XXI аср "гладиаторлари": нега давлатлар ўз фуқароларининг хориждаги урушларда иштирок этишини тақиқламоқда?
Жангларда қатнашган шахс қурол билан муомала қилиш, диверсия амалга ошириш кўникмаларига эга бўлади, зўравонликка нисбатан руҳий барқарорлик ҳосил қилади, одам ӯлдириш ва қийнаш ҳамда талашдан ҳазар қилмайди, постравматик руҳий бузилишлар билан уйига қайтади.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Иордания ташқи ишлар вазири Сафадий билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида янги таклифини ошкор қилди. Бошқа давлатлардаги ҳарбий можароларда Озарбайжон фуқаролари ҳам борлигини тан олган вазир, яна бир бор ӯз мамлакати фуқароларини огоҳлантириб, бундай ҳаракатлар Озарбайжон қонунчилигини бузиш ҳисобланишини ва ҳатто фуқароликдан маҳрум этилишга ҳам олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Вазирнинг баёноти замонавий халқаро ҳуқуқнинг энг мураккаб масалаларидан бири — ёлланма жангчилик ва чет эл фуқароларининг урушларда иштирок этиши муаммосига яна бир бор эътибор қаратди. Айниқса, бу масала Россия—Украина уруши фонида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур можаро сўнгги ўн йилликларда турли мамлакатлардан келган ихтиёрийлар, собиқ ҳарбийлар, мафкуравий тарафдорлар ҳамда профессионал ёлланма жангчилар учун энг йирик жалб этувчи нуқталардан бирига айланди.
Янги уруш — эски ҳодиса
Ёлланма жангчилик инсоният тарихи давомида деярли барча урушларга ҳамроҳ бўлиб келган. Қадимги Миср ва Форс давлатларидаёқ ҳукмдорлар хорижлик жангчиларни ёллаган бўлса, ўрта асрларда Европа монархлари профессионал «омад аскарлари» хизматидан кенг фойдаланган. Италиялик кондотьерлар, швейцариялик найзабозлар ва немис ландскнехтлари давлат ёки ғоя учун эмас, балки пул эвазига жанг қилганлар.
Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро ҳамжамиятнинг ёлланма жангчиларга муносабати тубдан ўзгарди. Африкада мустамлакачиликдан озод бўлиш жараёнларида айнан хорижлик ёлланма жангчилар бир неча бор давлат тўнтаришлари, қуролли исёнлар ва қонуний ҳукуматларни ағдаришга жалб этилган. Бу эса халқаро ҳамжамиятни ёлланма жангчиликни халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолашга ундади.
Бугунги кунда «ёлланма жангчи» тушунчаси халқаро гуманитар ҳуқуқда мустаҳкамланган. 1949 йилги Женева конвенцияларига қўшимча I Протоколнинг 47-моддасига кўра, асосан моддий манфаат олиш мақсадида қуролли можарода иштирок этиш учун махсус ёлланган шахс ёлланма жангчи ҳисобланади. Бундай шахс можаро иштирокчиси бўлган давлатнинг фуқароси бўлмайди, унинг мунтазам қуролли кучлари таркибига кирмайди ҳамда комбатант ёки ҳарбий асир мақомига эга эмас. Яъни улар уруш қонунларида ва халқаро келишувларда белгиланган, айниқса асирга олинган аскарларга хос ҳуқуқлардан фойдалана олишмайди.
Шунинг учун ҳам дунёдаги кўплаб давлатлар ўз фуқароларининг хориждаги қуролли можароларда иштирок этишини миллий хавфсизликка потенциал таҳдид сифатида баҳолайди.
Давлатлар нега хорижда уруш кўрган фуқароларнинг қайтишидан хавотирда?
Сўнгги ўн йилликлар тажрибаси шуни кўрсатдики, хавф фақат фуқаронинг хориждаги урушда иштирок этишида эмас, балки унинг Ватанга қайтишида ҳам намоён бўлади.
Жангларда қатнашган шахс қурол билан муомала қилиш, диверсия амалга ошириш кўникмаларига эга бўлади, зўравонликка нисбатан руҳий барқарорлик ҳосил қилади, одам ӯлдириш ва қийнаш ҳамда талашдан ҳазар қилмайди, постравматик руҳий бузилишлар билан уйига қайтади. Уларнинг айримлари халқаро радикал тузилмалар билан алоқалар ўрнатади. Натижада уруш тугагач, бундай шахслар ички хавфсизлик, уюшган жиноятчилик ёки экстремизм учун хавф манбаига айланиши мумкин.
Айнан шу сабабли Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия ва ҳозирги Украина уруши ортидан кўплаб давлатлар ўз қонунчилигини сезиларли даражада кучайтирди.
Россия—Украина уруши муаммони янги босқичга олиб чиқди
Россия ва Украина ўртасидаги уруш Испания фуқаролар уруши давридан буён хорижлик жангчилар энг кўп иштирок этган можаролардан бирига айланди.
2022 йилда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг Украина Ҳудудий мудофаа кучлари таркибида Халқаро легион ташкил этилганини эълон қилди. Киев маълумотларига кўра, унга элликдан ортиқ давлатдан минглаб хорижликлар келиб қўшилган. Улар орасида АҚШ, Буюк Британия, Канада, Польша, Болтиқбўйи давлатлари, Австралия, Грузия ва бошқа мамлакатларнинг собиқ ҳарбийлари ҳам бўлган.
Россия томони ҳам ўз сафларида Сербия, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг, шаттоки Жанубий Американинг айрим давлатларидан келган хорижлик кўнгиллилар иштирок этаётганини маълум қилган. Шунингдек, халқаро оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Россия томонида чет эллик контрактчилар ҳамда иттифоқчи давлатлар жангчилари жалб этилгани ҳақида бир неча бор хабар берган.
Шу билан бирга, урушда иштирок этаётган барча хорижликларни юридик нуқтаи назардан ёлланма жангчи деб баҳолаб бўлмайди. Айримлар расмий равишда мамлакат қуролли кучлари таркибига қабул қилинган бўлса, бошқалари мафкуравий ёки сиёсий қарашлари туфайли жанг қилмоқда, яна бир қисми эса моддий манфаат учун қатнашади. Бази ривожланган давлатлар эса ӯз фуқароларигини таклиф этади. Россия томони қонунни бузган ҳамда жазони ӯтаётган хорижликларни пул ва фуқаролик бериш ваъдалари билан урушга фаол ёлламоқда. Шу боис ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқий мақомини алоҳида баҳолаш талаб этилади.
Озарбайжон ўз фуқароларини огоҳлантирмоқда
Шу нуқтаи назардан қараганда, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг баёноти алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг баёноти тасодифий эмас. Озарбайжон бир неча йилдан буён ўз фуқароларининг сиёсий қарашларидан қатъи назар, хориждаги қуролли тузилмаларда иштирок этишига мутлақо йўл қўйилмаслигини изчил таъкидлаб келмоқда. Мамлакат раҳбарияти буни миллий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири деб ҳисоблайди.
Собиқ иттифоқ ҳудудида деярли ягона ёндашув
СССР парчаланганидан кейин ташкил топган деярли барча давлатлар ёлланма жангчилик ёки фуқароларнинг хориждаги ноқонуний қуролли тузилмаларда иштирок этиши учун жиноий жавобгарлик белгилаган.
Мисол учун, Ӯзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси ёлланма жангчилик учун жавобгарликни назарда тутади. Шунингдек, ёлланма жангчиларни ёллаш, тайёрлаш, молиялаштириш ва улардан фойдаланиш ҳам жиноят ҳисобланади.
Қозоғистон Жиноят кодексида бир нечта модда орқали ҳам хориждаги қуролли можароларда иштирок этиш, ҳам фуқароларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган.
Қирғизистон ва Тожикистон қонунчилигида ҳам хориждаги қуролли тузилмаларда иштирок этиш учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.
Айни ӯзи хорижликларни урушга фаол ёллаётган Россия Жиноят кодексининг 359-моддаси ёлланма жангчиларни ёллаш, молиялаштириш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ёлланма жангчининг қуролли можарода бевосита иштирок этиши учун жавобгарлик белгилайди.
Украина қонунчилиги ҳам ёлланма жангчилик ва ноқонуний қуролли тузилмалар ташкил этиш учун жавобгарликни назарда тутади. Бироқ хорижлик кўнгиллиларнинг Украина Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиши алоҳида ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинади.
Энг қатъий ёндашувлардан бири айнан Озарбайжон қонунчилигида кузатилади. Унда жиноий жавобгарликдан ташқари, қонунда белгиланган ҳолларда фуқароликдан маҳрум қилиш механизми ҳам қўлланилиши мумкин.
Дунё бўйлаб қонунлар тобора қаттиқлашмоқда
Қатъий ёндашув фақат собиқ совет ҳудудига хос эмас. Масалан, АҚШда фуқароларга Америка билан тинч муносабатда бўлган давлатларга қарши қуролли ҳаракатларда қатнашиш ёки террорчилик ташкилотларига кўмаклашиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун оғир жиноий жавобгарлик белгиланган.
Буюк Британияда эса ҳанузгача 1870 йилги Foreign Enlistment Act (Хорижий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун) амал қилади. У Британия фуқароларига давлат рухсатисиз уруш ҳолатидаги хорижий армияларда хизмат қилишни чеклайди.
Францияда ҳам фуқаролар хорижий қуролли тузилмаларга миллий қонунчилик талабларига риоя қилмасдан қўшилиши мумкин эмас. Шунингдек, Сурия ва Ироқдаги қуролли можароларда қатнашган шахсларга нисбатан терроризмга қарши қонунчилик кенг қўлланилмоқда.
Айниқса, ИШИД террорчилик ташкилоти пайдо бўлиб, юзлаб европаликлар Сурияга жанг қилиш учун кетганидан кейин Европа давлатлари бу соҳадаги жиноий қонунчилигини янада кучайтирди.
Ёлланма жангчими, кўнгиллими ёки контрактчими?
Энг катта ҳуқуқий муаммолардан бири айнан ушбу тушунчаларни бир-биридан ажратишдир. Ҳар қандай хорижлик жангчи автоматик равишда ёлланма жангчи ҳисобланмайди. Агар шахс бошқа давлат қуролли кучлари таркибига расман қабул қилинган бўлса, унинг мунтазам армиясида хизмат қилса ва ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлса, халқаро ҳуқуқ уни ҳар доим ҳам ёлланма жангчи сифатида тан олмайди.
Бироқ агар унинг асосий мақсади молиявий манфаат бўлса ва у махсус ҳақ эвазига жанг қилиш учун ёлланган бўлса, унда унинг ҳуқуқий мақоми Женева конвенцияларида белгиланган «ёлланма жангчи» тушунчасига мос келиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ҳолат алоҳида ҳуқуқий баҳолаш керак.
XXI аср тенденцияси
Озарбайжон ташқи ишлар вазирининг баёноти кенгроқ глобал тенденцияни акс эттиради. Давлатлар ўз фуқароларининг хориждаги урушларда иштирок этишини энди шахсий танлов сифатида эмас, балки миллий хавфсизликка дахлдор масала сифатида баҳоламоқда.
Замонавий қуролли можаролар тобора халқаро тус олмоқда. Жанг майдонларида нафақат урушаётган давлатлар ҳарбийлари, балки турли мамлакатлардан келган минглаб хорижликлар ҳам сиёсий, мафкуравий, диний ёки молиявий сабабларга кўра иштирок этмоқда. Бу эса халқаро гуманитар ҳуқуқни қўллашни янада мураккаблаштириб, давлатлар олдига янги хавфсизлик вазифаларини қўймоқда.
Шу боис бугунги кунда ёлланма жангчиларни ёллашга қарши курашиш, уларни молиялаштириш ва тайёрлашнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларни хориждаги урушларда иштирок этиш оқибатлари ҳақида огоҳлантириш алоҳида давлатларнинг эмас, балки бутун дунёда шаклланаётган умумий хавфсизлик сиёсатига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжоннинг бу борадаги қатъий позицияси истисно эмас, балки XXI асрда кучайиб бораётган глобал ҳуқуқий ва сиёсий тенденциянинг ёрқин ифодасидир.
Абулфайз Сайидасқаров
