Кўринмас фронт жангчилари: "Совуқ уруш"га туртки бўлган ҳодиса
1945 йил СССРнинг Канададаги элчихонасидан ёш шифрловчи Игор Гузенко сирли равишда ғойиб бўлди. У билан бирга 109 та махфий ҳужжат ҳам йўқолди. Ўша пайтда ҳеч ким бу қоғозлар собиқ иттифоқчилар ўртасидаги муносабатларни кўплаб дипломатик инқирозлардан ҳам кучлироқ ўзгартиришини тасаввур қилмаган эди.

Баъзан жаҳон урушлари ўқ узилишидан бошланмайди. Баъзан улар қўлида махфий ҳужжатлар тўла жилд билан кечқурун нотаниш бир эшикни тақиллатган ягона инсондан бошланади.
1945 йил 5 сентябрь. Европада уруш тугаганига бир неча ой бўлган эди. Япония эса атиги бир неча кун аввал таслим бўлган. Бутун дунё инсоният тарихидаги энг қонли уруш якунланганини нишонлар, олдинда эса тикланиш, ҳамкорлик ва янги халқаро хавфсизлик тизими даври бошланади, деб умид қиларди.
Бироқ айнан шу куни Канаданинг пойтахти Оттавада юз берган воқеа кўплаб тарихчилар томонидан совуқ урушнинг илк ўқи сифатида баҳоланади. СССРнинг Канададаги элчихонасидан ёш шифрловчи Игор Гузенко сирли равишда ғойиб бўлди. У билан бирга 109 та махфий ҳужжат ҳам йўқолди. Ўша пайтда ҳеч ким бу қоғозлар собиқ иттифоқчилар ўртасидаги муносабатларни кўплаб дипломатик инқирозлардан ҳам кучлироқ ўзгартиришини тасаввур қилмаган эди.
Орадан ўнлаб йиллар ўтган бўлса-да, тарихчилар ҳали ҳам баҳслашишмоқда: Гузенко қаҳрамон эдими, хоин эдими ёки шунчаки СССР билан Ғарб ўртасидаги иттифоқ аллақачон тугаганини биринчи бўлиб англаган инсон бўлганми?

Ишониш қийин ҳодиса
Гузенко тарихи классик жосуслик романига ўхшайди. У генерал эмасди. Разведкага раҳбарлик қилмаган, машҳур шахс ҳам бўлмаган. У СССР ҳарбий разведкаси — Бош разведка бошқармаси (ГРУ)нинг шифрловчиси сифатида Оттавадаги совет элчихонасида хизмат қилар, ҳар куни унинг қўлидан энг махфий телеграммалар ўтарди.
(Маълумот учун, махсус химатлар ўзаро маълумот алмашувда ахборотни шифрлаб, бегоналар ўқий олмайдиган белгилар билан алмаштириб жўнатишади. Шифрловчилар эса бу хабарни ўз тилига ўгириб, раҳбариятга тақдим этади).

Гузенконинг касби унга деярли ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаган маълумотларга кириш имконини берди. У қочишга қарор қилган куни эса кутилмаган воқеа содир бўлди. Канада ҳокимияти... дастлаб унга ишонмади.
Гувоҳларнинг хотиралари ва тергов материалларига кўра, Гузенко бир неча соат давомида қўлида махфий ҳужжатлар жилди билан шаҳар бўйлаб юриб, амалдорлар, журналистлар ва полицияни ўзини тинглашга кўндиришга уринган. Илк мурожаатлар деярли эътиборсиз қолган. Фақат совет элчихонаси ходимлари уни ва ҳужжатларни қайтариб олишга ҳаракат қилганидан кейин Канада ҳукумати воқеанинг ҳақиқий кўламини англаб, унинг оиласини давлат ҳимоясига олди. Агар ўша кеча унга бутунлай рад жавоби берилганида, эҳтимол совуқ уруш тарихи мутлақо бошқача йўналишда кечган бўларди.
Ҳужжатларда нима бор эди?
Бир қарашда улар — оддий хизмат ҳужжатлари. Аммо айнан уларнинг мазмуни беқиёс аҳамиятга эга эди.
Ҳужжатларда совет ҳарбий разведкасининг ҳисоботлари, агентларнинг исмлари, алоқа схемалари, ёллаш усуллари; резидентура билан Москва ўртасидаги ёзишмалар, Канада, Британия ва АҚШдаги агентлик тармоғи ҳақидаги маълумотлар ҳамда иттифоқчиларнинг атом қуроли дастурига оид маълумотларни қўлга киритиш бўйича материаллар бўлган.
Энг муҳим маълумотлар атом қуроли сирларини олишга қаратилган операцияларга тегишли эди. Кейинчалик Манҳэттен лойиҳаси бўйича жосуслик қилган айрим машҳур агентлар бошқа текширувлар ва VENONA лойиҳаси орқали ҳам фош этилган бўлса-да, айнан Гузенко тақдим этган ҳужжатлар Ғарб давлатларини СССР разведкаси илмий ва ҳарбий сирларни тизимли равишда қўлга киритаётганига биринчи марта ишонтирди.
Жами ҳисобда Гузенко 1700 совет жосусларини фош қилган.
Совет агентурасига қарши энг йирик ов бошланди
Канада ҳукумати махсус Қироллик комиссиясини тузди. Мамлакат биринчи марта чет эл разведкасининг кенг қамровли агентлик тармоғига дуч келди. Шундан кейин уй тинтувлари, қамоққа олишлар, терговлар ва суд жараёнлари бошланди.
Тергов давомида йигирмадан ортиқ киши ишга жалб қилинди. Бир қатор айбланувчилар давлат сирларини ошкор қилиш ва жосусликка оид қонунларни бузганлик учун судланди. Улар орасида давлат хизматчилари, олимлар, воситачилар ва дипломатик муассасалар ходимлари ҳам бор эди.
Бу воқеанинг таъсири Канада билан чекланиб қолмади. Буюк Британияда қарши разведка текширувлари кескин кучайтирилди. АҚШда давлат сирларини муҳофаза қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Совет разведкаси илк марта шунчалик қаттиқ назоратга олинди.
Нега СССР атом бомбаси сирларини ўғирлаган?
Бунинг жавоби маълум. 1945 йил августда Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташланди. Бу ҳодиса ортидан АҚШ дунёдаги ягона ядровий давлатга айлангани маълум бўлди.
Кремль учун бу катта стратегик хавф эди. Шунинг учун совет разведкаси уруш тугамасиданоқ Манҳэттен лойиҳаси ҳақида маълумот йиғишни бошлаган эди. Кейинги тадқиқотлар кўрсатишича, СССРнинг атом дастури маҳаллий олимлар салоҳияти билан бирга разведка орқали олинган маълумотлар ҳисобига ҳам тезлашган.
Шу сабабли Гузенко ҳужжатлари Ғарбда шунчалик кучли хавотир уйғотди. Улар аввал фақат тахмин деб ҳисобланган гумонларни амалда тасдиқлаб берди. Яъни советлар Ғарбдан атом бомбаси борасидаги тайёр тадқиқот натижаларини ўз жосуслари орқали ўғирлаб келгани ҳужжатлар билан тасдиқланди.
Иттифоқчилардан рақибларгача
Яқиндагина СССР, Британия ва АҚШ биргаликда фашизмни мағлуб этган эдилар. Бироқ Гузенко материаллари ошкор бўлганидан кейин вазият тез ўзгара бошлади.
Тарихчилар бу воқеани уруш давридаги ҳамкорлик ўрнини ўзаро ишончсизлик эгаллаганининг дастлабки белгиларидан бири деб баҳолайдилар. Албатта, совуқ урушнинг сабаблари — мафкуравий қарама-қаршиликлар, Европа ва Осиёда таъсир учун кураш, урушдан кейинги тартиб масалалари ва хавфсизлик бўйича зиддиятлар бундан анча кенг эди. Бироқ «Гузенко иши» бу қарама-қаршиликнинг биринчи оммавий исботларидан бири бўлди.
Орадан бир йил ўтиб Уинстон Черчилль ўзининг машҳур «Темир парда» ҳақидаги нутқини сўзлайди. Кейин Трумэн доктринаси қабул қилинади. Кейин Маршалл режаси пайдо бўлади. Сал вақт ўтиб Берлин инқирози юз беради. НАТО ташкил этилади. Унга жавоб сифатида Варшава шартномаси ташкилоти вужудга келади.
Гўёки тарих олдиндан ёзиб қўйилган сценарий бўйича ҳаракатлана бошлайди.
Панада ўтган ҳаёт
Қочишдан кейин яна бир сирли ҳаёт бошланди. Канада ҳукумати унинг қанчалик муҳим гувоҳга айланганини яхши тушунарди. Шу боис Гузенко оиласига сиёсий бошпана берилди. Янги ҳужжатлар расмийлаштирилди. Молиявий ёрдам кўрсатилди. Ҳатто янги фамилия ҳам берилди. Кўп йиллар давомида Гузенко деярли ўтмишсиз инсон сифатида яшади.
Оммавий чиқишларида у юзини оқ капюшон ёки ниқоб билан яширарди. Бу совуқ уруш даврининг энг машҳур рамзларидан бирига айланди. Совет махсус хизматлари унга нисбатан қасос олиши ёки уни ўғирлашга уриниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар асосли деб ҳисобланган.

1982 йилда вафот этганидан кейин ҳам унинг ҳақиқий қабри узоқ вақт сир сақланди. Фақат рафиқаси вафот этгач, XXI аср бошида унинг қаерга дафн этилгани маълум қилинди. Шу тариқа бутун дунё тарихини ўзгартирган инсоннинг ҳаёти ҳам деярли сирли тарзда якунланди.

Голливуд ҳам бу воқеани четлаб ўтолмади
Бу ҳикоя шу қадар кинематографик эдики, уни экранга чиқармасликнинг иложи йўқ эди. 1948 йилда «Темир парда» фильми суратга олинди.


1954 йилда эса «Қидирув операцияси» фильми катта экранларда намойиш этилди.


Иккала фильм ҳам ўз даврининг руҳини — Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кучайиб бораётган қарама-қаршилик, жосусликдан қўрқув ва махфий хизматларга бўлган катта қизиқишни акс эттиради.
Кейинчалик ушбу воқеага бағишланган кўплаб бошқа китоблар ва ҳужжатли фильмлар ҳам яратилди. Улардан айримлари архивлар ҳали ёпиқ пайтда, бошқалари эса кўплаб ҳужжатлар махфийликдан чиқарилгандан кейин ёзилди. Шу сабабли муаллифларнинг Гузенко борасидаги баҳолари ҳам турлича бўлган.
Хулоса
Игорь Гузенко тарихи нафақат жосуслик ҳақидаги ҳикоядир. У бир инсон тақдири халқаро сиёсат йўналишини қай даражада ўзгартириши мумкинлигини кўрсатади.
Албатта, совуқ уруш фақат унинг қочиши туфайли бошланган, дейиш тўғри эмас. Унинг илдизлари мафкуравий қарама-қаршиликлар, урушдан кейинги дунё тартиби учун кураш, хавфсизлик ва геосиёсий рақобат каби омилларга бориб тақалади. Бироқ «Гузенко иши» собиқ иттифоқчилар ўртасидаги ишонч парчаланиб, разведкалар, ядровий қуролланиш пойгаси ва глобал сиёсий рақобат даври бошланганининг энг илк ва энг таъсирли рамзларидан бири бўлиб қолди.
Шу боис бу воқеа ҳозиргача тарихчиларни қизиқтириб келади. Чунки бу ҳикоя фақат махфий ҳужжатлар, жосуслар ва суд жараёнлари ҳақида эмас. Бу — бир куни кечқурун элчихона биносидан қўлида папка билан чиқиб кетган инсон бутун инсоният тарихининг янги даврига эшик очгани ҳақидаги ҳикоядир.
Абулфайз Сайидасқаров
