platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан учрашиб, унга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон раҳбари Қатар амирини ўзига қулай бўлган фурсатларда мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф этди. 

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан учрашиб, унга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш учун ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Лусаил саройида давлатимиз раҳбари Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди.

Мулоқот аввалида Президентимиз Қатар Амирига отаси – собиқ Амир Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафот этгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Шайх Ҳамад Ол Соний Ҳазратлари Қатар Давлати эришган кўплаб тарихий ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги жадал ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига улкан ҳисса қўшган сиёсат арбоби бўлгани таъкидланди.

Шу билан бирга, ул зотнинг мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдаги самарали меҳнатлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Президентимиз Қатар бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрин эгаллаётгани, халқаро майдонда катта таъсирга эга “Доҳа овози” пайдо бўлганини эътироф этди.

Икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали алоқаларни янги босқичга кўтариш, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилдилар.

Ўз навбатида, Қатар Амири Ўзбекистон Президентига ушбу синовли дамларда шахсан ташриф буюриб, билдирган самимий ҳамдардлиги ҳамда дўстона қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Қатар амирини ўзига қулай бўлган фурсатларда мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф этди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid