Олтмиш йиллик сир: шаҳар афсоналари қандай туғилади?
1941 йил 21 июн куни совет археологлари Амир Темур мақбарасини очадилар. Орадан бир кун ўтиб, Германия Совет Иттифоқига ҳужум қилади ва Иккинчи жаҳон урушидаги энг қонли фронтлардан бири бошланади. Тарихчилар бу воқеаларни тасодиф деб ҳисоблайдилар. Бироқ ушбу афсона бугунги кунгача ўз жозибасини йўқотмаган.

1966 йил кузида АҚШнинг Ғарбий Виржиния штатида жойлашган мӯъжазгина Пойнт-Плезант шаҳарчасида оддий тунлардан бири инсониятнинг энг машҳур сирли воқеасига гувоҳ бўлди. Бир қарашда бу навбатдаги қўрқинчли ҳикоядек туюлади. Аммо бу воқеа ҳақида орадан ўтган олтмиш йил давомида юзлаб китоблар ёзилди, ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинди, олимлар баҳслашди, журналистлар суриштирув ўтказишди. Энг қизиғи эса, ҳозиргача ҳеч ким ҳақиқат нималигини аниқ айта олмаган.
Бу йил Мотмен феноменига 60 йил тўлади. Бу нафақат бир сирли мавжудот ҳақидаги ҳикоя, балки инсон психологияси, оммавий ахборот воситалари ва шаҳар афсоналарининг қандай пайдо бўлишини тушуниш учун ҳам ажойиб мисолдир.
Қоронғу тундаги биринчи учрашув
1966 йил 15 ноябрь кечаси икки ёш жуфтлик шаҳар ташқарисидаги эски ҳарбий завод яқинидан ўтаётган эди. Улар кутилмаганда икки метрдан баланд, улкан қанотли ва кўзлари қизил чироқдек ёнаётган ғалати мавжудотни кўриб қолишди.
Уларнинг таърифича, бу махлуқ инсонга ўхшар, аммо елкаси орқасидан катта қанотлар чиққан, кўзлари эса автомобиль фарасидек қип-қизил бўлиб ёниб турарди. Ёшлар қўрқиб машинага ўтиришади. Бироқ махлуқ уларнинг ортидан узоқ масофагача ҳавода учиб борганини ҳам айтишган. Бу хабар эртаси куни маҳаллий газеталарда чоп этилди. Шундан кейин бутун шаҳар гўёки сирли воқеалар марказига айланди. Сирли махлуққа Мотмен деган лақаб ҳам қўйишга улгуришди.

Гувоҳлар тобора кўпайиб борди
Кейинги ўн уч ой ичида юздан ортиқ одамлар Мотменни кўрганини маълум қилди. Кимдир уни кечаси дарахтлар орасида кўрганини айтса, яна бошқалар уни эски кўприк атрофида учаётганини таъкидлар эди. Айримлар ғалати ёруғликларни кузатганини, бошқалар эса радиоприёмниклар ва телевизорларда тушунтириб бўлмайдиган носозликлар юз берганини маълум қилишди. Ҳатто баъзи фуқаролар ўзларини кимдир кузатаётгандек ҳис қилишларини ҳам айтган. Бу вақтга келиб, Мотмен ҳақидаги хабарлар бутун Америка бўйлаб тарқалиб кетди.
Башоратми ёки тасодиф?
1967 йил 15 декабрь куни Пойнт-Плезант шаҳридаги Огайо дарёси устига қурилган машҳур Кумуш кўприк (Silver Bridge) кутилмаганда қулаб тушди. Фожиа оқибатида 46 киши ҳалок бўлди.
Қизиғи шундаки, кўприк қулашидан олдинги бир неча ҳафта давомида айнан шу ҳудудда Мотменни кўришгани ҳақида кўплаб хабарлар келиб тушган эди. Шундан сўнг одамлар орасида янги назария пайдо бўлди. Унга кўра, Мотмен офат келтирувчи махлуқ эмас, балки катта фалокатдан олдин пайдо бўладиган огоҳлантирувчи мавжудот ҳисобланади. Бу ғоя кейинчалик бутун дунёга тарқалди.

Илмий ҳамжамият нима дейди?
Албатта, олимлар бу воқеага мутлақо бошқача қарайдилар.
Орнитологлар (қушларни ўрганувчи мутахассислар) фикрича, одамлар катта турна ёки бойўғлини қоронғуда нотўғри қабул қилган бўлиши мумкин. Қоронғулик, қўрқув ва инсон онгининг хусусиятлари оддий қушни ҳам ғайритабиий махлуқ сифатида қабул қилишга олиб келиши мумкин.
Психологлар эса «оммавий психоген реакция» деб аталадиган ҳодисани мисол қилиб келтирадилар. Бирор шов-шувли миш-миш тарқалса, одамлар оддий воқеаларни ҳам шу ҳикоя билан боғлай бошлайдилар. Биринчи гувоҳликлар кейинги «гувоҳлар» учун ўзига хос қолип вазифасини бажаради. Бундан ташқари, инсон мияси мавҳумликни ёқтирмайди, табиатан тушунтириб бўлмайдиган нарсаларга маъно беришга интилади. Натижада афсоналар воқелик билан қоришиб кетади.
Ўзбекистоннинг шаҳар афсоналари
Ҳар бир халқнинг ўз сирли ҳикоялари, асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб келаётган афсона ва ривоятлари бўлади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Мамлакатимиз қадимий шаҳарлари, тарихий обидалари ва муқаддас қадамжолари билан бирга кўплаб сирли воқеалар ва шаҳар афсоналарига ҳам бой. Уларнинг айримлари тарихий воқеаларга асосланган бўлса, бошқалари халқ тасаввури маҳсулидир. Бироқ уларнинг барчаси миллий маданиятимиз ва оғзаки ижодимизда алоҳида ўрин эгаллайди.
Амир Темур мақбарасининг тавқи-лаънати
Ўзбекистондаги энг машҳур афсоналардан бири Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси билан боғлиқ.
Ривоятга кўра, Амир Темур қабрида шундай огоҳлантирувси ёзув бўлган эмиш:
«Кимки менинг оромимни бузса, мендан ҳам даҳшатлироқ урушни озод қилади.»
1941 йил 21 июн куни совет археологлари Амир Темур мақбарасини очадилар. Орадан бир кун ўтиб, Германия Совет Иттифоқига ҳужум қилади ва Иккинчи жаҳон урушидаги энг қонли фронтлардан бири бошланади. 1942 йилда Амир Темурнинг жасади мусулмон урф-одатларига мувофиқ қайта дафн этилганидан кейин эса Совет армиясининг Сталинград жангидаги ҳал қилувчи қарши ҳужуми бошланган.
Тарихчилар бу воқеаларни тасодиф деб ҳисоблайдилар. Бироқ ушбу афсона бугунги кунгача ўз жозибасини йўқотмаган.

Тошкент зилзиласининг арвоҳлари
1966 йилги вайронкор Тошкент зилзиласидан кейин шаҳарда ҳалок бўлган одамларнинг арвоҳлари изғиб юриши ҳақида турли ҳикоялар тарқала бошлади. Айниқса, эски маҳаллалар, вайрон бўлган бинолар ва кейинчалик ташлаб кетилган иншоотлар атрофида кечалари ғалати овозлар эшитилиши, номаълум соялар кўриниши ҳақидаги ривоятлар ҳанузгача айримлар орасида айтилади.
Албатта, бу ҳикояларни тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд эмас. Бироқ улар Тошкентнинг замонавий шаҳар фольклорининг бир қисмига айланган.

Чилонзордаги ташландиқ “жиннихона”
Тошкент ёшлари ўртасида узоқ йиллардан бери Чилонзор туманидаги ташлаб кетилган собиқ руҳий касалликлар шифохонаси ҳақида қўрқинчли афсона яшаб келади.
Миш-мишларга кўра, тун пайти бино ичида қадам товушлари эшитилар, кимнингдир ноласи қулоққа чалинар, деразалар ортида эса инсон сояларига ўхшаш қиёфалар пайдо бўлар эмиш. Бу каби ҳикоялар шаҳар фольклорига мансуб бўлиб, уларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланмаган.
Ер остидаги шаҳар
Энг машҳур шаҳар афсоналаридан яна бири — ер остидаги қадимий Тошкент ҳақидаги ривоятдир.
Айримлар эски шаҳар остида юзлаб йиллар аввал қурилган кенг ерости йўлаклари мавжуд деб ҳисоблайди. Афсоналарга кўра, улар қадимий мадрасалар, саройлар, қалъалар ва ҳатто тарихий қабристонларни ўзаро боғлаб турган. Археологлар турли даврларга оид айрим ерости иншоотлари борлини ҳақиқатан ҳам аниқлаганлар. Бироқ бутун шаҳарни қамраб олган улкан туннеллар тармоғи мавжудлиги илмий жиҳатдан исботланмаган.
Шунингдек, Чор Россияси ва Советлар даврида турли давлат муассасалари бир-биррига ер ости туннеллари ёрдамида боғлангани ҳақида ҳам миш-мишлар юради. Масалан Сайлгоҳ кўчасидаги собиқ КГБ биноси ва ҳозирги Олий Мажлис, Халқлар дўстлиги саройи ва бошқа бинолар ўзаро ер ости лаҳмлари тармоғи билан боғланган, ёхуд исён ёки уруш бошланган тақдирда раҳбарларнинг тезгина ва махфий равишда аэропорт ва темир йўлларига қочиб чиқишига имкон берувчи туннеллар мавжуд деган миш-мишлар ҳамон барҳаёт.

Чилтонлар — қирқ кўринмас авлиё
Марказий Осиёнинг энг қадимий мистик ривоятларидан бири Чилтонлар ҳақидадир. Халқ эътиқодига кўра, қирқ нафар кўринмас авлиё ер юзида яшаб, эзгу инсонларни ҳимоя қилади, мусофирларга ёрдам беради ва фақат алоҳида ҳолатларда инсонларга намоён бўлади.
Бу афсона нафақат Ўзбекистонда, балки Тожикистон ва Туркманистонда ҳам кенг тарқалган бўлиб, халқнинг маънавий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Биби Сешанба ва Биби Мушкулкушод
Айрим афсоналар жуда қадим пайтларда, эҳтимол эрамиздан аввалги, ислом келишидан ҳам аввалги пайтларда пайдо бўлган. Улар қандай реал тарихий воқеаларга асослангани ҳақида ги фикрлар турлича. Масалан зардуштийлик даврида пайдо бўлган афсоналарга, ислом фатҳидан кейин исломий-диний тус берилган ва қайта тирилган.
Масалан, Биби Сешанба ва Биби мушкулкушод афсоналарида бошига иш тушган қиз ёки одам шу сеҳргар кампирларга дуч келади. Сеҳргар кампирлар уларга ёрдам беришади. Ҳар гал муаммо туғилганида олдиларига келиб овора бўлиб юрмасликнинг йўлини ҳам ўргатишади. Яъни, агар муамом туғилса, маълум бир овқат, чалпак пишириб одамларни меҳмон қил ёки камбағалларга тарқат, кейин мен ҳақимдаги афсона китобини ўқи. Шунда муродинг ҳосил бўлади, дейишган, гўё.
Бу кампирлар ҳақидаги афсоналар нафақат оғиздан оғизга ўтувчи халқ оғзаки ижоди – фольклор сифатида келган, балки китоблар ҳам ёзилган. Би Би Сешанба ёки Биби мМушкулкушод маросимини ўтказувчилар худойи маросимида йиғилганларга шу китобларни ўқиб беришган. Аммо мустақиллик йилларида кўпгина диний уламоларни бу китоблар ва маросимларни бидъат, исломда йўқ нарсалар деб эълон қилишди.

Биби Мушкулкушод ва Биби сешанба мотивлари ва сюжети Европадаги Золушка (Кулқиз) эртагига ўхшаб кетади. Эҳтимол Европалик эртакчи адиблар шарқдан етиб борган бу қадимий мотивлар асосида эртак тўқишгандир.

Хизр алайҳиссалом ҳақидаги ривоятлар
Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида яшил либосли нотаниш мусофир аслида Хизр алайҳиссалом бўлиши мумкин, деган эътиқод сақланиб қолган. Ривоятларга кўра, у йўлда қолганларга ёрдам беради, эзгу инсонларга барака ва омад келтиради, айрим ҳолларда эса одамларнинг меҳрибонлиги ва инсонийлигини синаб кўради. Айтишларича, Хизр бобо тўсатдан пайдо бўлиши мумкин ва унинг бошмалдоғининг суяги бўлмайди. Шу боис айримлар нотаниш одамлар билан қўл олиб кўришганда бош бармоғини сездирмасдан ушлаб кўришади.
Бу афсона исломий анъаналар билан бирга, Марказий Осиёнинг янада қадимий эътиқодлари билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлиб, асрлар давомида халқ оғзаки ижодида сақланиб келмоқда.

Мир Араб мадрасасининг жинлари
Айтишларича, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида 114 та ҳужра бўлиб, ҳар бири Қуръоннинг бир сурасига атаб қурилган эмиш. Бу ерда “Жин” сурасига аталган ҳужрада эса ҳеч ким ким яшамас эмиш.
Муаллиф билан суҳбатда бўлган, шу мадраса битирувчиси бўлмиш Бахтиёр исмли йигитнинг гувоҳлик беришича, бу афсона – бор гап.
Унинг айтишича, 90-йилларда араб давлатларидан биридан диний уламолар Мир Араб мадрасасига келишган. Улар ҳам “Жин” ҳужраси ҳафидаги ривоятни эшитиб кулишган. “Сизлар тоза тавҳидни билмайсизлар, бундай ирим сиримларга ишонманглар” дейишган. Кейин эса бу афсонанинг лғонлигини исботлаш учун атайлаб шу ҳужрада бир кеча тунаш истагини билдиришган.
Бахтиёрнинг гувоҳлик беришича, ярим тунда шу мадраса ётоқхонасида ухлаётган талабалар шовқин сурондан уйғониб кетишган. Дарров чиқиб қарашса, мадраса ҳовлисида бир тўда араблар оқ матога ўралиб олиб, “Ё вайлото, ё ҳайрато” дея бақириб, уёқдан буёққа довдираб югуриб юришган эмиш.
Кейинчалик улар биро ўзига келгач, воқеани айтиб беришади. Маълум бўлишича, араб меҳмонлар тунда ухлашга ётишган. Ярим тунда тўсатдан ҳужрада тўполон бошланган: каравотлар ўз ўзидан сурилиб кетган, устида ётган меҳмонларни ағдариб ташлаган. Эшик деразалар ўз ўзидан тарақлаб очилиб-ёпилаверган. Араблар аввал буни мадраса ходимлари ёки талалалари қиляпти деб ўйлашган. Аммо уйқулари ўчиб қарашса, хонадаги жиҳозлар ҳеч кимнинг қўлисиз ўз ўзидан уёқдан буёққа отилиб шовқин чиқараётган бўлган. Шундан сўнг улар даҳшатга тушиб, мадраса ҳовлисига қочиб чиқишган.

Қатағон қишлоғидаги улкан аждар
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида, Духчи қишлоғининг ёнида, Қашқадар дарёсининг соҳилида Қатағон деган қишлоқ жойлашган.
Бу ердаги эски афсона шу жарликка яқин қурилган товуқ фермаси билан боғлиқ. Айтишларича, товуқхона энигина қурилгач, юзлаб товуқлар олиб келингач, ходимлар товуқларнинг сони камайиб кетаётганини пайқашган. Аввалига тулки ёки шоқол олиб кетяпти, деб ўйлашган. Аммо бир куни тунда, қоровуллардан бири товуқхонанинг жарга ёндош девори яқинидаги ерлар ой нурида ялтираб ётганини кўради. Аввалига “ариқ очилиб, ерни сув босиб кетибди, ой нурида ялтираяпти” деб ўйлайди. Аммо сал яқинроқ борса, улкан бир илон - аждар кулча бўлиб ётган экан. Аждарнинг бир тутам оппоқ сочлари ҳам бор эди, дея гувоҳлик берган товуқхона қоровули. Қоровул баҳайбат ва семиз илонни кўриб, даҳшатдан қотиб, юра олмай қолади. Илон эса қоровулни пайқаб қолади, аммо унга зарар етказмасдан, секингина сирғалиб, жардаги ғорчалардан бирига кириб кетади.
Шаҳар афсоналари қандай туғилади?
Юқорида зикр этилганидек, Мотмен тарихи ягона мисол эмас. Шотландияда Лох-Несс махлуқи ҳақидаги ривоятлар бир асрдан зиёд вақтдан бери яшаб келмоқда. Шимолий Америкада Бигфут (Қор одам) ҳақидаги хабарлар ҳали-ҳамон учрайди. Лотин Америкасида эса Чупакабра ҳақидаги ҳикоялар миллионлаб одамларга таниш. Айримлар эса шаҳар остидаги канализацияларда тимсоҳлар яшайди, деб ишонади. Бу афсоналарнинг умумий жиҳати шундаки, уларнинг ҳар бири реал воқеалар, инсон тасаввури, оммавий ахборот воситалари ва оғзаки ривоятларнинг ўзаро қоришиб ккетиши натижасида шаклланган.
Бугун эса ижтимоий тармоқлар туфайли бундай афсоналар илгаригидан ҳам тезроқ тарқалмоқда. Бир неча соат ичида бир видеони миллионлаб одамлар кўриши мумкин. Агар ахборот ҳис-туйғуларга таъсир қилса, унинг ҳақиқий ёки ёлғонлиги кўпчилик учун иккинчи даражали масалага айланиб қолади.
Сирлар ҳамон барҳаёт
Қизиқ томони шундаки, шаҳар афсоналаои ҳар уанча илмий изоҳ бериб рад этилса ҳам йўқолиб кетмайди. Улар халқ оғзаки ижодидан жой олади.
Масалан, Мотмен ҳақидаги афсонага қизиқиш ҳозир ҳам сўнмаган. Пойнт-Плезант шаҳрида унга бағишланган ҳайкал ўрнатилган, махсус музей ташкил этилган ва ҳар йили минглаб сайёҳларни жалб қиладиган Мотмен фестивали ўтказилади. Бу эса бир қарашда маҳаллий воқеа бўлиб кўринган ҳодиса вақт ўтиши билан бутун дунё маданиятининг бир қисмига айланганини кўрсатади.
Бир нарса шубҳасиз: инсон ҳар доим сирларга ишонишни хоҳлайди. Чунки номаълумлик қўрқувни ҳам, қизиқишни ҳам уйғотади. Балки шунинг учун ҳам олтмиш йил аввал кичик шаҳарчада бошланган бу ҳикоя ҳалигача инсоният тасаввурини ўзига ром этиб келмоқда.
Албатта ҳозир юқоридаги шаҳар афсоналарининг ҳаммаси ҳам илмий жиҳатдан исботланмаган. Аммо уларнинг аҳамияти бошқа жиҳатдадир. Бу ҳикоялар халқнинг тарихи, дунёқараши, қўрқувлари ва орзу-умидларини акс эттиради. Шу боис шаҳар афсоналари нафақат қизиқарли ривоятлар, балки халқ хотираси ва маданий меросининг ҳам бир қисми сифатида қадрланади.
Абулфайз Сайидасқаров
