Шаҳрисабз тумани ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги "фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид"лигини таъкидлаган.

Аксилкоррупция агентлиги фуқаро хонадонида "тозалик рейди" ўтказган ҳокимга нисбатан тақдимнома киритди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллий аҳолининг хонадонига кириб давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар қилганлиги кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Ҳолат юзасидан агентлик қуйидагиларни маълум қилган:
Ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида вилоят ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди.
Эслатиб ўтамиз, ҳоким тумандаги хонадонлардан бирида бўлиб, у ердаги тозалик ҳолатини кескин танқид қилган ва ҳолат видеоси тармоқларда тарқалганди.
