Тошкент вилоятида мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган 8 масъул ишдан олинди
Давлат хизматчиларининг фаолияти ва хатти-ҳаракатлари устидан ҳам кўплаб шикоятлар келиб тушган. Энг кўп норозилик билдирилган соҳалар ички ишлар ва маҳалла раислари фаолиятидир.

Президент Халқ қабулхонаси томонидан Тошкент вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ўрганилди.
Вилоят аҳолисидан сўнгги 6 ойда 40 мингта мурожаат тушган (ўтган йилга нисбатан 2 фоизга кўп). Ижобий ҳал этиш кўрсаткичи – 36,2 фоиз.
Ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилишда вилоятнинг айрим туманларида аҳоли учун долзарб бўлган электр таъминотидаги узилишлар, иш ҳақи тўлаш, маиший чиқиндиларни олиб кетиш, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар сони республика миқёсида энг юқори кўрсаткичлардан экани қайд этилди.
Сайёр ва шахсий қабулларни ташкил этишдаги камчиликлар танқид қилинди. Шу сабабли мутасаддиларга мурожаатларни ҳудуднинг ўзида қабул қилиш ва уларни ҳал қилиш бўйича чоралар кўриш, сайёр ва шахсий қабулларни ўз вақтида ўтказиш ва самарадорлигини ошириш, мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, давлат хизматчиларининг фаолияти ва хатти-ҳаракатлари устидан ҳам кўплаб шикоятлар келиб тушган. Энг кўп норозилик билдирилган соҳалар қуйидагилардир:
Ички ишлар ходимлари — 367 та шикоят
Маҳалла раислари — 248 та шикоят
МИБ (Мажбурий ижро бюроси) ходимлари — 212 та шикоят
Соғлиқни сақлаш тизими — 173 та шикоят
Таълим тизими — 115 та шикоят
Ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган ва мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилган. Хусусан:
43 та расмий огоҳлантириш берилган;
8 нафар масъул лавозимидан озод этилган;
5 та ҳайфсан берилган;
1 та ҳолатда ойлик иш ҳақидан жарима ундирилган.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари этиб тайинланган Насиба Кулбековани йиғилиш иштирокчиларига таништирди.
