"Иссиқлик таъминоти" мансабдорлари сохта маълумотлар асосида салкам 13 млрд сўм субсидия ажратгани аниқланди
Улар Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларда етказиб берилган иссиқлик ҳажмини сунъий ошириб кўрсатишган.

Фарғона вилоятида сохта маълумотлар билан 12,9 млрд сўмлик субсидия ажратилганлиги ҳолати фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда Фарғона вилояти "Иссиқлик таъминоти" МЧЖ мансабдор шахслари 2024–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг январь–май ойларида ҳақиқатда аҳолига 85,7 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилган бўлса-да, вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларга гўёки 212,3 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритган. Сўнгра бюджетдан 12,9 млрд сўм ортиқча субсидия маблағлари ажратилишига эришиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилишига сабаб бўлганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
