platina.uz
Жамият

Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади

Йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва буни Андижон вилоятидан бошлаш таклифи маъқулланди. Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими бир ойда хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.

Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади

Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари”да 25 минг, “Ҳудудгаз”да 16 минг ходим ишлайди. Лекин ходимлар ишини бошқариш рақамлашмагани сабабли кун давомида ким нима билан бандлигини на электр тармоғи, на газ таъминоти раҳбари билади.

Шу боис, меҳнат унумдорлиги бошқа давлатлардан 1,5-2 баробар паст, аварияларни бартараф этиш муддати эса 3-4 баробар кўп.

Энергетика вазирлиги таркибида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади.

Марказ “ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиш” занжири, кўмир, суюлтирилган газ ва мазут таъминотини “стресс-аудит”дан ўтказади. Шу асосда соҳани ривожлантиришнинг бир нечта сценарийси ишлаб чиқилади.

Ҳар бир ходимнинг кунлик ишини рақамли алгоритм орқали бошқарадиган тизим яратилади. АСКУЕ ва АСКУГ маълумотлари сунъий интеллект орқали таҳлил қилиниб, шубҳали ўзгаришларни аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

Тизимдаги 106 минг ходим учун 10 та асосий КПИ белгиланади. Унда авариявий ва режали ўчишлар, йўқотишлар, дебитор қарздорлик, қувватлар резерви ва таъмирлаш дастурларининг бажарилиши асосий мезон бўлади.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ҳозир табиий газ етиб бориши қийин бўлган 1 минг 916 та маҳалла мавжуд.

Масъулларга уч ойда ушбу маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш учун қанча инфратузилма ва қўшимча электр энергияси талаб этилишини ҳисоб-китоб қилиш топширилди.

Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Сўнгги йилларда мазкур тизим рақамлаштирилиб, анча тартибга келтирилган бўлса-да, газни ўз вақтида етказиш муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.

Суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва буни Андижон вилоятидан бошлаш таклифи маъқулланди.

Андижон вилоятида олти ойда режадаги 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 318 та маҳаллада таъминот графикдан орқада қолмоқда.

Энди тадбиркорлар ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади. Йил бошидан хусусий сектор томонидан 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.

Ижтимоий реестрга кирган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия берилади. Йил якунигача бу борада “Андижон тажрибаси” яратилади.

Суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунигача режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Ҳозир аҳолига газ стандарт ҳажмдаги 20 килограммли баллонларда етказилади. Ваҳоланки, айрим хонадонларга ойлик истеъмол учун 5-6 килограмм етарли бўлса, бошқа истеъмолчиларга 30-40 килограммли баллон зарур.

Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими бир ойда хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid