“Бош прокуратура Тошкентдаги қурилишларни тўлиқ текширади” — Саида Мирзиёева
Президент Администрацияси раҳбари қурилишлар туфайли пойтахтдаги умумий ҳовлилар, ўйин ва спорт майдончалари таг-туги билан йўқ қилиб юборилаётганини қайд этди. Бош прокуратура пойтахт бўйича бундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказади.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентнинг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига вазиятни кўздан кечирди.
ПА раҳбарига кўра, аҳоли фойдаланиши учун ажратилган шаҳар ҳудудлари офис ёки турар жой биноларини қуришга мўлжалланмаган, улар ўз вазифасига кўра хизмат қилиши зарур.

"Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига келганимизда, маҳалла аҳли эккан дарахтлар шафқатсизларча кесиб, қўпориб ташланганига гувоҳ бўлдик. Болалар майдончаси ўрнига эса бизнес маркази қуриш режалаштирилибди.
Одамлар дод деганича бор – қурилишлар туфайли пойтахтдаги умумий ҳовлилар, ўйин ва спорт майдончалари таг-туги билан йўқ қилиб юбориляпти", дея қайд этди Саида Мирзиёева.

Бош прокуратура бутун Тошкент шаҳри бўйича бундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказади. Қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва аҳоли ҳуқуқларига қай даражада риоя қилинганини текшириш шартлиги маълум қилинди.

Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади.
