни тарқатмаслик ва стратегик хавфсизлик соҳасида дипломатик механизмларни яратишга ундади.
Дунё яна хавфли чегара олдида
Назарий жиҳатдан, Хиросима ва Нагасаки фожиаси инсониятни ядровий оммавий қирол қуролларидан бутунлай воз кечишга ишонтириши керак эди. Аммо бугунги халқаро вазият шуни кўрсатмоқдаки, ўтмиш сабоқлари ҳали ҳам тўлиқ англаб етилмаган. Дунё яна ҳарбий кескинликнинг кучайиши, янги қуролланиш пойгаси, ядровий арсеналларни модернизация қилиш ва хавфли сиёсий баёнотлар даврига кириб бормоқда.
2026 йилда халқаро муносабатларда қуролланиш пойгаси янада кучайди. Йирик давлатлар ҳарбий харажатларини оширмоқда, стратегик қуролларни модернизация қилмоқда, янги авлод ракеталарини ишлаб чиқмоқда ва ядровий салоҳиятини такомиллаштирмоқда.
Совуқ уруш тугаганидан кейин дунёда ядровий қуролларни қисқартириш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро назорат механизмларини ривожлантириш ҳақида кўп гапирилди. Аммо бугунги геосиёсий вазият аксинча, ишончсизлик ва қарама-қаршиликнинг ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Энг катта хавфлардан бири — ядро қуроли мавзусининг сиёсий босим воситаси сифатида қўлланилаётганидир. Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг Россия раҳбарияти томонидан бир неча бор ядровий салоҳият билан боғлиқ баёнотлар берилди. Россия президенти Владимир Путин ва бошқа расмий шахсларнинг мамлакат ядровий имкониятлари ҳақидаги чиқишлари халқаро ҳамжамиятда жиддий хавотир уйғотди.
Кўплаб давлатлар ва халқаро экспертлар таъкидлаганидек, ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги ҳар қандай баёнот халқаро тарангликни кучайтириши, хавфли ҳисоб-китоб хатоларига олиб келиши ва ядровий қуролдан фойдаланиш масаласини «оддий сиёсий восита» сифатида қабул қилиш хавфини ошириши мумкин. Ядровий қурол — оддий ҳарбий восита эмас. Унинг қўлланилиши бутун инсоният учун қайтариб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Корея ярим оролидаги хавфли вазият
Яна бир жиддий хавотир манбаи — Корея ярим оролидаги вазиятдир.
Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) ўзининг ядровий дастурини ривожлантиришда давом этмоқда, баллистик ракеталар синовларини ўтказмоқда ва ҳарбий салоҳиятини оширишга интилаётганини намойиш қилмоқда.
КХДР атрофидаги вазият бугун фақат минтақавий муаммо эмас. Ядровий қуролга эга ҳар қандай давлат томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган нотўғри қарор, рақибнинг ҳаракатларини нотўғри баҳолаш ёки сиёсий кескинликнинг назоратдан чиқиши бутун дунё учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Тарих шуни кўрсатадики, йирик урушлар доимо олдиндан режалаштирилган қарорлар натижасида бошланмайди. Баъзан уларга нотўғри ҳисоб-китоб, шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарор ёки вазиятни нотўғри тушуниш сабаб бўлиши мумкин.
Бугунги кунда дунёда мавжуд бўлган минглаб ядровий жанговар каллаклар шароитида бундай хатонинг баҳоси бутун инсоният тақдири билан ўлчанади.
Замонавий ядро қуроли — мислсиз хавф
Яна бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак: бугунги ядровий қуроллар 1945 йилда Хиросима ва Нагасакида қўлланган бомбалардан анча кучли. Ўша пайтда икки шаҳар вайрон бўлган бўлса, ҳозирги замонавий ядровий қуролларнинг ҳатто чекланган миқдорда қўлланилиши ҳам миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келиши мумкин.
Бундай фожиа катта ҳудудларни радиоактив зарарлантириши, шаҳарлар ва муҳим инфратузилмаларни вайрон қилиши, улкан гуманитар инқироз келтириб чиқариши, жаҳон иқтисодиётига жиддий зарар етказиши, экологик мувозанатга узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Айрим мутахассислар кенг кўламли ядровий можаро атмосферага катта миқдорда тутун ва зарарли моддалар чиқариб, глобал иқлимга таъсир қилиши мумкинлигини ҳам таъкидлайдилар. Шу сабабдан ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги ҳар қандай баёнот, қайси давлат томонидан билдирилишидан қатъи назар, энг юқори масъулият билан баҳоланиши керак. Ядровий давлатлар раҳбарларининг асосий вазифаси нафақат ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, балки бутун инсоният олдидаги тарихий масъулиятини англашдан иборат.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё — ядросиз ҳудуд сифатидаги тарихий танлов
Бугунги беқарор дунё шароитида Марказий Осиё давлатларининг тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади. Хиросима ва Нагасаки фожиаси ядро қуролининг қандай ҳалокатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатган бўлса, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг тажрибаси тинчлик ва хавфсизлик йўли ҳам мавжудлигини намоён этди.
1990-йиллар бошида минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан сўнг муҳим тарихий танлов олдида турди. Собиқ Совет Иттифоқидан қолган ҳарбий объектлар, ядровий инфратузилма ва синов майдонлари мавжуд эди. Бироқ Марказий Осиё давлатлари қуролланиш йўлини эмас, балки тинчлик ва барқарорлик йўлини танлади.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ ядровий қуролларни тарқатмаслик сиёсатини қўллаб-қувватлади ва минтақани ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш ташаббусларида фаол иштирок этди. 1991 йилда Ўзбекистон ҳудудидаги ядровий синовларга алоқадор объектлар фаолияти тўхтатилди. Бу қарор нафақат ташқи сиёсат йўналиши, балки миллий хавфсизлик ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятнинг ифодаси бўлди.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий натижаси сифатида 2006 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома — Семипалатинск шартномаси имзоланди. Мазкур халқаро келишув минтақа давлатларини ядровий қурол ишлаб чиқармаслик, уни жойлаштирмаслик, синовдан ўтказмаслик, ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш мажбуриятлари билан боғлади.
Тийиб туриш воситасидан — глобал таҳдидгача
Хиросима ва Нагасаки сабоғи Марказий Осиё давлатлари танлаган йўлнинг нақадар муҳим ва тўғри эканини яна бир бор кўрсатади: инсониятнинг келажаги ҳалокатли қуролларни кўпайтиришда эмас, балки уларни чеклаш, назорат қилиш ва охир-оқибат ядровий қуролдан холи дунё барпо этишга интилишдадир.
Ядровий қурол тарафдорлари кўпинча уни «тийиб туриш воситаси» сифатида баҳолайдилар. Уларнинг фикрича, йирик давлатларнинг ядровий салоҳиятга эга бўлиши ўзаро қўрқув орқали катта урушларнинг олдини олади. Бироқ бу ёндашувнинг ўзи катта хавфларни ҳам ўз ичига олади. Чунки хавфсизликни доимий равишда қўрқув ва ўзаро таҳдид асосида қуриш барқарор тинчликни таъминлай олмайди.
Тарих шуни кўрсатадики, ҳатто энг кучли давлатлар ҳам баъзан нотўғри қарор қабул қилиши, вазиятни хато баҳолаши ёки сиёсий ҳисоб-китобларда адашиши мумкин.
Совуқ уруш даврида дунё бир неча марта ядровий тўқнашув хавфига жуда яқин келган. Айрим ҳолатларда фақат инсонларнинг эҳтиёткорлиги, мулоҳазали қарорлари ва охирги дақиқадаги дипломатик ҳаракатлар катта фожианинг олдини олган.
Бугун эса вазият яна мураккаблашмоқда. Янги технологиялар, тезкор ракета тизимлари, киберхавфлар ва автоматлаштирилган қарор қабул қилиш механизмлари ядровий хавфларни янада ошириши мумкин. Шунинг учун ядровий қурол масаласида энг муҳим тамойил — масъулият ва эҳтиёткорликдир.
Хулоса
Бугун инсоният яна танлов олдида турибди:
Биринчи йўл — қарама-қаршилик, қуролланиш пойгаси, ўзаро таҳдидлар ва ишончсизлик йўли.
Иккинчи йўл — мулоқот, дипломатия, халқаро ҳуқуқ ва ўзаро ҳурмат асосидаги тинчлик йўли.
Хиросима ва Нагасаки қурбонларининг хотираси барча давлатларга қарата айтилган жиддий огоҳлантиришдир. Ядровий урушнинг баҳоси ҳар қандай сиёсий манфаат, ҳудудий даъво ёки геосиёсий рақобатдан беқиёс даражада юқоридир. Инсоният 1945 йилда ядровий қурол қандай даҳшат келтириши мумкинлигини кўрди. Агар ўша сабоқ унутилса, келажакдаги оқибатлар янада оғир бўлиши мумкин.
Хиросима ва Нагасаки хотираси инсониятга доимо бир ҳақиқатни эслатиб туриши лозим: ядровий урушда ғолиб бўлмайди. Бундай урушда ҳар қандай натижа — умумий фожиа бўлади. Унинг олдини олиш — барча давлатлар ва барча халқларнинг умумий вазифасидир.
Абулфайз Сайидасқаров
