Тошкентда мавсумий гул ва бута кўчатлари учун 15 млрд сўм ажратилади
Ушбу маблағлар маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг 2026 йилдаги қўшимча манбалари ҳисобидан 21 миллиард 482 миллион 531 минг сўм маблағ турли йўналишларга йўналтирилади. Бу бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Қарор 2026 йил 29 июл куни эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ, ажратилаётган маблағларнинг асосий қисми пойтахтни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига йўналтирилади.
Жумладан, алоҳида аҳамиятга эга кўчаларда мавсумий гул ва бута кўчатларини харид қилиш учун 11 миллиард 950 миллион сўм, марказий майдонларни кўкаламзорлаштириш бошқармаси учун 2 миллиард 150 миллион сўм ҳамда ҳукумат объектлари ҳудудларини ободонлаштириш бошқармаси учун 900 миллион сўм ажратилади.
Ушбу маблағлар маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, алоҳида аҳамиятга эга кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармасининг 2026 йилдаги фаолиятини таъминлаш учун қўшимча 3 миллиард 800 миллион сўм ажратилиши белгиланди. Мазкур маблағ II чорак якунларига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарор билан таълим ва ижтимоий соҳа объектларини ривожлантиришга ҳам маблағ йўналтирилади. Хусусан, Тошкент туризм ва меҳмонхона менежменти техникумининг ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур жиҳозларни харид қилишга 248 миллион сўм, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлинмаси моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 40 миллион 400 минг сўм ажратилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона марказининг ташқи кўриниши ва ички хоналарини замонавий талаблар асосида капитал таъмирлаш учун 2 миллиард 394 миллион 131 минг сўм маблағ йўналтирилади.
Қарорда ажратилган маблағларнинг белгиланган тартибда молиялаштирилиши, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда бу жараён устидан давлат молиявий назорати ўрнатилиши белгиланган.
Маблағ олувчи ташкилотлар раҳбарлари ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши учун масъул этиб белгиланган.
