Нобел мукофоти совриндори Ўзбекистондаги илмий кенгаш аъзолигига таклиф этилди
Жонс Хопкинс университети профессори Грегг Семенца 2019 йилда ҳужайраларга кислород даражасини сезиш ва ўзгаришларга мослашиш имконини берувчи HIF-1 механизмини кашф этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлганди.

Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Грегг Семенца Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг Халқаро илмий кенгашига таклиф қилинди.
Бу ташаббус таниқли америкалик олим билан онлайн учрашувда муҳокама қилинди.
Жонс Хопкинс университети профессори Грегг Семенца 2019 йилда ҳужайраларга кислород даражасини сезиш ва ўзгаришларга мослашиш имконини берувчи HIF-1 механизмини кашф этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.
Бугунги кунда у дунёдаги энг кўп иқтибос келтириладиган олимлардан бири бўлиб, унинг илмий ишларига 150 000 дан ортиқ иқтибослар келтирилган.
Учрашув давомида агентлик директори Абдулла Азизов илмий тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва BioPharma City биофармацевтика кластерини яратиш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар шунингдек, Ўзбекистонда биофармацевтикани ривожлантириш, замонавий илмий мактабларни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди.
Агар олим рози бўлса, унинг Халқаро илмий кенгашдаги иштироки Ўзбекистоннинг глобал илмий майдондаги мавқеини мустаҳкамлайди, тадқиқотлар сифатини яхшилайди ва тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги етакчи мутахассислар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатади.
