Нега Тўқаев Путинга урушни тўхтатиш ҳақида очиқ гапирди?
Тўқаев ўз нутқида Европа ва АҚШдан Россия—Украина уруши бўйича кўплаб мурожаатлар ва фикрлар келиб тушаётганини айтди. Шундан сўнг учрашувнинг энг муҳим жумлаларидан бири янгради: унинг таъкидлашича, бугунги урушнинг сабаблари "кўпчилик учун унчалик тушунарли эмас".

Баъзан дипломатик учрашувлар имзоланган ҳужжатлар билан эмас, балки айтилган бир нечта жумлалар билан тарихда қолади. Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Омск шаҳридаги учрашуви ҳам айнан шундай воқеалардан бири бўлди. Илк қарашда ҳаммаси одатдагидек эди: савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт йўлаклари, саноат кооперацияси ва интеграция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Кўзга ташланган жиҳати – икки етакчи суҳбатлашётган саҳна фонида қозоқт ва рус тилида тадбир номи ёзилган баннер турди. Масалан бошқа собиқ СССР давлатларининг давлат тиллари бундай ҳурматга лойиқ кўрилмайди.

Тадбир бошланганидан кўп ўтмай, расмий протокол кутилмаган сиёсий мулоқотга ўрин бўшатди. Қозоғистон президенти Украинадаги уруш мавзусини кўтарди. Энг муҳими, бу гаплар ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки телекамералар, расмий делегациялар ва журналистлар ҳузурида айтилди. Россия дипломатияси учун бундай ҳолат жуда кам учрайди. Одатда, иттифоқчи давлатлар бундай нозик масалаларни омма олдида эмас, балки ёпиқ музокараларда муҳокама қилишни афзал кўрадилар. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача кечди.
Шу боис табиий савол туғилди: нима учун айнан ҳозир Қозоғистон бундай очиқ позиция билдиришга қарор қилди?
Кутилмаган дипломатик очиқлик
Тўқаев ўз нутқида Европа ва АҚШдан Россия—Украина уруши бўйича кўплаб мурожаатлар ва фикрлар келиб тушаётганини айтди. Шундан сўнг учрашувнинг энг муҳим жумлаларидан бири янгради: унинг таъкидлашича, бугунги урушнинг сабаблари «кўпчилик учун унчалик тушунарли эмас».
Бу фикр биринчи қарашда кўринганидан анча чуқур маънога эга.
Сўнгги бир неча йил давомида Россия раҳбарияти ҳарбий ҳаракатларнинг сабабларини тарихий омиллар, хавфсизлик масалалари, НАТОнинг шарққа кенгайиши ва 2014 йил воқеалари билан изоҳлаб келди.
Тўқаев эса амалда бу тушунтиришлар Россиянинг энг яқин шериклари учун ҳам мутлақо ишонарли эмаслигини англатди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Қозоғистон раҳбари юз бераётган воқеаларни айнан давлатлараро қуролли можаро сифатида баҳолашини таъкидлади.
Бу таъриф нафақат сиёсий, балки ҳуқуқий аҳамиятга ҳам эга. Чунки у воқеаларни икки мустақил давлат ўртасидаги уруш сифатида эътироф этади, бир халқнинг ички зиддияти сифатида эмас. Москва учун бундай ёндашув Россия ташқи сиёсий риторикасининг сўнгги йиллардаги асосий концепцияларидан бирига билвосита эътироз сифатида қабул қилиниши мумкин.
Шарқона дипломатиянинг эҳтиёткор услуби
Бироқ Тўқаевнинг чиқишини кескин танқид ёки қарама-қаршилик сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди.
Аксинча, Қозоғистон раҳбари бир неча бор Россияга ҳурматини таъкидлаб, уни буюк давлат, рус халқини эса буюк халқ деб атади. Шунингдек, у можарони ҳал этиш бўйича воситачилик қилиш нияти йўқлигини ҳам алоҳида қайд этди.
Бу — шарқ дипломатиясига хос ёндашув. Аввал суҳбатдошга ҳурмат изҳор қилинади, кейин эса муҳим сиёсий сигнал етказилади.
Шу сабабли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва музокараларга қайтиш ҳақидаги таклиф ультиматум сифатида эмас, балки дўстона маслаҳат тарзида янгради.
Бундай услуб Тўқаевга ўз фикрини очиқ баён этиш билан бирга, иттифоқчилик муносабатларига путур етказмаслик имконини берди.
Нега Қозоғистон айнан ҳозир бу масалани кўтарди?
Асосий савол Тўқаев нима деганида эмас, балки нима учун бу гапларни айнан ҳозир айтганида.
Бунинг эҳтимолий жавоби сиёсатдан кўра иқтисодиётга яқинроқ.
Қозоғистон нефть экспорт қилувчи энг йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат экспорт қилаётган нефтьнинг катта қисми Каспий қувур консорциуми (КҚК) инфратузилмаси орқали жаҳон бозорига чиқарилади.
Ушбу йўлак фаолиятидаги ҳар қандай узилиш Қозоғистон бюджети учун миллиардлаб долларлик йўқотишларни англатади.
Сўнгги ойларда уруш оқибатида айнан шу транспорт йўлаги жиддий босим остида қолди. Қора денгиз орқали нефть экспорт қилиш билан боғлиқ инфратузилмага қилинган ҳужумлар мамлакатдаги энг йирик конларда ишлаб чиқариш ҳажмини вақтинча қисқартиришга олиб келди.
Шу тариқа, Қозоғистон учун бу масала энди фақат ташқи сиёсат мавзуси эмас. У энди иқтисодий хавфсизлик масаласига айланди.
Шунинг учун ҳам Тўқаев учрашув давомида транспорт ва логистикага алоҳида урғу бериб, уларни бугунги дунёнинг энг долзарб мавзуси деб атади.
Аслида, гап урушнинг ўзи ҳақида эмас, балки унинг Марказий Осиё иқтисодиётига кўрсатаётган таъсири ҳақида борди.
Ғарбнинг сигнали ёки мустақил позициями?
Тўқаев ўз нутқида Европа ва АҚШни тилга олгани ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Унинг айтишича, айнан шу мамлакатларда можарони тинч йўл билан ҳал қилиш масаласи бир неча бор муҳокама қилинган.
Бу эса турли тахминларга сабаб бўлди. Айрим таҳлилчилар Тоқаев Ғарб давлатларининг истакларини Москвага етказган, деб ҳисобламоқда.
Бошқалар эса бу ерда Қозоғистонда фаолият юритаётган йирик халқаро нефть компанияларининг манфаатлари акс этганини таъкидлайди. Зеро, улар учун экспорт йўлакларининг барқарорлиги кўп миллиард долларлик инвестициялар тақдири билан боғлиқ.
Яна бир қарашга кўра, Қозоғистон орқали Хитой ҳам Москвага муайян дипломатик сигнал юборган бўлиши мумкин. Чунки Пекин Евроосиёда барқарорлик сақланиши ва «Бир макон — бир йўл» ташаббусининг узлуксиз ишлашига манфаатдор.
Бу тахминларнинг ҳеч бири расман тасдиқланган эмас. Бироқ шундай мулоҳазаларнинг ўзиёқ Қозоғистоннинг халқаро майдондаги ўрни ўзгариб бораётганини кўрсатади. Бугунги кунда Астана Россия, Хитой, Ғарб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари билан бир вақтнинг ўзида конструктив муносабатларни сақлаб қола оладиган мустақил дипломатик марказ сифатида кўпроқ баҳоланмоқда.
Астананинг изчил ташқи сиёсий йўли
Тўқаевнинг бу позицияси тўсатдан пайдо бўлган эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим.
У ҳали 2022 йилнинг ёзидаёқ Қозоғистон Донецк ва Луганск халқ республикаларини мустақил давлат сифатида тан олмаслигини очиқ айтган эди. У мазкур ҳудудларни квазидавлат тузилмалари деб атаган.
Кейинги йилларда ҳам Қозоғистон раҳбарияти давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига содиқлигини бир неча бор тасдиқлади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Омскдаги чиқиш ташқи сиёсий йўналишнинг ўзгариши эмас, балки унинг мантиқий давоми бўлди.
Фақат бу сафар мазкур позиция анча очиқ ва оммавий тарзда ифода этилди.
Москва қандай жавоб берди?
Кремлнинг муносабати нисбатан вазмин бўлди.
Учрашувнинг ўзида Владимир Путин очиқ мунозарага киришмади ва фақат кейинроқ Қозоғистон президентига Украина йўналишидаги вазият ҳақида батафсил маълумот беришини айтди.
Орадан кўп ўтмай Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва можаро сабаблари ҳақидаги ўз нуқтаи назарини ҳамкорларга янада фаолроқ тушунтиришда давом этишини маълум қилди.
Кейинчалик Владимир Путин ҳам ўз чиқишларидан бирида Россия позициясини яна бир бор такрорлади. У НАТОнинг шарққа кенгайиши, 2014 йилдаги воқеалар, тарихий чегаралар ва Россия хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни урушнинг асосий сабаблари сифатида яна тилга олди.
Бу Кремлнинг стратегик ёндашуви ҳозирча ўзгармаганини кўрсатди.
Нега бу воқеа муҳим?
Дипломатияда фақат расмий баёнотлар эмас, балки уларни ким ва қай тарзда айтгани ҳам катта аҳамиятга эга. Яқин-яқингача бундай фикрлар асосан Ғарб давлатлари раҳбарлари томонидан билдирилар эди. Бу сафар эса худди шундай мазмундаги мулоҳазаларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлган, Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегараларидан бирига эга давлат раҳбари айтди.
Бу постсовет маконидаги муносабатлар аста-секин ўзгариб бораётганидан далолат беради. Ҳатто Москванинг энг яқин ҳамкорлари ҳам ташқи сиёсатни тобора кўпроқ ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб шакллантирмоқда.
Қозоғистон учун бугунги кунда экспорт йўлакларининг барқарорлиги, инвестиция муҳитини сақлаб қолиш ва йирик геосиёсий кучлар ўртасида мувозанатли муносабат юритиш биринчи даражали аҳамият касб этмоқда.
Шу боис Астана кўп векторли ташқи сиёсат йўлини изчил давом эттириб, глобал қарама-қаршиликларда бир томонга қатъий қўшилишдан эҳтиёткорлик билан қочмоқда.
Иттифоқчилик ва миллий манфаатлар ўртасида
Омскдаги учрашув замонавий дипломатия тобора мафкуравий ёндашувдан узоқлашиб, прагматизмга таянаётганини яна бир бор намоён этди.
Қозоғистон Россиянинг стратегик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Россия ҳам Қозоғистоннинг энг йирик қўшниси ва муҳим иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу энди икки мамлакат барча халқаро масалаларда ҳам бир хил нуқтаи назарга эга дегани эмас.
Бугунги кунда урушлар нафақат фронтда, балки энергетика бозорлари, транспорт йўлаклари, логистика занжирлари ва инвестиция муҳитига ҳам кучли таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли давлатлар халқаро можароларга авваламбор ўз миллий иқтисодий манфаатлари нуқтаи назаридан баҳо бермоқда.
Шу маънода Тоқаевнинг Омскдаги чиқишини нафақат Кремлга йўлланган дипломатик мурожаат, балки бутун халқаро ҳамжамиятга берилган муҳим сигнал сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Унинг асосий мазмуни шундаки, чўзилиб бораётган Россия—Украина уруши энди фақат икки давлат ўртасидаги можаро эмас.
Унинг иқтисодий, сиёсий ва логистик оқибатлари жанг майдонида иштирок этмаётган мамлакатларга ҳам тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда.
Янги геосиёсий воқелик
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда тобора мустақилроқ ҳаракат қила бошлади. Улар Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа халқаро шериклар билан муносабатларни мувозанатли сақлашга интилмоқда.
Қозоғистон ҳам айнан шу сиёсатга амал қилмоқда. Астана бир томондан Москва билан стратегик ҳамкорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилса, иккинчи томондан халқаро ҳуқуқ, ҳудудий яхлитлик ва иқтисодий барқарорлик каби тамойилларга содиқлигини ҳам намоён этмоқда.
Бу эса мамлакат ташқи сиёсатининг асосий хусусияти — кўп векторли дипломатиянинг амалдаги ифодасидир.
Хулоса
Омскдаги учрашувда айтилган бир нечта жумлалар эҳтимол расмий баёнотлардан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этди. Улар Россия билан Қозоғистон муносабатларида узилиш юз берганини эмас, балки замонавий иттифоқчиликнинг янги қоидалари шаклланаётганини кўрсатди.
Бугун давлатлар шерикчилик муносабатларини сақлаган ҳолда ҳам ўз миллий манфаатларини очиқ ҳимоя қилишга интилмоқда. Қозоғистон ҳам айнан шу йўлни танламоқда.
Тоқаевнинг нутқи тинчликка чақириқми, иқтисодий ҳисоб-китобми ёки геосиёсий сигналми — бу борада турли талқинлар мавжуд. Аммо бир ҳақиқат шубҳасиз: Украинадаги урушнинг таъсири аллақачон унинг географик чегараларидан чиқиб кетди. Бугун у Евроосиёнинг транспорт йўлаклари, энергетика бозорлари, инвестиция муҳити ва дипломатик муносабатларини қайта шакллантираётган омилга айланди.
Шунинг учун ҳам Омскда янграган фикрлар фақат икки президент ўртасидаги мулоқот эмас, балки ўзгариб бораётган халқаро тартибнинг яна бир муҳим белгиси сифатида тарихда қолиши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
