Формали кийим-бошлар билан боғлиқ қоидалар янада тартибга солинади
Ҳарбий ёки идоравий кийим-бошга ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формани кийиб юрганлик ёки жорий этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни кийиб юрганлик ёки жорий этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Ушбу нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган, дейилади хабарда.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унинг нормалари масъул қўмита ва депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида батафсил муҳокама қилиниб, депутатлар таклифлари асосида ҳужжат матни янада такомиллаштирилгани таъкидланди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши формали кийим-бошлар билан боғлиқ қоидаларни янада тартибга солишга, уларни қонунга хилоф равишда кийиб юриш ёки жорий этиш ҳолларининг олдини олишга, мазкур қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
