platina.uz
Мақола

Нега Москва Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техникавий келишувларни қайта кўриб чиқмоқчи?

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия қарийб ўттиз йил давомида Марказий Осиё қурол-яроғ бозорида устун мавқени сақлаб келди. Бироқ кейинги йилларда мазкур тизим аста-секин ўзгара бошлади. Бунинг асосий сабаби минтақа давлатларининг Россия билан ҳамкорликка қизиқиши сусайганида эмас, балки янги муқобил имкониятлар пайдо бўлганидадир. 

Нега Москва Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техникавий келишувларни қайта кўриб чиқмоқчи?

Халқаро сиёсатда тасодифий уйғунликлар жуда кам учрайди. Кремл деярли бир вақтнинг ўзида Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларни қайта кўриб чиқиш ниятини маълум қилаётган бир пайтда, ахборот майдонида Тошкентнинг Хитойда ишлаб чиқарилган J-10CE қирувчи самолётларини эҳтимолий харид қилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу воқеалар ўртасида тўғридан-тўғри сабаб-оқибат боғлиқлиги бўлмаса-да, уларнинг ҳар иккиси ҳам сўнгги бир неча йил давомида Марказий Осиёда кучлар нисбатини ўзгартираётган жараёнларни акс эттиради.

27 июль куни Россия президенти Владимир Путин имзолаган фармойишларда аниқ тафсилотлар келтирилмаган: Қозоғистон ва Ўзбекистон билан тузилган келишувларнинг айнан қайси бандларига ўзгартиш киритиш режалаштирилаётгани маълум қилинмаган. Бироқ ташаббуснинг ўзиёқ муайян маънога эга. Қозоғистон билан тузилган шартнома 2013 йилдан, Ўзбекистон билан имзоланган келишув эса 2016 йилдан буён амал қилиб келмоқда ва шу давр мобайнида улар Москва билан минтақадаги икки йирик давлат ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг асосини ташкил этди. Агар Кремл бугун мазкур ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни зарур деб ҳисоблаётган бўлса, демак, нафақат ташқи шароит, балки муносабатларнинг ички мантиғи ҳам ўзгарган.

Муқобилсиз ҳамкорлик даври якунланмоқда

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия қарийб ўттиз йил давомида Марказий Осиё қурол-яроғ бозорида устун мавқени сақлаб келди. Бу фақат янги мустақил давлатларнинг Москвага сиёсий жиҳатдан яқинлиги билан эмас, балки объектив омиллар билан ҳам изоҳланарди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари армиялари совет ҳарбий техникаси асосида шаклланган, ягона қуролланиш стандартлари, шахсий таркибни тайёрлаш тизими ва техник хизмат кўрсатиш қоидаларидан фойдаланар эди. Россия корхоналари эса амалда ушбу ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш имкониятига эга ягона тузилмалар бўлиб қолганди.

Шу боис ҳарбий-техникавий ҳамкорлик узоқ вақт давомида умумий совет меросининг табиий давоми сифатида қабул қилинди. Қозоғистон Россиядан Су-30СМ қирувчи самолётлари, Ми-171Ш ва Ми-35М вертолётлари, «Бук-М2Э» ва С-300ПС зенит-ракета мажмуалари ҳамда БТР-82А бронетранспортёрларини қабул қилди. Ўзбекистон эса Ми-35М зарба берувчи вертолётларини сотиб олди, МиГ-29 қирувчиларини модернизация қилди ва янги Россия самолётларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борди.

Бироқ кейинги йилларда мазкур тизим аста-секин ўзгара бошлади. Бунинг асосий сабаби минтақа давлатларининг Россия билан ҳамкорликка қизиқиши сусайганида эмас, балки яқин вақтгача умуман мавжуд бўлмаган муқобил имкониятлар пайдо бўлганидадир.

Хитой ўзиб кетяпти

Ўн–ўн беш йил муқаддам Хитой мудофаа саноати асосан совет ва ғарб ҳарбий техникасининг нисбатан арзон нусхаларини ишлаб чиқарувчи сифатида баҳоланарди. Бугун эса бундай тасаввур ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди. Пекин рақобатбардош ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир замонавий ҳарбий-саноат базасини шакллантирди. У нафақат илғор қурол-яроғ намуналарини, балки жозибадор молиявий шартлар, ҳисоб-китобнинг мослашувчан механизмлари ва шартномаларни бажаришнинг анча қисқа муддатларини ҳам таклиф этмоқда.

Бу ютуқлар айниқса ҳарбий авиация соҳасида яққол кўзга ташланади. «4++» авлодининг энг такомиллашган экспорт версияларидан бири сифатида баҳоланадиган J-10CE қирувчи самолёти аллақачон Покистон Қуролли кучлари сафидан жой олган ва Осиё ҳамда Яқин Шарқнинг қатор давлатларида қизиқиш уйғотмоқда. Агар Ўзбекистон 24 та шундай самолётни харид қилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, бу оддий қурол-яроғ битими бўлиб қолмайди. Амалда бу Хитой ҳарбий авиациясининг ўнлаб йиллар давомида Россиянинг анъанавий устунлик ҳудуди ҳисобланган Марказий Осиёга биринчи йирик кириб келиши бўлади.

Москва учун бундай сценарий нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки ҳарбий-техникавий ҳамкорлик ҳеч қачон фақат қурол-яроғ етказиб бериш билан чекланмайди. Самолётлар ёки ҳаво мудофааси тизимлари билан бирга етказиб берувчи давлат ўнлаб йиллар давомида ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш, техник хизмат кўрсатиш, модернизация ишларини амалга ошириш ва қўшма машғулотларда иштирок этиш имкониятини ҳам қўлга киритади. Бошқача айтганда, қурол-яроғ экспорти узоқ муддатли сиёсий иштирок воситасига айланади.

Нега Кремл айнан ҳозир ҳаракатга тушди?

Келишувларни қайта кўриб чиқиш ташаббусининг расмий изоҳи ҳозирча берилмаган. Бироқ мавжуд вазият унинг эҳтимолий сабаблари ҳақида бир нечта хулосалар чиқариш имконини беради.

Биринчидан, Россия ўз ҳарбий-саноат мажмуасининг Марказий Осиёдаги сўнгги йирик бозорлардан биридаги мавқеини сақлаб қолишга интилмоқда. Украинадаги уруш бошланганидан кейин Россия қурол-яроғ экспорти жиддий қийинчиликларга дуч келди. Халқаро санкциялар замонавий электроника ва бошқа муҳим компонентларга етиш имкониятини чеклади, Россия армиясининг эҳтиёжлари эса мудофаа саноати корхоналарига тушаётган юкламани кескин оширди. Натижада экспорт шартномаларини ўз вақтида бажариш аввалгидек кафолатланган жараён бўлмай қолди.

Бундай вазиятда ўз қуролли кучларини модернизация қилаётган давлатлар янги етказиб берувчиларни излашга мажбур бўлади. Марказий Осиё ҳам бундан мустасно эмас. Аксинча, бу ерда бир нечта омиллар бир вақтнинг ўзида уйғунлашди: мудофаа харажатларининг ўсиши, армияларни технологик янгилашга бўлган эҳтиёж ва рақобатбардош маҳсулот таклиф этаётган янги ҳамкорларнинг пайдо бўлиши.

Иккинчидан, ташаббуснинг мутлақо амалий сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Ўн йилдан ортиқ вақт аввал имзоланган келишувлар мутлақо бошқа халқаро шароитда ишлаб чиқилган эди. Ўшанда Россия ҳарбий-саноат мажмуасига қарши бундай кенг қамровли санкциялар жорий этилиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Бу давр ичида молиявий механизмлар, логистика йўналишлари, халқаро ҳисоб-китоб қоидалари ва бутловчи қисмларни етказиб бериш тартиби сезиларли даражада ўзгарди. Шунинг учун Москва мавжуд шартномавий базани янги иқтисодий воқеликка мослаштиришга интилаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Марказий Осиё кўп векторли сиёсатни танламоқда

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёки Қозоғистоннинг ҳаракатларини Россия билан ҳамкорликдан воз кечиш сифатида баҳолаш нотўғри бўлар эди. Аксинча, ҳар икки давлат сиёсати имкон қадар кенг шериклар доирасини сақлаб қолишга интилаётганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда Тошкент Россия, Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ билан муносабатларни бир вақтнинг ўзида ривожлантириб, изчил равишда кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда. Бундай ёндашув замонавий технологияларни турли манбалардан олиш ва бирор давлатга ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолмаслик имконини беради.

Ҳатто Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Хитой қирувчи самолётларини харид қилган тақдирда ҳам, бу Москва билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўхтайди дегани эмас. Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий техника ҳали узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Қуролли кучларининг муҳим қисмини ташкил этади ва уни таъмирлаш, модернизация қилиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш Россия корхоналари билан ҳамкорликни талаб қилади. Шунинг учун бу жараённи ташқи сиёсий йўналишнинг ўзгариши эмас, балки етказиб берувчиларни диверсификация қилиш сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.

Қозоғистон ҳам худди шундай стратегияга амал қилмоқда. У Россия, Туркия, Исроил, Жанубий Корея ва бир қатор ғарб давлатлари билан бир вақтнинг ўзида ҳамкорлик қилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари учун бундай ёндашув энг мақбул моделга айланиб бормоқда, чунки у турли ҳамкорларнинг афзалликларидан фойдаланиш ва ташқи сиёсий манёвр эркинлигини сақлаб қолиш имконини беради.

Таъсир учун кураш янги босқичга кирди

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқсак, Москва ташаббусини оддий ҳуқуқий ҳужжатларни янгилашдан анча кенгроқ маънода баҳолаш мумкин. Бу ерда гап фақат қурол-яроғ экспорти ҳақида эмас, балки Россияга ўнлаб йиллар давомида Марказий Осиёда алоҳида ўрин бериб келган муносабатлар тизимини сақлаб қолиш ҳақида ҳам бормоқда.

Бугун минтақа аста-секин бир нечта жаҳон қудрат марказлари рақобат майдонига айланиб бормоқда. Россия ҳали ҳам катта ҳарбий-сиёсий таъсирга эга ва минтақа давлатлари билан чуқур тарихий алоқаларини сақлаб қолган. Хитой молиявий ресурслар, замонавий технологиялар ва йирик инвестицияларни таклиф қилмоқда. Туркия учувчисиз авиация, ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва мудофаа саноати соҳаларида ўз иштирокини фаол кенгайтирмоқда. Ғарб давлатлари эса иштироки нисбатан чекланган бўлса-да, хавфсизликнинг айрим йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.

Бундай шароитда Кремль, эҳтимол, йўқотилган монополияни қайтаришга эмас — буни амалга ошириш деярли мумкин эмас, — балки янги минтақавий мувозанат тизимида ўз ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон билан келишувларни қайта кўриб чиқиш ҳамкорларга ўзгарган сиёсий ва иқтисодий воқеликка мослаштирилган янада мослашувчан ҳамкорлик механизмларини таклиф қилишга қаратилган уриниш бўлиши мумкин.

Бу стратегия қанчалик муваффақиятли бўлишини ҳозирча айтишга эрта. Келишувларга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳалари эълон қилинмагунча Россия томонининг ҳақиқий мақсадлари ҳақида қатъий хулоса чиқариш мумкин эмас. Бироқ бир нарса аллақачон аён: Марказий Осиёда таъсир фақат тарихий мерос орқали белгиланадиган давр орқада қолмоқда. Энди уни сиёсий баёнотлар билан эмас, балки технологиялар, ҳамкорлик шартлари, иқтисодий имкониятлар ва шериклар манфаатларини ҳисобга олиш қобилияти орқали қўлга киритишга тўғри келади. Яқин йилларда Марказий Осиёнинг ҳарбий-сиёсий қиёфасини айнан шу рақобат белгилаб беради.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid