Қирғизистон билан савдо ҳажми 2 млрд долларга етказилади
Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи бўйича ОАВ вакиллари билан учрашувда муҳим фикрларни билдирди.

Қирғизистон билан савдо ҳажми 2 млрд долларга етказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи бўйича ОАВ вакиллари билан учрашувидаги энг муҳим фикрларида маълум қилинди. Шунингдек:
- Ўзбекистон Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр;
- Қирғизистон — Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси ва вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимизни чуқур тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик ва умумий қадриятлар боғлаб туради;
- Бизнинг ягона эзгу мақсадимиз — қардош халқларимизни янада яқинлаштиришдир;
- Ташрифнинг энг муҳим натижаси Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги шериклик муносабатлари давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори босқичига кўтарилганини англатади;
- Эндиги асосий вазифа — ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, аниқ лойиҳалар ва ташаббуслар билан бойитишдир;
- Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари раҳбарлигида Давлатлараро кенгаш ташкил этилади. Ушбу тузилма доирасида минтақавий ва халқаро майдонларда мулоқот ҳамда ҳамкорлик янада мустаҳкамланади;
- Томонлар Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлигининг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар;
- Ўзаро савдо ҳажми сўнгги йилларда қарийб 10 баробар ошиб, илк бор 1,2 миллиард доллардан ошди. Келгуси йилда уни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланди;
- Иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдириб турадиган тармоқларда саноат кооперациясининг янги ўсиш нуқталари белгиланди;
- Энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди;
- Хомашё ресурсларини биргаликда қазиб олиш ва Қўшма тараққиёт жамғармаси салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди;
- Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси изчил илгариламоқда. Магистрал бўйлаб савдо-логистика инфратузилмаси ривожлантирилиб, савдо ва транспорт жараёнларига рақамли ечимлар жорий этилади, автоташувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади;
- Трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича конструктив ҳамкорлик давом эттирилади. Қамбарота ГЭСи лойиҳаси бўйича битимни имзолаш жараёни жадаллаштирилади;
- Ҳудудлар салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш мақсадида йил якунига қадар Ўзбекистонда янги форматдаги биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилади;
- Маданият, ёшлар сиёсати, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар изчил давом эттирилади. 2028 йилда Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади;
- Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши масалалари бўйича яқин ҳамкорлик давом эттирилади. Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви минтақанинг умумий манфаатларини янада илгари суришга хизмат қилади;
- Бугун эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
