"Food City"нинг асоссиз оширган йиғими бекор қилинди
Бозор ҳудудига қадоқланган ва қадоқланмаган муз олиб кириш учун тўлов миқдори бир неча баробар оширилиб, бу орқали тадбиркорни бозордан сиқиб чиқаришга уринилаётгани қайд этилган.

Рақобат қўмитаси сўрови билан "Food City Tashkent" МЧЖнинг устун музокара кучидан фойдаланиб асоссиз оширган йиғими бекор қилинди.
Рақобат қўмитасига "Food City Tashkent" МЧЖ ҳудудида муз маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор мурожаат қилиб, бозор маъмурияти томонидан сунъий тўсиқлар яратилаётганини билдирган.
Хусусан, бозор ҳудудига қадоқланган ва қадоқланмаган муз олиб кириш учун тўлов миқдори бир неча баробар оширилиб, бир кун учун тўлов 737 минг сўм этиб белгилангани ҳамда бу орқали тадбиркорни бозордан сиқиб чиқаришга уринилаётгани қайд этилган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Қўмита томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, бозор маъмуриятига сўров юборилди.
Ишни кўриб чиқиш жараёнида ўтказилган мулоқотлар натижасида "Food city Tashkent" МЧЖ ҳамда тадбиркор ўртасида келишувга эришилди. Натижада мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилиб, асоссиз оширилган тўлов миқдори бекор қилинди.
Ушбу ўринда, Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъий назар барча устун музокара кучига эга субъектларни огоҳлантиради.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ёки нархни бир томонлама белгилаш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади. Устун музокара кучини суиистеъмол қилиш “Рақобат тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлади.
