Рапалло шартномаси: санкциялар хавфли иттифоқларни шакллантирганда
Мазкур шартнома келажак авлодларга улкан сабоқ қолдирди. Сабоқ эса шундай эди: бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатга кучли босим ўтказиш уларнинг стратегик яқинлашувига олиб келиши мумкин.

Тарих шуни кўрсатадики, бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик давлатни иҳоталаб-яккалаб қўйишга қаратилган уринишлар кўпинча кутилган натижани эмас, унинг аксини беради. Улар заифлашиш ўрнига янги таянч нуқталарини излашга ва ҳатто илгари ўзаро рақобатчи бўлган бўлсалар ҳам, бир-бирига яқинлаша бошлайдилар.
Рапалло: яккалаб қўйилган давлатлар иттифоқи
Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳам Совет Россияси, ҳам Веймар Германияси халқаро майдонда деярли яккалаб қўйилган эди.
Германия Версал шартномасининг оғир оқибатларига - репарациялар, қуролли кучларга қўйилган чекловлар, дипломатик яккалаб қўйиш ва иқтисодий қийинчиликларга дуч келди. Совет Россияси эса инқилоб ва Фуқаролар уруши ортидан халқаро блокада шароитида қолиб, савдо, инвестициялар ва Ғарб технологияларидан фойдаланиш бўйича жиддий муаммоларни бошдан кечираётган эди.
1922 йилги Генуя конференциясида Ғарб давлатлари мавжуд геосиёсий мувозанатни сақлаб қолишга интилишди. Бироқ воқеалар кутилмаган йўналишда ривожланди. Италиянинг Рапалло шаҳрида Германия ва Совет Россияси шартнома имзолаб, унда дипломатик муносабатларни тиклаш, ўзаро молиявий даъволардан воз кечиш, савдо алоқаларини ривожлантириш, кейинчалик ҳарбий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш каби талаблар назарда тутилди.
Энг муҳим йўналиш айнан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўлди. Версал шартномаси чекловларига қарамай, немис ҳарбийлари Совет давлати ҳудудида янги қуролларни синаш ва мутахассислар тайёрлаш имконига эга бўлишди. СССР эса Германиянинг муҳандислик ва саноат тажрибасидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритди. Расман икки давлатнинг яккалаб қўйилиши сақланиб қолган бўлса-да, амалда бу янги ҳамкорлик марказини вужудга келтирди.
Рапалло шартномаси келажак авлодларга улкан сабоқ қолдирди. Сабоқ эса шундай эди: бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатга кучли босим ўтказиш уларнинг стратегик яқинлашувига олиб келиши мумкин.
Санкциялар мантиғи ва унинг акс таъсири
Бугунги кунда иқтисодий санкциялар ташқи сиёсатнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Улар капитал, технологиялар, халқаро ҳисоб-китоб тизимлари, логистика ва инвестицияларга кириш имкониятларини чеклайди. Лекин сиёсатшунослар кўпроқ мослашув эффекти ҳақида гапиришади. Бирор давлат узоқ муддатли санкцияларга дуч келганда, ўз иқтисодиётини аста-секин қайта қуришга мажбур бўлади.
Хусусан, экспорт бозорларини диверсификация қилади, импорт ўрнини босишни ривожлантиради, муқобил молиявий каналлар яратади, миллий валюталарда ҳисоб-китобларни кенгайтиради ва янги савдо ҳамкорларини излайди. Агар бундай давлатлар сони кўпайса, яна бир жараён — санкция остидаги иқтисодиётлар ўртасида кооперация юзага келади. Бугунги халқаро муносабатларда айнан шу тенденция тобора яққол кўзга ташланмоқда.
Замонавий «Рапалло эффекти»
2022 йилдан кейин санкциялар сиёсати мисли кўрилмаган кўламга чиқди. Чекловлар нафақат Россияга, балки Эрон ва КХДРга ҳам таъсир қилди. Шу билан бирга, АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик рақобат яримўтказгичлар ва юқори технологиялар соҳасида кенг қамровли чекловларни келтириб чиқарди. Бу жараён бир қатор давлатлар ўртасида ҳамкорликнинг кучайишига туртки берди. Россия Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада оширди.
Масалан, Хитой CIPS халқаро тўлов тизимини ривожлантирмоқда, юаннинг халқаро савдодаги улушини кенгайтирмоқда ва ўнлаб давлатлар билан маълум муддат давомида пул оқимлари ёки молиявий мажбуриятларни ўзаро алмаштириш ҳақидаги валюта келишувлари - “своп” битимларини имзоламоқда.
Эрон кўп йиллик санкциялар давомида чекловлар шароитида ишлаш бўйича катта тажриба тўплади ва бугун айрим мамлакатлар учун шу каби тажрибанинг манбаига айланмоқда.
КХДР эса Россия билан айрим логистика ва ҳарбий-техник лойиҳаларда ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Шу билан бирга, бу давлатлар ягона Ғарбга қарши ҳарбий блокини яратди, дейиш нотўғри бўларди. Зеро, улар ўртасида ҳамон жиддий қарама-қаршиликлар ва рақобат сақланиб қоляпти. Бироқ санкциялар уларни муайян соҳаларда прагматик ҳамкорлик қилишга ундамоқда.
Параллел иқтисодий инфратузилма шаклланмоқда
Санкцияларнинг энг муҳим оқибатларидан бири муқобил иқтисодий институтларнинг шаклланишидир. Миллий валюталарда ҳисоб-китоблар, мустақил тўлов тизимлари, банклараро муқобил ҳисоб-китоб каналлари, янги транспорт йўлаклари,
Ғарб молиявий марказларидан ташқаридаги суғурта механизмлари, марказий банклар рақамли валюталаридан фойдаланиш, бартер ва икки томонлама клиринг ҳисоб-китобларининг кенгайиши шулар қаторига киради.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, ўзгаришлар асосан захира валюталари эмас, балки халқаро савдони таъминловчи молиявий инфратузилма — тўлов, ахборот алмашинуви ва ҳисоб-китоб тизимлари даражасида юз бермоқда.
Бошқача айтганда, ҳозирча гап долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги мавқеи тугаётгани ҳақида эмас. Бироқ айрим давлатларга унга қарамликни камайтириш имконини берадиган инфратузилма босқичма-босқич шаклланмоқда.
Илмий тадқиқотлар нима дейди?
Сўнгги йилларда санкцияларнинг узоқ муддатли таъсирига бағишланган кўплаб тадқиқотлар эълон қилинди.
Бир қатор иқтисодчилар кенг кўламли молиявий чекловлар халқаро савдо ва ҳисоб-китоблар учун муқобил институтларнинг ривожланишини рағбатлантириши мумкинлигини таъкидлашади. Давлатлар вақт ўтиши билан алоҳида санкцияларни четлаб ўтиш эмас, балки мустақил ва барқарор молиявий тизимларни яратишга кўпроқ сармоя кирита бошлайди.
Бошқа тадқиқотлар эса келажакда санкциялар қўлланилиши эҳтимолининг ўзи ҳам давлатлар ва марказий банкларни халқаро ҳисоб-китобларни диверсификация қилишга ҳамда доллар инфратузилмасига қарамликни қисқартиришга ундашини кўрсатади. Бироқ бу жараён аста-секин кечмоқда ва долларнинг яқин келажакдаги етакчилик мавқеи тугайди, дегани эмас.
Савдо тармоқларига бағишланган тадқиқотлар эса санкциялар кўпинча савдо оқимларининг қайта тақсимланишига олиб келишини кўрсатади: санкция остидаги давлатлар экспорт ва импортни нейтрал ёки дўстона мамлакатларга йўналтириб, жаҳон иқтисодиётидан бутунлай чиқиб кетмасдан, янги иқтисодий алоқаларни шакллантиради.
Хуллас, замонавий академик тадқиқотлар санкцияларни нафақат босим воситаси, балки жаҳон иқтисодиётининг институционал қайта қурилишига таъсир қилувчи омил сифатида ҳам баҳоламоқда.
Санкцияларни самарасиз деб ҳам бўлмайди
Бироқ юқоридаги тезислардан “санкциялар умуман иш бермайди”, деган хулоса чиқариш керак эмас. Кўплаб ҳолатларда улар ҳақиқатан ҳам иқтисодий ўсиш суръатларини пасайтиради, илғор технологияларга кириш имкониятларини чеклайди, ташқи савдо харажатларини оширади, саноатни модернизация қилишни қийинлаштиради ҳамда хорижий инвестициялар ҳажмини қисқартиради.
Россия, Эрон, КХДР ва бошқа санкция остидаги давлатлар учун бу оқибатлар ҳануз сезиларли бўлиб турибди. Киритилган санкциялар у ёки бу даражада самара беряпти. Муқобил механизмларнинг пайдо бўлиши чекловларнинг иқтисодий таъсирини тўлиқ бартараф этмайди. Гап кўпроқ иқтисодиётнинг қимматга тушадиган мослашув жараёни ҳақида бормоқда.
Шу боис замонавий илм-фаннинг асосий хулосаси шундан иборатки, санкциялар «самарасиз» эмас, балки уларнинг оқибатлари дастлаб кутилганидан анча мураккабдир.
Тарих айнан такрорланмайди, аммо ўхшаш сабоқлар беради
Рапалло шартномаси Иккинчи жаҳон урушига сабаб бўлган ҳодиса эмас ва XXI аср учун тайёр андоза ҳам эмас. Бироқ у халқаро сиёсат учун муҳим сабоқ бўлиб қолмоқда.
Бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик давлат узоқ муддатли яккалаб қўйиш сиёсатига дуч келса, улар ўртасида ҳамкорлик қилишга кучли инитлиш пайдо бўлади. Дастлаб заифлаштириш воситаси сифатида ўйланган сиёсат баъзан янги иқтисодий, молиявий ва технологик алоқаларнинг шаклланишига туртки бериши мумкин.
Бугун жаҳон тартиботи тобора кўп қутбли тус олмоқда. Санкциялар ташқи сиёсатнинг муҳим воситаси бўлиб қоляпти, бироқ айни пайтда улар муқобил тўлов тизимлари, янги транспорт йўлаклари, минтақавий молиявий институтлар ва миллий валюталардаги ҳисоб-китобларнинг ривожланишини тезлаштирмоқда. Бу жараёнлар ҳозирча мавжуд жаҳон иқтисодий тизимини алмаштиргани йўқ, аммо уни аста-секин янада парчаланган ва кўп марказли тузилмага айлантиряпти.
“Рапалло эффекти”нинг энг муҳим сабоғи шундаки, босим сиёсати ҳеч қачон бўшлиқда амал қилмайди. У халқаро муносабатлар тизимини ўзгартиради ва баъзан айнан санкциялар ташаббускорлари кутмаган йўналишда янги иттифоқлар ҳамда муқобил иқтисодий институтларнинг шаклланишига замин яратади.
Абулфайз Сайидасқаров
