platina.uz
Мақола

Туғилиш орқали фуқаролик: Трамп АҚШ Конституциясини биргина фармон билан ўзгартира оладими?

Birthright citizenship, яъни туғилиш орқали фуқаролик, инсон давлат ҳудудида туғилгани ва қонун билан белгиланган шартларга жавоб бергани асосида фуқароликка эга бўлишини англатади. Америка тизимида бу анъана jus soli — "ер ҳуқуқи" тамойили деб аталади.

Туғилиш орқали фуқаролик: Трамп АҚШ Конституциясини биргина фармон билан ўзгартира оладими?

Вашингтон яна бир бор оддий миграция масаласини эмас, балки Америка фуқаролигининг энг қадимий тамойилларидан бирини муҳокама қилмоқда. Ҳозир гап Фуқаролик уруши давридан кейин шаклланган ва бир асрдан ортиқ вақт давомида АҚШ Олий суди томонидан тасдиқланган тамойил ҳақида кетмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп «туғиш туризми»га қарши кураш эълон қилди. Бироқ бу атама ортида анча фундаментал савол яширин: АҚШ етакчиси Америка фуқаролигига ким эга бўлиши ҳақидаги конституциявий тушунчани ўзгартириш ҳуқуқига эгами?

Парадокс вазият

Доналд Трамп биринчи марта 2025 йилда туғилиш орқали фуқароликка чеклов қўйишга уриниб кўрган ва АҚШ Олий судида мағлуб бўлган эди. 2026 йил 30 июнда суд Trump vs Barbara иши бўйича АҚШ ҳудудида ота-онаси мамлакатда ноқонуний ёки вақтинчалик мақомда бўлган ҳолда туғилган болалар ҳам АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишга мувофиқ фуқаролик олишини тасдиқлади. Бироқ орадан бир ойдан сал кўпроқ вақт ўтиб, Трамп яна ўша масалага қайтди — бу сафар «туғиш туризми» деб аталадиган амалиётга қарши қаратилган иккита янги фармонни тақдим этди. Бу энди оддий миграция сиёсати ҳақидаги баҳс эмас. Бу президент ваколатларининг Конституция, суд прецеденти ва Американинг фуқаролик концепцияси билан тўқнашувидир.

Бола Америкада туғилса нима бўлади?

Аввало, сиёсий баёнотларда кўпинча чалкаштириб юбориладиган бир нечта тушунчани ажратиб олиш керак.

Birthright citizenship, яъни туғилиш орқали фуқаролик, инсон давлат ҳудудида туғилгани ва қонун билан белгиланган шартларга жавоб бергани асосида фуқароликка эга бўлишини англатади. Америка тизимида бу анъана jus soli — «ер ҳуқуқи» тамойили деб аталади.

Бугунги кунда бу тамойилнинг асосий ҳуқуқий асоси икки қоидадан иборат. Биринчиси — 1868 йилда ратификация қилинган АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишнинг биринчи бўлими.

Иккинчиси — АҚШ федерал қонунининг 8 U.S.C. §1401 моддаси бўлиб, у Конституциядаги формулани деярли такрорлайди: АҚШ ҳудудида туғилган ва «унинг юрисдикциясига бўйсунувчи» шахс туғилиш пайтидан АҚШ фуқароси ҳисобланади.

Бошқача айтганда, амалдаги Америка ҳуқуқ тизимида АҚШ ҳудудида хорижлик ота-онадан туғилган бола одатда туғилган пайтданоқ АҚШ фуқароси ҳисобланади. Бунда ота-онанинг фуқаролиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас.

Она мамлакатда вақтинча бўлиши мумкин. Ота-она АҚШ фуқароси бўлмаслиги мумкин. Улардан бири ёки иккаласи ҳам мамлакатда миграция қоидаларини бузган ҳолда бўлиши мумкин. Бу ҳолатларнинг ўзи анъанавий ёндашувга кўра боланинг фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум бўлишига асос бўлмайди. Айнан шу нуқта Трамп маъмурияти томонидан баҳсга қўйилмоқда.

Нега Америка бундай тамойилга ўтган?

Бугунги низонинг кўламини тушуниш учун бир ярим аср ортга қайтиш лозим.

Конституцияга 14-тузатиш АҚШдаги Фуқаролик уруши тугаганидан кейин — Реконструкция даврида қабул қилинган. Ўша пайтда Америка миллионлаб собиқ қулларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаши керак эди. Асосий муаммолардан бири уларнинг фуқаролик мақоми эди.

Бундан аввал, 1857 йилда АҚШ Олий суди машҳур Dred Scott v. Sandford ишида аксинча хулосага келган: суд кўпчилигининг фикрига кўра, африкаликлар авлодига мансуб одамлар АҚШ фуқароси бўла олмас эди. 1868 йилдаги конституциявий тузатиш ана шу тарихий саҳифани ёпиши керак эди. Унинг формулировкаси атайлаб кенг олинган: «АҚШда туғилган ёки фуқароликка қабул қилинган ва унинг юрисдикциясига бўйсунувчи барча шахслар» фуқаро деб эълон қилинди.

Бу жуда муҳим жиҳат. 14-тузатиш шунчаки миграция ҳақидаги қонун эмас. У АҚШ Конституциясининг бир қисмига айланди. Америка ҳуқуқ тизимида эса Конституция оддий федерал қонунлар ва президент фармонларидан юқори туради. Шунинг учун бу масалани Оқ уйнинг оддий фармони билан ҳал қилиш мумкин эмас.

Конституцияда истиснолар йўқми?

Хўш, Конституцияда истиснолар борми? Бор! Трамп маъмуриятининг бугунги ҳуқуқий аргументацияси ҳам айнан шу нуқтага таянади.

«Subject to the jurisdiction thereof» — «Америка Қўшма Штатлари юрисдикциясига бўйсунувчи» деган ибора ҳақиқатан ҳам туғилиш орқали фуқаролик мутлақо истисносиз эканини англатмайди.

Америка конституциявий ҳуқуқи тарихан бир нечта тор доирадаги истисноларни тан олган. Жумладан, хорижий дипломатик вакилларнинг фарзандлари ҳамда халқаро ҳуқуқ асосида махсус иммунитетга эга бўлган айрим шахсларнинг фарзандлари бундан мустасно бўлиши мумкин. Конгресснинг Конституция Annotated нашрида ҳам ушбу истиснолар кўрсатилган.

Бироқ бу «ноқонуний мигрантнинг фарзанди фуқаро эмас» деган хулоса билан мутлақо бир хил эмас. Мана шу ерда асосий ҳуқуқий фарқ пайдо бўлади. Дипломат махсус иммунитетга эга. Шу сабабли унинг АҚШ давлатининг юрисдикцияси билан ҳуқуқий алоқаси халқаро ҳуқуқ билан чекланган.

Оддий хорижлик сайёҳ эса бундай мақомга эга эмас. Миграция қоидаларини бузган хорижлик ҳам бундай мақомга эга эмас. У АҚШ юрисдикцияси остида бўлади, чунки АҚШ қонунлари унга нисбатан ҳам амал қилади. Давлат уни ушлаши, жавобгарликка тортиши, жарима солиши ёки депортация қилиши мумкин. Демак, давлат унга нисбатан ҳуқуқий ҳокимиятга эга.

Шунинг учун маъмуриятнинг ноқонуний миграция мақомини АҚШ юрисдикциясига бўйсунмаслик билан тенглаштиришга уриниши ҳозирги конституциявий баҳснинг асосий нуқтасидир.

Тарих бу саволга 1898 йилдаёқ жавоб берган

Бу масала тарихида бир муҳим исм— Вонг Ким Арк ҳақида эслаш шарт. У Сан-Францискода хитойлик муҳожирлар оиласида туғилган. Унинг ота-онаси АҚШ фуқароси эмас эди. Хитойлик муҳожирлар натурализация жараёнидан фойдалана олмаган, уларга нисбатан жиддий чекловлар мавжуд бўлган даврда Вонг Ким Арк Хитойга сафаридан кейин АҚШга қайтишга ҳаракат қилган ва унинг фуқаролиги шубҳа остига олинган.

Иш Олий судгача борди. 1898 йилда Олий суд United States v. Wong Kim Ark, 169 U.S. 649 иши бўйича АҚШда хорижлик ота-онадан туғилган шахс, умумий қоидага кўра, АҚШ фуқароси ҳисобланишини белгилади. Бу қарор 14-тузатишни замонавий талқин қилишда фундаментал прецедентга айланди.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Вонг Ким Аркнинг ота-онаси Америка фуқароси эмас эди. Демак, туғилиш орқали фуқаролик фақат АҚШ фуқаролари ёки доимий резидентларнинг фарзандларига берилади, деган фикр Трампдан анча олдин шаклланган Америка ҳуқуқий анъанасига мос келмайди.

«Туғиш туризми» нима дегани?

Энди масаланинг иккинчи қатлами пайдо бўлади. Birth tourism, яъни «туғиш туризми» — хорижлик аёлнинг, хусусан, боласи туғилиши натижасида АҚШ фуқаролигини олиши мақсадида Америкага келишидир. АҚШда хорижлик аёлнинг фарзанд кўриши ўз-ўзидан жиноят ҳисобланмайди. Бироқ Америка давлати АҚШга айнан бола туғиш ва унга фуқаролик олиш мақсадида туристик виза орқали киришга қаратилган схемаларга анча олдиндан қарши курашиб келади.

Масалан, 2020 йил январь ойида АҚШ Давлат департаменти B тоифасидаги визаларни бериш қоидаларини ўзгартирди. Консуллик ходимларига сафарнинг асосий мақсади болани АҚШда туғдириш ва унга Америка фуқаролигини олиб бериш эканига асосли гумон бўлса, бундай визани беришдан бош тортиш кўрсатмаси берилди. Яъни, Трамп 2026 йилда birth tourism билан курашни ўйлаб топган эмас. Бу амалиётга қарши кураш унинг президентлигигача ҳам мавжуд эди.

Бундан ташқари, 2026 йил апрель ойида Трамп маъмурияти ICE – иммиграция хизмати доирасида хорижлик ҳомиладор аёлларга болани АҚШда туғиш ва унга фуқаролик олиш мақсадида сафарни ташкиллаштиришга ёрдам берадиган тармоқларни аниқлашга қаратилган махсус ташаббусни бошлади. Шу билан бирга, Reuters таъкидлаганидек, АҚШда туғиш туризми кўламини аниқ кўрсатиб берувчи расмий статистика мавжуд эмас.

Айрим нодавлат ташкилотлар ҳисоб-китобларига кўра, 2016–2017 йилларда АҚШда ҳар йили тахминан 20–25 мингта шундай туғилиш қайд этилган. Бу жиддий рақам, аммо 2025 йилда АҚШда тахминан 3,6 миллион чақалоқ туғилганини ҳисобга олсак, улуш унчалик катта эмас. Шунинг учун Трамп тилга оладиган «юз минглаб» деган кўрсаткичга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Бу рақамни тасдиқлайдиган ишончли расмий статистика мавжуд эмас.

Яна бир муҳим жиҳат: туғиш туризми ва хорижликларнинг АҚШда оддий фарзанд кўриши бир хил нарса эмас. Ҳомиладор аёл АҚШга қонуний мақсадда — масалан, ўқиш, ишлаш, оиласини кўриш ёки сайёҳлик учун келиши ва кутилмаганда фарзанд кўриши мумкин. Бу ҳуқуқий жиҳатдан туғишдан бошлаб фуқаролик олиш мақсадида олдиндан ташкиллаштирилган сафардан бутунлай фарқ қилади.

Трампнинг биринчи зарбаси

2025 йил 20 январда, иккинчи президентлик муддатининг биринчи кунида Трамп **Executive Order 14160 — «Америка фуқаролигининг маъноси ва қадрини ҳимоя қилиш» номли фармонни имзолади. Унда Трамп маъмурияти 14-тузатиш АҚШ ҳудудида туғилган барча шахсларга фуқароликни кафолатламайди, деган позицияни билдирди. Фармон федерал органларга айрим тоифадаги АҚШда туғилган болаларнинг фуқаролигини тан олмаслик бўйича кўрсатма берди.

Чеклов, жумладан, она АҚШда ноқонуний бўлган, ота эса АҚШ фуқароси ёки қонуний доимий резиденти бўлмаган ҳолатларга тааллуқли эди. Шунингдек, она АҚШда қонуний, аммо вақтинчалик — масалан, туристик, талабалик ёки иш визаси асосида бўлган, ота эса фуқаро ёки доимий резидент бўлмаган ҳолатлар ҳам қамраб олинган.

Бу энди визаларни суиистеъмол қилишга қарши кураш ҳақидаги оддий фармон эмас эди. Президент бола туғилиши натижасида юзага келадиган ҳуқуқий натижанинг ўзини ўзгартиришга уринди. Шу сабабли фармонга қарши деярли дарҳол суд ишлари бошланди.

Олий суд: Трамп мағлуб бўлди, аммо баҳс тугамади

2026 йил 30 июнда АҚШ Олий суди Trump v. Barbara, №25-365 иши бўйича қарор қабул қилди. Қарор 6–3 овоз билан қабул қилинди. Кўпчилик фикрини Олий суд раиси Жон Робертс ёзди. Унга Соня Сотомайор, Елена Каган, Эми Кони Барретт ва Кетанджи Браун Жексон қўшилди. Бретт Кавано алоҳида қўшилувчи фикр билдирди; Кларенс Томас, Нил Горсач ва Сэмюэл Алито эса қарши чиқди.

Суднинг асосий хулосаси шундан иборат бўлдики: АҚШда ота-онаси мамлакатда ноқонуний ёки вақтинча мақомда бўлган ҳолда туғилган болалар ҳам АҚШ юрисдикциясига бўйсунувчи шахслар ҳисобланади ва 14-тузатишга мувофиқ туғилиш пайтида фуқароликка эга бўлади. Бу Трамп маъмуриятининг асосий ҳуқуқий конструкциясига жиддий зарба бўлди. Трампнинг дастлабки фармони у кўзлаган шаклда кучга кирмади.

Нега Трамп тўхтамади?

Чунки бу масала унинг миграция дастури учун сиёсий жиҳатдан жуда муҳим. Шунинг учун 2026 йил 6 августда президент яна иккита янги фармонни имзолади.

Биринчи фармон маъмурият фикрига кўра, фарзандлари автоматик равишда фуқаролик олмаслиги керак бўлган шахслар тоифасини кенгайтиришга қаратилган. Унда, жумладан, АҚШнинг хорижий душманлари ва хорижий террорчилик ташкилотлари аъзолари, шунингдек, 14-тузатишда тарихан тан олинган айрим истисноларга эътибор қаратилган.

Иккинчи фармон эса бевосита birth tourism’га қарши қаратилган бўлиб, болага фуқаролик олиб бериш мақсадида АҚШга сафарларни ташкил этиш амалиётига қарши чораларни назарда тутади. Трамп атайлаб янги конструкцияни торроқ қилиб олди.

Маъмурият мантиғи оддий: агар Олий суд болаларнинг улкан тоифаси учун туғилиш орқали фуқароликни бекор қилиш уринишини рад этган бўлса, 14-тузатишнинг ўзи тан оладиган тарихий истисноларни кенгроқ талқин қилишга уриниб кўриш мумкин. Аммо айнан шу ерда янги ҳуқуқий жанг бошланиши мумкин.

Конституция ёки президент фармони — қайси бири устун?

Америка ҳуқуқининг асосий қоидаси аниқ: Конституция президент фармонидан устун!

Президент ижро ҳокимияти соҳасида кенг ваколатларга эга. У федерал агентликларга кўрсатмалар бериши, қонунларни қўллаш тартибини белгилаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш устуворликларини аниқлаши мумкин.

Аммо президент Конституцияни мустақил равишда қайта ёза олмайди. Бу ҳолатда маъмурият учун муаммо янада жиддий: 14-тузатиш 1868 йилдан бери амалда, Олий суд эса Вонг Ким Арк ишида XIX асрнинг ўзида унинг кенг қўлланилишини белгилаган.

Агар президент фармони Конституцияга зид бўлса, судлар уни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Трампнинг биринчи уриниши билан айнан шундай ҳолат юзага келди. Шунинг учун «Трампнинг фармони Конституцияга зид эмасми?» деган саволга жавоб нисбатан аниқ: 2025 йилдаги дастлабки фармон АҚШ Конституциясидаги туғилиш орқали фуқаролик кафолатига мос келмаслиги судлар томонидан тан олинди. 2026 йил август ойидаги янги фармонларнинг конституциявийлиги эса ҳали судларда тўлиқ кўриб чиқилиши керак, аммо улар ҳам жиддий конституциявий шубҳалар остида.

Трамп ҳеч нарса қила олмайдими?

Йўқ. Бу ерда энг муҳим фарқ мавжуд. Трамп туғиш туризмини миграция амалиёти сифатида чеклашга уриниши мумкин, бунда туғилиш орқали фуқаролик тамойилини бутунлай бекор қилиш шарт эмас. Маъмуриятнинг бунинг учун воситалари аллақачон мавжуд. Масалан, виза аризаларини янада қатъий текшириш мумкин. Сафарнинг асосий мақсади болага фуқаролик олиб бериш экани аниқланса, виза беришни рад этиш мумкин.

Ёки бўлмаса, ташкиллаштирилган схемалар бўйича тергов ўтказиш мумкин. Ҳужжатларни расмийлаштиришдаги фирибгарликка қарши курашиш мумкин. Турли воситачилар ва хизмат кўрсатувчи компанияларнинг қонунни бузишига қарши чора кўриш мумкин. Буларнинг барчаси амалдаги ҳуқуқий механизмлар доирасида мумкин.

Бироқ бошқа масала анча мураккаб: АҚШда туғилган бола фақат унинг ота-онаси вақтинча ёки ноқонуний мақомда бўлгани учун фуқаро эмас, деб эълон қилиш қийин. Бу икки мутлақо бошқа вазифа.

Биринчи ҳолат — ота-онанинг хатти-ҳаракатини тартибга солиш.

Иккинчиси — боланинг конституциявий мақомини белгилаш.

Трамп айнан иккинчи масалани энг баҳсли усул билан ҳал қилишга уринмоқда.

Трампнинг имконияти борми?

Тан олиш керак, Трампнинг қисман сиёсий натижага эришиш имконияти мавжуд. У виза назоратини кучайтириши мумкин. Туғиш туризмида гумон қилинаётган ҳомиладор аёллар учун АҚШга кириш жараёнини мураккаблаштириши мумкин. Ташкиллаштирилган схемаларга қарши курашиши мумкин. Конгрессдан янги қонун талаб қилиши мумкин.

Аммо сайёҳлар, вақтинчалик мигрантлар ёки ноқонуний мигрантларнинг фарзандлари учун туғилиш орқали фуқароликни оддий президент фармони билан бекор қилиш имконияти жуда чекланган. Бунинг учун Трамп бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳуқуқий тўсиқни енгиши керак.

Агар сиёсий кўпчилик туғилиш орқали фуқаролик тамойилини нотўғри деб ҳисобласа, Конституция унга қонуний йўлни кўрсатиб қўйган: Конституциянинг ўзини ўзгартириш лозим. Бу йўл атайлаб қийинлаштирилган.

Америка ўзини ўзи синовдан ўтказмоқда

Ҳозирги можаронинг ҳақиқий мазмуни шунда. Трампнинг туғилиш орқали фуқаролик олиш масаласи билан боғлиқ баҳси фақат мигрантлар ҳақида эмас. Бу президент ваколатларининг чегарасини текширувчи синовдир.

Президент мамлакатни ўзгартиришга ваъда бериши мумкин. Сайловчилар мандатини олиши мумкин. Судьяларни тайинлаши мумкин. Ижро ҳокимиятини бошқариши мумкин. Конгрессдан янги қонунлар қабул қилишни талаб қилиши мумкин. Аммо Америка Конституцияси бошқа тамойилга асосланган: ҳатто президент ҳам асосий қонундан устун турмайди. Шунинг учун туғиш орқали фуқаролик олиш масаласи атрофидаги бугунги можаро бунчалик принципиал тус олди.

Айни пайтда эса вазият шундай: Трампнинг туғилиш орқали фуқароликни чеклашга қаратилган дастлабки уриниши Олий судда мағлубиятга учради; 6 августда имзоланган янги фармонлар эса янги юридик босқични бошлаб берди ва уларга қарши янги суд даъволари берилиши эҳтимоли юқори.

Шундан кейин Америка яна бир эски савол билан юзма-юз келади. Конституциявий республикада ким охир-оқибат кучлироқ — президентми, парламентми, судми ёки Конституция матними?

Америка тизими айнан шу омил устига қурилган: ҳокимиятнинг ҳеч бири «мен - ҳаммадан кучли», деб айта олмайди. Ўзаро тийиб туриш ва назорат механизми ҳозирча ишлаб турибди.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid