platina.uz
Мақола

Шаҳарлар нега биродарлашади?

Биродарлашган шаҳарлар анъанасининг келиб чиқиши жуда қизиқ. У сувенирлар алмашиш ёки дўстлик фестиваллари ўтказиш истагидан туғилмаган. Унинг бешиги — вайрон бўлган Европа эди. 

Шаҳарлар нега биродарлашади?

Июл ойининг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳри яна бир муҳим халқаро тадбир учун мезбонлик қилмоқда. Бу ерда дунёнинг қарийб 30 та мамлакатидан келган 100 дан ортиқ вакил иштирок этаётган Халқаро биродарлашган шаҳарлар форуми ўтказиляпти.

Мазкур учрашувнинг асосий мақсади — биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни асосан протокол ва маданий алоқалар доираси билан чекланиб қолмасдан, уни халқаро ҳамкорликнинг самарали ва амалий механизмига айлантиришдир. Икки кун давомида иштирокчиларни нафақат ялпи мажлислар ва икки томонлама учрашувлар, балки биродарлашув муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган келишувларни имзолаш маросимлари ҳам кутмоқда.

Шу ўринда қандай қилиб шаҳарлар биродарлашади, бу мақом шаҳарлар ва уларнинг аҳолисига қандай манфаат келтиради, деган савол туғилиши табиий.

Биродарлашган шаҳарлар институти

Маълумот учун, биродарлашган шаҳарлар — турли давлатларнинг доимий дўстона алоқалар ўрнатган шаҳарларидир. Улар Биродарлашган шаҳарлар жаҳон федерациясига бирлашган. 1963 йилдан бошлаб ҳар йили апрел ойининг охирги якшанба куни Жаҳон Биродарлашган шаҳарлар куни сифатида нишонланади. Биродарлашган шаҳарлар маҳаллий ҳокимият вакилларининг делегациялари, мутахассислар, бадиий ҳаваскорлик ва спорт жамоалари кўргазмалар, сайёҳлар алмашиш ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этадилар. Биродарлашган шаҳарлар билан алоқаларнинг самарали усулларидан бири сифатида дўстлик кунлари ва ҳафталиклари ўтказиб турилади. Бу тадбирлар дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун хизмат қилади.

Арзимас кўринадиган муҳим жиҳат

Дунё харитасида бир-бири билан дипломатик муносабатларга эга бўлмаган давлатлар бор. Уларнинг раҳбарлари қўл бериб кўришмайди, ташқи ишлар вазирлари музокаралар столи атрофида йиғилмайди, расмий баёнотлар эса мулоқотдан кўра кўпроқ ўзаро танқид ва айбловларга ўхшайди.

Аммо бу мамлакатларнинг ўқувчилари халқаро олимпиадаларда учрашади. Рассомлар қўшма кўргазмалар ташкил этади. Университетлар ҳамкорликда илмий анжуманлар ўтказади. Тадбиркорлар шартномалар имзолайди. Шифокорлар бир-бирининг тажрибасини ўрганади, спортчилар эса бир хил ареналарда мусобақалашади. Бир қарашда — бу парадоксдек туюлади. Аммо фақат бир қарашдагина. Зеро кўпинча давлатлар ўртасидаги кўприкларни ташқи ишлар вазирликлари эмас, шаҳарлар барпо этади.

Шу боисдан ҳам қарийб бир аср муқаддам вужудга келган биродарлашган шаҳарлар ҳаракати жаҳон урушлари, совуқ уруш, СССР парчаланиши, глобаллашув ва рақамли инқилоб даврини бошдан кечириб, бугунгача яшаб келмоқда. Бундан ташқари, бу ғоя бугун яна янги нафас олмоқда. Зеро, агар давлатлар геосиёсат мантиқидан келиб чиқса, шаҳарлар ўз аҳолисининг кундалик манфаатларига таянади.

Тинчликни ҳукуматлар эмас, одамлар қуришга киришган пайт

Биродарлашган шаҳарлар анъанасининг келиб чиқиши жуда қизиқ. У сувенирлар алмашиш ёки дўстлик фестиваллари ўтказиш истагидан туғилмаган. Унинг бешиги — вайрон бўлган Европа бўлган.

1945 йил баҳорида Европа қитъаси ҳақиқий харобага айланган эди. Нафақат шаҳарлар, балки халқлар ўртасидаги ишонч ҳам вайрон бўлганди. Миллионлаб қурбонлар, ер билан яксон қилинган турар жойлар, қарши томонда фақат душман яшайди, деган тушунча билан улғайган бутун бошли авлод муаммоси...

Ғолиб давлатлар олдида бугун ҳам ҳайратланарли даражада долзарб янграйдиган савол пайдо бўлди: бундай фожиа яна ҳеч қачон такрорланмаслиги учун нима қилиш керак? Жавоб ноодатий бўлди - фақат ҳукуматларни яраштириш етарли эмас, аввало турли халқ ва одамларни яраштириш лозим!

Шу тариқа кечагина бир-бирига қарши жанг қилган шаҳарлар ўртасида илк биродарлашув келишувлари тузила бошлади. Франция ва Германия шаҳарлари ўқувчилар, спорт жамоалари, оркестрлар ва рассомлар билан алмашинув дастурларини йўлга қўйди. Кечагина бир-бирига милтиқ нишончаси орқали қараган одамлар энди бирга қаҳва ичар, китоблар ҳақида баҳслашар ва бир-бирининг шаҳарларида сайр қилар эдилар. Бир сўз билан айтганда, халқ дипломатияси шакллана бошлаганди.

Кейинчалик бу ташаббусни АҚШ ҳам қўллаб-қувватлади. 1956 йилда Иккинчи жаҳон урпуши қаҳрамони, президент Дуайт Эйзенхауэр People-to-People («Инсондан инсонга») дастурини бошлаб берди. Унинг ишончи комил эдики, мустаҳкам тинчликни фақат дипломатик ноталар ва халқаро шартномалар билан қуриб бўлмайди. Уни одамларнинг ўзи қўллаб-қувватлаши керак.

Шу тариқа халқ дипломатиясининг энг ноёб шаклларидан бири — биродарлашган шаҳарлар халқаро ҳаракати дунёга келди. Бу ғоя шунчалик ҳаётбахш бўлиб чиқдики, тез орада Европа чегарасидан чиқиб, деярли барча қитъаларга тарқалди. Бугунги кунда дунёда ўн минглаб биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги келишувлар мавжуд.

Шу ўринда бир табиий савол туғилади: интернет, арзон авиақатновлар ва бир лаҳзадаги алоқа даврида бундай “эски” анъанани сақлаб қолиш қанчалик мақбул иш?

Дўстлик аллақачон иқтисодиётга айланган

«Биродарлашган шаҳар» атамаси кўпчиликни чалғитади. У байрамона маросимлар, эсдалик совғалари ва концертлар билан боғлиқ тасаввурларни уйғотади. Аслида эса бугунги биродарлашув муносабатлари анча олдин рамзий маънодан чиқиб кетган.

Бугун бу тушунча — тараққиёт воситаси. Замонавий шаҳар энди оддий маъмурий ҳудуд эмас. У инвестициялар, туристлар, илмий ишланмалар, иқтидорли талабалар, малакали мутахассислар ва юқори технологияли бизнес учун рақобат қиладиган мустақил иқтисодий организмга айланган. Шунинг учун шаҳарлар ҳам йирик компаниялар каби ҳамкор қидиради. Бежизга технологик марказлар технологик марказлар билан, университет шаҳарлари университет шаҳарлари билан, порт шаҳарлари портлар билан, сайёҳлик марказлари эса бошқа туристик шаҳарлар билан ҳамкорлик қилмайди. Биродарлашув муносабатлари инвесторларни жалб қилиш, бизнес-форумлар ташкил этиш, технологиялар алмашиш ва шаҳар муаммоларига биргаликда ечим топиш учун ўзига хос халқаро мулоқот каналига айланади.

Шу боис бугун дунёнинг йирик мегаполисларининг ҳокимлари тобора кўпроқ мустақил халқаро ўйинчига айланмоқда. Уларга баландпарвоз баёнотлар ва шиорлар керак бўлмаяпти. Улар аниқ иқтисодий натижаларни кўзлаяпти.

Шаҳарлар бир-бирини қандай танлайди?

Ташқаридан қараганда, шаҳарлар тасодифан ёки фақат сиёсий сабабларга кўра биродарлашадигандек кўринади. Аслида эса бу танлов деярли ҳеч қачон тасодифий эмас.

Баъзан асосий омил — умумий тарих бўлади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада кўплаб шаҳарлар собиқ рақибларини онгли равишда ҳамкор сифатида танлади. Улар уруш хотирасини ярашув рамзига айлантиришни истади.

Баъзида ҳал қилувчи омил маданий яқинлик бўлади. Масалан, Испаниядаги Толедо ва АҚШдаги Толедо умумий тарихий ном туфайли расман биродарлашган шаҳарлардан бирига айланган.

Кўп ҳолларда эса иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Саноат марказлари саноат шаҳарлари билан ҳамкорлик қилади. Портлар — портлар билан, илмий марказлар — илмий марказлар билан, университет шаҳарчалари — университет шаҳарчалари билан “дўстлашади”. Гўё шаҳарлар ўз нусхасини эмас, балки характери, имкониятлари ва мақсадлари ўхшаш бўлган «ҳамфикр шаҳар»ни қидиради.

Қуйидан бошланадиган дипломатия

Энг қизиғи шундаки, биродарлашув ташаббуси ҳар доим ҳам амалдорлардан чиқмайди. Кўпинча бу ғоянинг муаллифи шаҳарнинг ўзи бўлади. Уни университетлар таклиф қилади, тадбиркорлар илгари суради, маданий марказлар қўллаб-қувватлайди, жамоат ташкилотлари ёки диаспора вакиллари ташаббус кўрсатади. М1униципал ҳокимият эса бу муносабатларга расмий мақом беради. Шу тариқа сиёсатшунослар «шаҳар дипломатияси» деб атайдиган янги йўналиш шаклланади.

Агар анъанавий дипломатия хавфсизлик, чегаралар ва халқаро шартномалар ҳақида гапирса, шаҳар дипломатияси ҳар бир фуқаро ҳар куни ҳис қиладиган масалалар билан шуғулланади. Масалан, жамоат транспортини қандай қулай қилиш мумкин, тирбандликларни қандай камайтириш мумкин, чиқиндиларни қандай самарали қайта ишлаш мумкин, муниципал хизматларни қандай рақамлаштириш мумкин, сайёғликни қандай ривожлантириш мумкин, кичик бизнесни қандай қўллаб-қувватлаш мумкин ва ҳоказо.

Шунинг учун ҳам давлатлар ўртасидаги муносабатлар мураккаблашган пайтларда ҳам шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик кўпинча давом этаверади. Сиёсатчилар баҳслашишда давом этади, шаҳарлар эса ишлашда давом этади.

“Дўстлик”дан фойда олиш мумкинми?

Биродарлашув ҳақиқатан ҳам иқтисодий фойда келтирадими?

Жавоб – “Ҳа, лекин бир зумда эмас”.

Келишувнинг ўзи завод қурмайди, меҳмонхона очмайди ёки сайёҳлар оқимини кўпайтирмайди. Аммо у имкониятлар эшигини очади. Маҳаллий ҳокимиятлар ўзаро ҳамкорлик қилиб келаётган бўлса, тадбиркор учун янги бозорга чиқиш анча осонлашади. Университетлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўяди. Музейлар кўргазмалар алмашади. Илмий марказлар қўшма тадқиқотлар ўтказади. Бизнес ишончли ҳамкорлар топади. Шу тариқа маданий ҳамкорлик аста-секин иқтисодий ҳамкорликка айланади. Шу сабабли Европанинг кўплаб шаҳарлари биродарлашув муносабатларини ўз инвестиция стратегиясининг ажралмас қисми сифатида кўради. Зеро бугун рақобат нафақат давлатлар ўртасида, балки шаҳарлар ўртасида ҳам кечмоқда. Улар инвестиция учун, технологиялар учун, инсон салоҳияти учун рақобатлашмоқда.

Шаҳар аҳолисига нима фойда?

Дарҳол таъкидлаш лозим, биродарлашувнинг асл маъноси тантанали маросимлар ёки протокол учун туширилган суратларда эмас. Унинг ҳақиқий қадрини одамлар ҳис қилиши керак. Айнан шундай келишувлар туфайли минглаб ўқувчилар илк бор хорижга чиқади. Талабалар амалиёт ўтайди. Ўқитувчилар чет эл университетларида маърузалар ўқийди. Мусиқачилар халқаро фестивалларда иштирок этади. Шифокорлар илғор тиббий тажрибани ўрганади. Спортчилар қўшма мусобақаларда қатнашади. Тадбиркорлар янги мижозлар топади. Туристик компаниялар янги йўналишларни очади.

Ҳатто кичик шаҳарлар ҳам шаҳар бошқарувининг энг илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлади. Буларнинг барчаси, эҳтимол, газеталарнинг биринчи саҳифаларига чиқмас. Аммо замонавий дунё айнан ана шундай, кўзга ташланмайдиган инсоний алоқалардан барпо бўлади.

Виза имтиёзлари ҳақидаги афсона

Биродарлашган шаҳарлар масаласи атрофида турли миш-мишлар ҳам кўп. Энг кенг тарқалганларидан бири — бундай шаҳарлар аҳолиси учун виза тартиби енгиллаштирилади, деган фикрдир. Афсуски, бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки виза сиёсатини шаҳарлар эмас, давлатлар белгилайди. Ҳеч бир шаҳар ҳокими виза талабларини бекор қила олмайди. Бироқ биродарлашув муносабатлари ҳақиқатан ҳам янги имкониятлар яратади. Грант дастурлари очилади. Таълим алмашинувлари йўлга қўйилади. Қўшма илмий тадқиқотлар ташкил этилади. Маданий лойиҳалар амалга оширилади. Бизнес-миссиялар уюштирилади. Демак, имтиёзлар автоматик равишда эмас, балки биргаликдаги меҳнат натижасида пайдо бўлади. Демак, биродарлашув бевосита бўлмасада, билвосита виза сиёсати ва борди келдилар учун енгиллик яратиб беради.

Нега бу ғоя рақамли асрда ҳам долзарб?

Юқорида берилган саволга қайтсак, интернетнинг ривожланиши биродарлашган шаҳарлар институтини тарих ахлатига улоқтириши керак эди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, видеоконференция ўтказиш мумкин бўлса, нега алоҳида келишувлар имзолаш керак?

Лекин реал ҳаёт бутунлай бошқача манзарани кўрсатмоқда. Дунё қанчалик мураккаблашса, тўғридан-тўғри инсонлар ўртасидаги алоқалар шунчалик қадрли бўлиб бормоқда. Бугун шаҳарлар фақат маданият учун эмас, балки сунъий интеллектни шаҳар бошқарувига жорий этиш, «ақлли шаҳар» тизимларини яратиш, иқлим ўзгаришига қарши ечимлар излаш, транспорт ва коммунал соҳани рақамлаштириш, чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари бўйича тажриба алмашиш учун ҳам бирлашмоқда. Биродарлашув энди ўтган асрнинг гўзал анъанаси эмас. У XXI асрнинг амалий воситаларидан бирига айланган.

Ўзбекистоннинг биродарлашган шаҳарлари

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларининг халқаро ҳамкорликка бўлган ёндашувини сезиларли даражада ўзгартирди. Илгари шаҳарлар ўртасидаги биродарлашув муносабатлари асосан расмий ташрифлар ва маданий алмашинувлар билан чекланган бўлса, бугун улар мамлакат иқтисодий дипломатиясининг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Ўзбекистон шаҳарлари хорижий муниципалитетлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиб, инвестициялар жалб этиш, туризм, таълим ва замонавий технологияларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон шаҳарларининг илк биродарлашув муносабатлари ҳали совет давридаёқ шаклланган. Ўша пайтларда ҳамкорлик асосан гуманитар йўналишга эга бўлиб, ижодий жамоалар алмашинуви, кўргазмалар, спорт мусобақалари, мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни қамраб олар эди. Масалан, илк бор 1973 йилда совет Ўзбекистонининг пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳри АҚШнинг Сиэтл шаҳри билан биродарлашган. Афсуски бу ҳолат совет иттифоқи таркибидаги Ўзбекистон учун ягона ва такрорланмас ҳолат бўлган.

Тошкент — халқ дипломатиясининг энг йирик маркази

Бироқ мустақилликка эришилгандан кейин халқаро алоқалар географияси анча кенгайди. Мамлакат ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар билан бирга биродарлашув муносабатларининг мазмуни ҳам ўзгарди. 1994 йилда Тошкент Хитойнинг икки йирик шаҳри – Пекин ва Шанхай билан биродарлашди.

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида 1988 йилда барпо этилган “Тошкент” хиёбони.

Ўтган ўн йиллар давомида шаҳар Москва, Сеул, Шанхай, Пекин, Анқара, Минск, Остона, Бишкек, Сиэтл ва бошқа қатор йирик мегаполислар билан биродарлашув муносабатларини ўрнатган.

Бу ҳамкорликларнинг ҳар бири ўз йўналишига эга. Хитой шаҳарлари билан муносабатлар инвестициялар, транспорт инфратузилмаси ва рақамли технологияларга қаратилган.

Сеул билан ҳамкорлик «Ақлли шаҳар» технологиялари, ахборот тизимлари ва шаҳар бошқарувини такомиллаштириш соҳасида ривожланмоқда. Москва, Минск, Остона ва Бишкек билан алоқалар эса транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларни қамраб олади. Сўнгги йилларда Тошкент Туркия, Форс кўрфази давлатлари ва Шарқий Осиё мамлакатлари шаҳарлари билан ҳам ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда.

Бугунги кунда бундай келишувлар саноат, рақамли иқтисодиёт, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим ва инвестициялар жалб қилиш соҳаларидаги амалий ҳамкорликни назарда тутади. Айниқса, сўнгги йилларда ҳудудларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангач, бу жараён янада жадаллашди. Вилоятлар ва шаҳарлар раҳбарлари халқаро алоқаларни мустақил ривожлантириш, инвестиция форумларида иштирок этиш ва хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри келишувлар тузиш имкониятига эга бўлди.

Самарқанд — Буюк Ипак йўлининг дипломатик пойтахти

Самарқанд Киото, Флоренция, Сиань, Пловдив, Боку ва бошқа кўплаб тарихий шаҳарлар билан ҳамкорлик қилади. Бироқ бугунги Самарқанд фақат маданий дипломатия билан чекланиб қолмайди. Халқаро саммитлар, конференциялар, туризм форумлари ва иқтисодий тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши уни Марказий Осиёнинг энг муҳим халқаро мулоқот майдонларидан бирига айлантирди. Айнан шу ерда турли мамлакатлар шаҳарлари ўртасида янги ҳамкорлик келишувлари мунтазам имзоланади.

Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарлар

Бухоро ва Хива ҳам халқаро алоқаларни изчил ривожлантириб бормоқда.

Бу шаҳарлар учун архитектура меросини асраш, тарихий обидаларни реставрация қилиш, маданий туризмни ривожлантириш ва меросни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга.

Хорижий шаҳарлар билан ҳамкорлик ЮНЕСКО, халқаро жамғармалар ва ихтисослашган университетларнинг тажрибасини жалб қилиш имконини беради. Шу билан бирга, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Корея Республикаси ва Яқин Шарқ давлатлари шаҳарлари билан ҳам алоқалар кенгаймоқда.

Бундай ҳамкорликлар тобора кўпроқ меҳмонхона бизнеси, хизмат кўрсатиш соҳаси ва туристик инфратузилмага инвестициялар киритиш бўйича қўшма лойиҳалар билан бойитилмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, замонавий биродарлашув муносабатлари аллақачон рамзий дўстлик доирасидан чиқиб кетган. Бугун улар инвестициялар жалб қилиш, ҳудудларни ривожлантириш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро гуманитар алоқаларни кенгайтиришнинг самарали воситасига айланмоқда.

Давлатлардан ҳам яқин бўлиб кетадиган шаҳарлар

Дипломатлар орасида шундай ҳикмат бор: тинчлик шартнома имзоланиши билан эмас, ишонч пайдо бўлиши билан бошланади. Ана шу ишонч биродарлашган шаҳарларнинг энг қимматли капиталига айланди.

Сиёсий тузумлар ўзгариши, ҳукуматлар алмашиши, халқаро муносабатлар оғир инқирозларни бошдан кечириши мумкин. Бироқ одамлар бир-бирининг шаҳрига меҳмон бўлиб боришда, таълим олишда, бизнес юритишда, қўшма илмий лойиҳалар яратишда ва кўргазмалар ташкил этишда давом этади.

Чунки халқ дипломатияси мисли кўрилмаган мўъжизалар намойиш этишга қодир. Масалан яқинда якунига етган Футбол бўйича жаҳон чемпионатини олайлик. Айни кунда АҚШ ва Эрон ўртасида салкам уруш кетаётган бир пайтда Вашингтон эронлик футболчиларга виза беришга ва уларнинг спорт мусобақаларида иштирок этишига рози бўлишдан бошқа иложи қолмади. Зеро спорт ҳам халқ дипломатияси воситаларидан бири.

Халқ дипломатиясининг яна бир кўриниши - биродарлашган шаҳарлар институтининг узоқ умр кўришининг сири ҳам шундадир, эҳтимол. У сиёсий вазиятга эмас, балки оддий инсоний ҳақиқатга таянади: бир-бирини яхши танийдиган одамлар жуда кам ҳолларда душманга айланади.

Алал-оқибат, биродарлашган шаҳарлар мавзуси — бу шунчаки гербли муҳрлар, расмий баёнотлар ёки тантанали маросимлар билан боғлиқ масала эмас. Бу - ишончнинг ҳамкорликка, ҳамкорликнинг тараққиётга, тараққиётнинг эса тинчликка айланиши ҳақидаги ҳикоядир. Ва эҳтимол, ана шундай сокин, кўзга кўринмас инсоний ришталар баъзан энг баландпарвоз халқаро декларациялардан ҳам мустаҳкамроқ эканлигини бот-бот исботлаб тураверади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid