Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур тумани собиқ солиқ раҳбарларига қарши суд бўлиб ўтмоқда
Дилшод Усманов Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштиргани, шунингдек, иш фаолиятида гуруҳбозлик ва маишатбозликка йўл қўйгани қайд этилганди.

Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекциялари собиқ раҳбарларининг иши судда кўрилмоқда
Жорий йил 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Дилшод Усмановга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди.
Йиғилишда у инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштиргани, шунингдек, иш фаолиятида гуруҳбозлик ва маишатбозликка йўл қўйгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Президент топшириғига асосан Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Хожиакбар Муллажановни лавозимидан озод этиш, унинг фаолиятини ўрганиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш белгиланган эди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Дилшод Усманов ва Хожиакбар Муллажановга оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилмоқда.
Дилшод Усмановга Жиноят кодексининг 165-модда 1-қисми (товламачилик); 167-модда 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш); 205-модда 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айблов қўйилган.
Хожиакбар Мулладжановга Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш); 205-модда 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.
